Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Октябр, 2025   |   27 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:21
Қуёш
06:39
Пешин
12:13
Аср
15:53
Шом
17:40
Хуфтон
18:52
Bismillah
19 Октябр, 2025, 27 Рабиъус сони, 1447

Ўзбегим тожик билан

10.03.2018   8188   3 min.
Ўзбегим тожик билан

Ўзбек ва тожик халқларининг азал биродарлиги, қуда-андаю қариндошлиги ҳам ўзларини ўраб турган она табиатдан улгу олгандек гўё! Улуғ Ҳисор тизмаларида жимирлаб эриган қорлар Помир тоғларининг кифтидан йўлга тушган ойдин булоқларга қўшилиб Амударё деган шаштли дарёни бунёд этади. 

Ўзбек билан тожик икки тилда сўзлашадиган битта миллатдир, деган нақл ҳам бежиз пайдо бўлмаган. Дини, қадриятлари, энг кичик иримларидан тўйу маракалардаги маросимларигача бир-бирига уйғун бўлган бу халқлар Марказий Осиёнинг энг сўлим манзилларида яқин қўшни бўлиб яшашлари ҳам бежиз эмас. 

Қуйида ўзбек адабиётининг икки забардаст шоирининг қаламига мансуб бўлган шеърлар ҳам ана шу қадим муҳаббатнинг меваси ўлароқ туғилган бўлса неажаб. 

ЎзА

                                                                                                                                     

Абдулла Орипов

Ўзбекистон халқ шоири


Ўзбегим тожик билан 

Дўсту қардошдир азалдан 
Ўзбегим тожик билан, 
Иккиси бир байт ғазалдан 
Ўзбегим тожик билан. 
Қай йўсин айлай қиёс мен 
Бул ширин дўстлик сўзин, 
Тотлидир болдан, асалдан, 
Ўзбегим тожик билан. 
Бахтга ёр доим Навоий 
То Жомий бор экан, 
Биз улар қўйган тамалдан, 
Ўзбегим тожик билан. 
Фаҳм этиб боқсанг агарда, 
Биз қўша сайёрамиз, 
Бу Али сўзлар Зуҳалдан, 
Ўзбегим тожик билан. 
Бир эгатнинг боши сену 
Бир эгатнинг боши мен 
Ер экиб тинмас ҳамалдан 
Ўзбегим тожик билан. 
Бул қадрдон икки дўстга 
Ҳоҳишимдир то абад 
Топса бир маъно масалдан, 
Ўзбегим тожик билан. 

 

Эркин Воҳидов

Ўзбекистон халқ шоири



Тожик биродаримга 

Биз икки ёндош элга, 
Қариндош, қондош элга, 
Жондош, имондош элга, 
Фарзанд бўламиз, дўстим. 

Шажарада томирмиз, 
Тиёншонмиз, Помирмиз, 
Нечун ўздан тонурмиз, 
Баланд бўламиз, дўстим. 

Беруний, Ибн Синога, 
Жомийдек пок сиймога, 
Навоийдек даҳога, 
Дилбанд бўламиз дўстим. 

Ширу шакар азалдан, 
Тотли бизга асалдан, 
Бир байт каби ғазалдан, 
Пайванд бўламиз, дўстим. 

Қонлар олуд еримиз, 
Ёв кўксида тийримиз, 
Биримиз ўқ, биримиз— 
Каманд бўламиз, дўстим. 

Ўртамизга кўп нифоқ, 
Солмоқ бўлдилар бироқ, 
Асли биз эт ва тирноқ— 
Монанд бўламиз, дўстим. 

Бир заминда дон экиб, 
Бир Ватанда жон чекиб, 
Дўст ғамига қад эгиб, 
Дардманд бўламиз, дўстим. 

Биз хуш ният меъморлар, 
Қулаб эски деворлар, 
Яйраса дўсту ёрлар, 
Хурсанд бўламиз, дўстим. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мажлисда бажариладиган суннатлар

16.10.2025   2791   4 min.
Мажлисда бажариладиган суннатлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Ушбу дуони ўқиш:

رب اغفر لي وتب على إنك أنت التواب الرحيم

“Роббиғфирлий ва туб алаййа иннака анта ат-таввабур роҳийм”

Абдуллоҳ ибн Умар айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мажлисда: “Роббим, мени кечиргин, тавбамни қабул қилгин. Албатта, Сен тавбаларни кўп қабул қилгувчи ва раҳмли зотсан” деганларини юз марта санар эдик» (Имом Бухорий ривояти).

 

2. Мажлисни Аллоҳнинг зикри билан бошлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бир қавм бирор мажлисга ўтирса-ю, унда Аллоҳни эсламаса, мана шу мажлисини қиёмат кунида хасрат ва надомат эканини кўради” (Имом Аҳмад ривояти).

 

3. Яхши ҳамсуҳбатни танлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бир инсон кимни дўст тутаётганига қарасин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

4. Мажлисга кирганда ва кетаётганда салом бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин. Агар ўтиришга фурсат бўлса, ўтирсин. Қачон мажлисдан турса, салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан кўра ҳалироқ эмас[1]”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

 

4. Қўл бериб кўришиш. Расулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи васаллам: “Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, Аллоҳга ҳамд айтиб, истиғфор айтса, уларнинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

5. Мажлисга келиб ўтирганида икки одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтирмаслик. Расулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи васаллам: “Икки кишининг орасига уларнинг изнисиз ўтирилмайди”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

6. Ўтирган кишини ўрнидан турғизмаслик. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини турғизиб ўрнига ўтиришдан қайтардилар”.

 

7. Чап қўлни орага қилиб, ерга таяниб ўтирмаслик. Умар ибн Шарик айтади: “Чап қўлимни орқага қилиб ерга таяниб ўтирганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан ўтиб қолдилар ва: “Устига ғазаб тушганларни ўтиришидай ўтирмагин”, дедилар.

 

8. Мажлисга келганда бўш жойга ўтириш. Жобир ибн Сумра розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига кирсак, мажлиснинг охири қаерда бўлса, ўша ерга ўтирар эдик”.

 

9. Мажлисда уч киши бўлса, ундаги икки киши учинчи одам олдида пичир-пичир қилмаслик. Бундай ҳолатда, учинчи одам мен ҳақимда гаплашишяпти деган гумонга боради. Бундай қилиш одобсизлик саналади.

 

10. Одамларнинг гапини пойламаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир қавм гаплашётганида уларнинг гапига қулоқ солиб турса, ваҳолангки, улар буни эшитишини хоҳламаётган эдилар. Бундай одамнинг қулоғига қиёмат кунида қўрғошин қуйилади”, (Имом Бухорий ривояти).

 

11. Мажлисдан бир киши бирор ҳожати учун ўрнидан туриб мажлисдан чиқса, қайтиб келгач, ўша жойга ўтирадиган энг ҳақли одам унинг ўзидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз мажлисдаги жойидан турса, сўнгра қайтиб келса, шу жойга бошқалардан кўра ҳақлироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

12. Мажлис омонатини сақлаш. Мажлисдаги гапларни ташқарига олиб чиқмаслик.

 

13. Мажлисдан туришда ушбу зикрни айтиш:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، أَشْهَدُ أَنَّ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ، أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

“Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду анла илаҳа илла анта астағфирука ва атубу илайка”

“Аллоҳим! Сени Сенга ҳамд айтган ҳолимда поклаб ёд этаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сендан кечиришингни сўрайман ва Сенга тавба қиламан”.

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишни тугатиб, мажлисдан турсалар: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду анлаа илаҳа илла анта астағфирука ва атубу илайка”, деб айтардилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД


[1] Яъни биринчи салом қанчалик муҳим бўлса, иккинчиси ҳам шунчалик муҳимдир.