Cавол: Тобут ортидан юриш афзалми ёки олдидами? Шунга боғлиқ масалаларни баён қилсангиз.
Жавоб: Тобут ортида юриш афзалдир. Тобутнинг ўнг ёки чап томонида юрилмайди (“Фатҳул-қадир”).
Вафот этган киши қўшни, қариндош ёки яхшилиги билан танилган инсон бўлса, унинг тобути ортидан бориш нафл ибодатдан афзалдир (“Баҳрур-роиқ”).
Бирор уловда тобутнинг ортидан бораётган киши ундан ўтиб кетиши макруҳдир (“Фатовойи Қозихон”).
Тобут ортидан бораётганлар жим, сўзлашмай боришлари лозим. Овозларини чиқариб Қуръон ўқишлари ва зикр қилишлари макруҳ.
Зикр қилишни хоҳлаган киши ичида зикр қилиши мумкин (“Шарҳи Таҳовий”; “Фатовойи Қозихон”).
“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Ғафлатда қолманг! Эртага Ашуро куни: Рўза тутишни ва оилангизга кенгчилик қилишни унутманг!
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси Аллоҳдан умид қиламанки бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Ашуро куни яқинларга кенгчилик қилиш – бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Даврон НУРМУҲАММАД