Шаръий мусофирнинг зиммасига Жумъа фарз бўлмасдан, бошқа кунлардагидек, Пешин намозини ўқиш фарздир. Шунинг учун мусофир бирор шаҳарда ўн беш кун туришни ният қилмаган бўлса, Жумъа фарз бўлмайди. Лекин Жумъа намозида имомлик қилаётган одамга иқтидо қилса, зиммасига фарз бўлган Пешин намози соқит бўлади. Агар ўн беш кундан кўп туришни ният қилган бўлса, унга худди шаҳарликларга фарз бўлганидек, Жумъани ўқиш фарздир.
Юқорида «Мусофирга Жумъа фарз бўлмайди. Лекин Жумъа намозини ўқиётган имомга иқтидо қилса, зиммасига фарз бўлган Пешин намози соқит бўлади», деган эдик. Агар мусофир Жумъа намозида имом бўлиши керак бўлиб қолса, иқтидоси жоиз бўлганидек, имомлиги ҳам жоиздир.
أَنَّ الْمُسَافِرَ لَمَّا الْتَزَمَ الْجُمُعَةَ صَارَتْ وَاجِبَةً عَلَيْهِ، وَلِذَا صَحَّتْ إمَامَتُهُ فِيهَا.
«Мусофир жумъа (намози)ни ўқишни лозим тутса, жумъа уни зиммасига вожибга айланади ва уни имомати саҳиҳ бўлади» (Раддул мухтор).
Агар мусофирлар Жумъа жоиз бўлмаган жойларда «Жумъа қаср билан баробар», деб ўйлаб, Жумъа ўқишса, қайтадан пешин намозини ўқийдилар.
قُلْتُ أَرَأَيْتَ مُسَافِرًا صَلَّى بِقَوْمٍ مُسَافِرِيْنِ وَنَوَى الْجُمُعَةَ وَنَوَى الْقَوْمُ ذَلِكَ قَاَل لا تُجْزِيهِمْ وَعَلَيْهِمْ أَن يُصَلُّوا الظُّهْرَ قُلْتُ لم قال لأَنَّهُمْ لَمْ يَنْوُوا الظّهْرَ وَ إِنَّمَا نَوَوا الْجُمُعَةَ فَلا تُجْزِيهِمْ مِنَ الْجُمُعَة لأَنَّهُمْ مَعَ غَيْرِ إِمَامٍ فِي غَيْرِ مِصْرَ.
«Мусофир мусофир қавмга имом бўлиб, жумъани ният қилса, қавм ҳам ўшани ният қилса, нима бўлади» дедим. «Жоиз бўлмайди ва пешин намозини ўқишлари лозим бўлади» деди. «Нимга» дедим. «Чунки, пешинни ният қилмай жумъани ният қилдилар ва шу билан бир қаторда мисрдан ташқарида ва имом билан бирга эмаслар» деди» (Мабсут)
Бирор сабаб билан Жумъа намозига иқтидо қилган мусофирнинг намози фосид бўлса, қайта қўшилишга улгурса, «Жумъа» деб қўшилади, улгурмаса, пешин намозини қаср қилиб ўқийди.
Шу ҳолат муқим кишида воқеъ бўлса, айтайлик, мусофир тушган жойида пешинни ўқиб, масжидга келса, жумъа ўқилаётган экан, бунинг ҳукми иккитадир:
Намоз ботил бўлган ҳолатларда ўша намозни қайта ўқиш зарур бўлиб, аввалги намози нафлга айланади.
Мусофир одам жумъа куни пешинни масжидларда жамоат жумъани ўқиб бўлганидан кейин ўқиши мустаҳаб, олдин ўқиши эса макруҳи танзиҳийдир.
إنْ أَدَّى الظُّهْرَ ثُمَّ سَعَى إلَى الْجُمُعَةِ فَأَدْرَكَهَا مَعَ الْإِمَامِ بَطَلَ ظُهْرُهُ سَوَاءٌ كَانَ مَعْذُورًا كَالْمُسَافِرِ وَالْمَرِيضِ وَالْعَبْدِ أَوْ غَيْرِهِ وَإِنْ لَمْ يُدْرِكْهَا فَإِنْ خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ وَالْإِمَامُ فَرَغَ مِنْهَا لَا يَبْطُلُ إجْمَاعًا وَإِنْ خَرَجَ مِنْ بَيْتِهِ وَالْإِمَامُ فِيهَا فَقَبْلَ أَنْ يَصِلَ إلَيْهِ فَرَغَ مِنْهَا بَطَلَ ظُهْرُهُ عِنْدَ أَبِي حَنِيفَةَ - رَحِمَهُ اللَّهُ تَعَالَى - خِلَافًا لَهُمَا وَإِنْ خَرَجَ لَا يُرِيدُ الْجُمُعَةَ لَا يَبْطُلُ إجْمَاعًا، كَذَا فِي الْكَافِي.وَإِنْ سَعَى إلَى الْجُمُعَةِ وَكَانَ سَعْيُهُ مُقَارِنًا لِفَرَاغِهِ لَا يَبْطُلُ هَكَذَا فِي التَّبْيِينِ
«Пешинни ўқиб, жумъага отланса ва имом билан у (жумъа)ни ўқиса, мусофир, касал, қул ва шу кабилар сингари узурли бўлса ҳам (ўқиган) пешин намози ботил бўлади. Агар етиб келмаса, яъни (ҳисоблаб қараса) уйидан чиққанида имом жумъани ўқиб бўлган бўлса, ижмоан (ўқиган пешин намози) ботил бўлмайди. Агар уйдан чиққанида имом ун (жумъа намози)да бўлса ва (имомга) етиб келишидан олдин (имом) у (жумъа)ни тугатса, иккалаларига хилоф ўлароқ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ наздиларида (ўқиган) пешн (намоз)и ботил бўлади. Агар уйдан жумъани ният қилмай чиқса, ижмоан ўқиган пешини ботил бўлмайди. «Кофий»да шундай дейилган. Жумъага отланаётган вақтда (имом жумъани) тугатса, ўқиган пешини ботил бўлмайди. «Табйийн»да шундай дейилган» (Мабсут).
