Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июл, 2025   |   11 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:13
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
06 Июл, 2025, 11 Муҳаррам, 1447

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи)

26.04.2018   8315   3 min.
Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи)

Мовароуннаҳрда биринчи бўлиб азон айтган тобеин:

 

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Неъматлар учун Аллоҳга ҳамд айтган ва қилган гуноҳи учун истиғфор сўраган банда ҳалок бўлмайди”.

 

Машҳур тобеин муфассир ва муҳаддис ҳамда гўзал қироат соҳибларидан бири Абул Олия Руфай ибн Миҳрон Риёҳий Басрий Басра (ҳозирги Ироқдаги йирик шаҳарлардан бири)да дунёга келди. Шу ерда ўсиб-улғайди ва вояга етди. Ёшлигидан илму ирфонга чексиз муҳаббат қўйди.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик вақтларида ёш бўлган. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) даврларида Исломга кирган. Бироқ тобеин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кўриша олмагани учун бир умр афсусда ўтди. Шу боис, у Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари билан кўпроқ бирга бўлишга интиларди. Уларни жуда ҳурмат қилар, саҳобалар ҳам уни яхши кўрар эдилар. Бир куни Анас (розияллоҳу анҳу) қўлидаги олмани Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи)га берганида: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларини ушлаган қўл теккан олма”, деб олмани ўпа кетди.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Ҳазрат Али, Ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ибн Умар, Убай ибн Каъб, Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳум) каби саҳобалардан дарс олди, улардан ҳадис тинглади. Чунончи, у қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг билимдони эди. Абу Бакр ибн Довуд: “Қуръонни энг яхши биладиганлар орасида саҳобалардан кейин Абул Олиядан ўтадигани йўқ”, деб таърифлайди.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларини бирор биладиган киши борлигини билса, масофа қанча узоқ ёки бориш қийин бўлмасин, албатта туясини миниб йўлга тушарди. Ҳадис ўрганишдан аввал ровийнинг намоз ўқишини кузатарди. Агар намозини тўла-тўкис адо этса, у кишини устоз тутиб, ривоятларини ёзиб оларди, аммо намоз арконларини жойига келтириб адо этмаса: “Намозга бепарво бўлган одам бошқа ибодатларга бунданда бепарво бўлади”, деб қайтиб кетарди.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) талабаларга дарс берарди. Уларга: “Билмаган нарсангизни сўраб ўрганинг. Чунки уятчанг ва мутакаббир илм эгалла олмайди. Уятчанг сўрашдан уялиб сўрай олмаса, мутакаббир кибру ҳавоси сабаб сўрамайди”, дер эди.

Шунингдек, тобеин шогирдларига Қуръон ёдлашнинг қулай йўлини тушунтириб: “Қуръонни беш оятдан ёдланглар. Шунда осонроқ ёдлаб, яхшироқ тушунасизлар”, деган.

Ривоятларга кўра, Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳ) Мовароуннаҳр ўлкасида биринчилардан бўлиб азон айтган шахс ҳисобланади. 

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) ҳузурига келган меҳмонларини самимий кутиб олар ва: «Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: Сизларга салом (саломатлик)!» (Анъом сураси, 54-оят) оятини тиловат қиларди.

Буюк тобеин милодий сананинг 712 йили вафот этди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълим муассасаларига кириш имтиҳони қайси фанлардан ўтказилади?

04.07.2025   4405   2 min.
Диний таълим муассасаларига кириш имтиҳони қайси фанлардан ўтказилади?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими жорий йилда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш учун абитуриентлар қайси фанлар бўйича ижодий имтиҳон ва тест синовлари топширишини маълум қилади: 

Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва Имом Термизий номидаги ислом институтида:
Араб тили (тест синови) 30 х 3,1 – 93 балл;
Фиқҳ ва ақоид (тест синови) 30 х 2,1 – 63 балл;
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 х 1,1 – 33 балл.

Ҳадис илми мактабида:
Араб тили (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;
Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (оғзаки, ижодий имтиҳон) – 63 балл;
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.

Ўрта махсус диний таълим муассасаларида:
Хорижий тил (тест синови) 30 х 3,1 – 93 балл;
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 х 2,1 – 63 балл;
Маънавият ва маърифат (тест синови) 30 х 1,1 – 33 балл.

Тошкент ислом институти магистратура босқичида:
Теология (Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва Мотуридийлик таълимоти): 
Ақоид, Ислом фалсафаси (ижодий имтиҳон) – 100 балл;
Хорижий тил (араб ёки инглиз тилидан тест синови) – 25 х 2 – 50 балл. 

Теология (Ҳадис илмлари): 
Ҳадис, Мусталаҳул-ҳадис (ижодий имтиҳон) – 100 балл 
Хорижий тил (араб ёки инглиз тилидан тест синови) – 25 х 2 – 50 балл

Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимида: 
Танлов тест синови шаклида ўтказилади:
- ихтисослик фанлар мажмуаси (Қуръони карим ва тажвид, ҳадис, фиқҳ, ақоид) 35 x 2,1 – 73,5 балл.
- ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуаси (Ўзбекистон тарихи, Маънавият асослари, Миллий ғоя) 25 x 1,1 – 27,5 балл.

Имтиҳон ўтказиладиган вақт ва ҳудудлар бўйича қўшимча маълумот берилади. 

2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz телеграм саҳифасида кузатиб боринг. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
 

Ўзбекистон янгиликлари