Бир куни халифа Умар йўлда бораётиб, бир тўп болалар ўйнаб турганини кўрибди. Халифани кўриб, болалар ҳар томонга қочиб кетибдилар. Фақат бир бола қочмай тураверибди.
– Нимага сен қочиб кетмадинг? – деб сўрабди халифа ундан.
Болакай жавоб берибди:
– Эй, мўминлар амири, нима учун қочаман? Ахир сиз золим эмассиз, мен ўғри эмасман-ку. Айби йўқ одам қочиб нима қилади.
Халифа Умар боланинг зийраклигига қойил қолибди ва уни ўз тарбиятига олибди. Бу бола кейинчалик машҳур лашкарбоши бўлиб етишган Абдуллоҳ ибн Зубайр экан.
Ҳаким Абдулмажид Маждуд бинни Одам Саноийнинг
“Ҳадойиқ ул-ҳақойиқ” асаридан
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати