Барчамизга маълумки, Қадр сураси Қуръоннинг нозил бўлиши, Қадр кечаси ҳақидадир. Барча сураларда бўлганидек, ушбу сурада ҳам эъжоз (ақлни лол қилиб, ожиз қолдирувчи нарса) бордир. Бу эъжоз шундан иборатки, ушбу сура Қуръоннинг жузъларига, сураларнинг ададига ишора қилади.
Қадр сурасидаги ҳарфларнинг сони 114 та бўлиб, Қуръони Кримдаги суралар сони ҳам 114 тадир. Қадр сурасидаги калималарнинг сони 30 та бўлиб, Қуръоннинг жузълари 30 тадир.
Қуйидаги жадвалда суранинг калималарини алоҳида-алоҳида қилиб тартиб билан териб чиқсак, уларнинг сони 30 та эканини кўрамиз.
Қуйидаги расмда эса ушбу айтилганлар ўз аксини топган бўлиб, калималарнинг рақами ҳар бир калима остига ёзилган бўлиб, 30 та калима борлиги, ҳарфларнинг рақами ҳар бир ҳарфнинг устига ёзилган бўлиб, 114 та ҳарф борлиги акс этган.
Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни ихлос билан ўқиб, ҳукмларига амал қилиб, ҳикматларини англаб, қалбларимиз покланиб, дунё ва охиратда нажот топувчилардан бўлишимизни насиб этсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур”, (Талоқ сураси, 2-оят).
Изоҳ:
- Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ояти кариманинг “чиқиш йўли” қисмини “дунё ва охиратдаги ҳар турли ташвишлардан уни қутқаради”, деб тафсир қилганлар.
- Али ибн Солиҳга кўра, “чиқиш йўли” Аллоҳ таолонинг ўша бандага ризқ бериш билан уни хушнуд этишидир.
- Калбий оятни бундай тафсир қилади: “Ким мусибат пайтида сабр қилиб, Аллоҳдан қўрқса, Парвардигор унга дўзах оташидан жаннат сари бир чиқиш йўли кўрсатади”.
- Абул Олия оятни: “Турли машаққат ва ташвишлардан чиқиш йўли”, дея шарҳлаган бўлса,
- Рабиъ ибн Ҳайсам: “Одамни сиқадиган ҳамма нарсадан унга чиқиш йўли кўрсатади”, шаклида тафсир қилган.
- Ҳусайн ибн Фазлга кўра, оят тафсири бундай: “Ким фарзларни адо этиш борасида Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ унга жазоланишдан қутулиш йўлини кўрсатади”.