Маьлумки,мўмин-мусулмонлар беш маҳал фарз намозлари билан бирга Суннат намозларини ҳам ўқишади. Суннат намозлар муаккада ва ғайри муаккадага бўлинади, яьни таькидланган ва таькидланмаган суннатлар. Муаккада суннатлар ҳукм жиҳатдан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бардавом бажарганлари учун вожибга яқин мақомда туради. Уларга бепарволик қилиш мумкин эмас.
Ҳанафий мазҳабимиз фиқҳий матнларида ёзилишига кўра, фарз намозлари билан ўқиладиган таькидланган суннатлар қуйидагилардир:
-бомдод фарзидан олдин икки ракат;
-пешиннинг фарзидан олдин олдин тўрт ва фарзидан кейин икки ракат;
-шомнинг фарзидан кейинги икки ракат;
-хуфтоннинг фарзидан кейинги икки ракат;
-жума намозидан аввал тўрт ва кейин тўрт ракат;
Энг кучли суннат намозларидан бири-бомдоднинг 2 ракат суннатдир. ("Фатовои Оламгирия"ва"Ат-Табйин"китоблари).
Ҳанафий мазҳабимизга кўра, Жума намозидан аввал ўқиладиган тўрт ракат Суннат намози ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар мавжуд. Жумладан: Яъни, Ибн Масьуд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтади: "Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар Жума намозидан аввал тўрт ракат ва ундан кейин тўрт ракат намоз ўқир эдилар".(Имом Термизий ривояти).
Қуйидаги машҳур ҳадисга Ҳанафий мазҳаб имомлари шарҳ ёзганларида хулосаларига Жума намозидан аввалги тўрт ракат суннати ҳам қўшганлар.
Яъни, Умму Ҳабиба розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у айтади: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим:"Ким бир кеча-кундузда ўн икки ракат намоз ўқиса, жаннатда Ушбу намозлари учун бир уй бино қилинади". Имом Термизий бу ҳадисга зиёда қилиб:"Пешиндан аввал тўрт ракат, ундан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, хуфтондан кейин икки ракат ва бомдоддан аввалги икки ракат(суннат)намозларидир",деб айтганлар. (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Ушбу ҳадисга суяниб Имом Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам бир кеча кундузда ўн икки ракат намоз таькидланган суннат бор: "Улар бомдоднинг икки ракат, пешиндан олдинги тўрт ракат ва пешиндан кейинги икки ракат, шомдан кейинги икки ракат ҳамда хуфтондан кейинги икки ракат. Шунингдек, Жумадан олдин тўрт ва кейин тўрт ракат, Рамазонда хуфтондан кейин ўн салом билан ўқиладиган йигирма ракатли таровеҳ намозлари", деб санаб ўтганлар ("Ал-ашбаҳ ван-назоир" китоби).
Демак, юқорида келтирилган Ҳанафий мазҳабимизнинг машҳур фиқҳий китоблари ва келтирилган баьзи саҳиҳ ҳадислардан хулоса қилиб, мазҳаб олимларимиз наздида Жума намозидан аввалги тўрт ракатли Суннат муаккада Суннат намозлар қаторига киради. Гоҳида масжидларимизда мана шу суннатни қасддан тарк қилаётган кишиларни кўрамиз.
Ваҳоланки, улар нотўғри тушунча сабабли суннати муаккадани тарк қилмоқдалар. Бу даражадаги суннатларни узрсиз тарк қилинмайди. Акс ҳолда, дунё ва охиратда маломатга қолинади.
Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.