28 апрель қорақалпоғистонликлар ҳаётида қувончли кун бўлди. Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида 21-24 апрель кунлари бўлиб ўтган «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» танловининг мутлақ ғолиби, Президент совғаси соҳиби Йўлдошбой Нуриддинов тантанали равишда кутиб олинди.
Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юрти вакиллари, шаҳар ва туман имом-хатиблари, нуронийлар, республиканинг барча ҳудудидан келган қалби Қуръонга ихлосли бўлган мухлислар иштирок этдилар.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Алеуов мусобақа ғолибини эришган ютуқлари билан табриклаб, юртбошимизнинг ёшларга бўлган эътибори, уларни илм олишга қизиқтириш учун яратилаётган имкониятлар, шароитлар, ташкил этилаётган ҳар хил йўналишдаги танловлар ҳақида сўз юритди.
Ундан кейин табрик сўзини Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин Баҳоуддинов давом эттириб, бу ютуқ бутун қорақалпоқ халқининг ютуғи эканини, муфтий ҳазратларининг қорақалпоқ элини чин юракдан табриклаганларини алоҳида айтиб ўтди.
Куннинг иккинчи ярмида Йўлдошбой қори Нуриддинов ўзи ўқиб таълим олган даргоҳ – Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртига борди. Илмнинг сир-синоатларини ўргатган устозлари ва мадраса талабалари билан учрашиб, мусобақа таассуротлари, иштирокчи қорилар ва бугунги кунда мадрасадаги таълим жараёни ҳақида суҳбатлашди.
Байрам қувончлари давом этиб, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётининг ташаббуси ва сайъ-ҳаракатлари ила республика имом-хатиблари, мадраса устозлари, шаҳар ва тумандан келган барча ихлосмандлар Йўлдошбой Нуриддинов туғилиб ўсган Тахиоташ тумани «Кенегес» овулига ташриф буюрдилар. Қуръонга бўлган муҳаббатини бутун дунёга кўрсата олган оддий овул боласини кутиб олишга тайёргарлик ишлари козиёт томонидан аъло даражада ташкиллаштирилиб халкга ош тарқатилди. Йўлдошбойнинг бу ютуғидан ҳамманинг қувончи чексиз бўлди.
Барча учрашув ва тадбирларда Йўлдошбой таълим олаётган Олий маъҳад домлалари, Йўлдошбойнинг севимли устозлари Жаҳонгир қори билан Аҳмаджон қорилар ҳам иштирок этиб қорақалпоқ халқининг хурсандчилигига шерик бўлдилар.
Юсуф САБУРОВ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.