Жумъа ўқиладиган жойларда жумъа куни пешинни жамоат бўлиб ўқиш эса мусофир учун макруҳи таҳримийдир.
(وَكُرِهَ) تَحْرِيْمًا (لِمَعْذُورٍ وَمَسْجُونٍ) وَمُسَافِرٍ (أَدَاءُ ظُهْرٍ بِجَمَاعَةٍ فِي مِصْرٍ) قَبْلَ الْجُمُعَةِ وَبَعْدَهَا.
«Мусофир, маҳкум ва узурли кишилар жумъадан олдин ёки кейин шаҳарда жамоат билан пешин ўқишлари макруҳи таҳримийдир» (Раддул мухтор).
Манба: Fiqh.uz
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Оқил хато қилса – афсусланади, аҳмоқ хато қилса – сафсата сотади.
Бу икки мисра инсон табиати, унинг маънавий даражаси ва ҳаётга муносабатини жуда теран ифода этади. Хато – инсон зотига хос. Аммо уни қандай қабул қилиш ва ундан қандай хулоса чиқариш – ҳар кимнинг ақли ва қалбига боғлиқ.
Ислом таълимотида ҳам хато қилиш айб эмас, балки ундан тавба қилмаслик ва сабоқ олмаслик айб экани таъкидланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва покланувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 222-оят).
Бу оятда инсоннинг хатодан қайтиши, афсусланиб, ўзини тузатиши Аллоҳ наздида қадрли экани очиқ баён этилган. Демак, оқил инсон хато қилганда уни тан олади, қалбида надомат туғилади ва тўғри йўлга қайтишга ҳаракат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Барча одам боласи хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшилари – тавба қилувчиларидир” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадис инсоннинг комиллиги хатосизликда эмас, балки хатодан кейинги ҳолатида эканини кўрсатади. Оқил киши ўз айбини тан олиб, уни тузатишга интилса, аҳмоқ эса ўз хатосини оқлаш, ҳатто уни ҳақиқат деб кўрсатишга уринади.
Халқимизда шундай мақол бор: “Айбини билган – донишманд, айбини яширган – нодон”. Бу ҳикматли сўзлар юқоридаги фикрларнинг халқона ифодасидир. Чунки айбини тан олган инсон ўзини тарбия қилиш имконига эга бўлади. Айбини инкор этган эса ўз камчилиги билан яшашда давом этади. Яна бир ҳикматда айтилади: “Нодоннинг тили узун, ақллининг эса йўли узун”. Аҳмоқ инсон кўп гапиради, баҳона топади, сафсата сотади. Аммо оқил инсон ортиқча сўздан қочиб, амал билан ўзини исботлайди.
Хато бу – йиқилиш эмас, балки туриш учун берилган имкониятдир. Оқил инсон ҳар бир хатосини ўқитувчи деб билади. У ўзини таҳлил қилади, камчиликларини англайди ва янада мукаммал бўлишга интилади. Аҳмоқ эса хатосини тан олмасдан, бошқаларни айблаш билан овора бўлади. Шу боис, ҳар биримиз ўз нафсимизни сўроққа тутишни ўрганишимиз лозим. Чунки ҳақиқий камолот – ўз хатоларини тан олиш ва улардан сабоқ чиқаришдадир. Ҳаёт йўлида адашмаслик учун инсонга ақл, виждон ва тавба эшиги берилган. Бу эшикни оча билган инсон – бахтли инсон.
Хулоса қилиб айтганда, оқиллик – хатосизликда эмас, балки хатодан тўғри хулоса чиқаришдадир. Аҳмоқлик эса – хатони тан олмаслик ва уни сафсата билан беркитишдир. Инсонни улуғлайдиган нарса – унинг тавозеси ва ўзини ислоҳ қилишга бўлган интилишидир.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.