Бундан аввал меҳнат мигрантлари рус тили бўйича имтиҳонни ва суғурта тўловларини бевосита Россияда амалга ошириш керак бўлган. Энди буларни ҳаммасини Ўзбекистонда амалга ошириш мумкин.
Ўзбекистон Россияда меҳнат мигрантларига патент расмийлаштириш жараёнида керакли бўлган рус тили бўйича сертификат олиш ва суғурта тўлови билан боғлиқ бўлган барча масалаларни ҳал қилинди.
“Биз бу босқичда патент олишда керак бўлган рус тили бўйича сертификатни олиш муаммосини ҳал қилишга эришдик. Ҳозир бу жараён ишга туширилиб, биз бу сертификатларни ўзимиз бера оламиз. Шунингдек, биз Россияга келиш ва патент олиш учун зарур бўлган суғурта масаласини ҳам ҳал қилдик”, — деб таъкидлади Sputnik таҳририятига Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили.
Ҳозирги вақтда яна бир муҳим масала — Ўзбекистонда берилган тиббий ҳужжатларни Россияда амал қилишини таъминлаш масаласини ҳал қилиш бўйича иш олиб борилмоқда.
“Бунинг учун Россия томонидан билдирилган бир нечта талабларни бажариш керак. Бу оддий жараён эмас. Агар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни амалга ошира олса, ўйлайманки, яқин вақтларда бу масалани ҳам ҳал қила оламиз”, — деди суҳбатдош.
Бундан ташқари, республика бўйлаб меҳнат мигрантлари учун рус, инглиз, немис, корейс тилларини ўрганиш ҳамда керакли бўлган касблар (сваркачи, қурувчи) бўйича бепул ўқув курслар очилмоқда.
Агентлик вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда бу ўқув курслар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадагилар учун бепул ташкил қилинган. Шунингдек, бу ерда рағбатлантириш тизими ҳам бор, агар икки ойлик ўқув курси якунида ўқувчи яхши натижаларни кўрсатса, у учинчи ойга ҳам қолади.
Кеча, 14 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Финландия мусулмонлари жамияти имоми Рамил ҳазрат Беляев бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Фин юртининг дин пешволари айни кунларда мамлакатимизда кенг нишонланаётган 16 ноябрь – "Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Финландия ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, ўтган ойда Финляндия Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни янги босқичга кўтаргани, айниқса, ижтимоий-иқтисодий, таълим, илм-фан, маданият, туризм соҳаларида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, хусусан, ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияcининг Финландияга сафари жуда ҳам самарали кечганига урғу берилди.
Финландия делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик борасидаги ишларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув самимий руҳда ўтиб, томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати