Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июл, 2025   |   8 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:55
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
03 Июл, 2025, 8 Муҳаррам, 1447

02.03.2018 й. Фирибгарлик – оғир жиноят

26.02.2018   5901   7 min.
02.03.2018 й. Фирибгарлик – оғир жиноят

بسم الله الرحمن الرحيم

ФИРИБГАРЛИК – ОҒИР ЖИНОЯТ

Муҳтарам биродарлар! Кейинги вақтларда жамиятимизда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, хусусан фирибгарлик жинояти тез-тез содир бўлиб турмоқда. Аждодлари дину диёнат, ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликка одатланган ўзбек халқининг авлодларидан мазкур жиноятга қўл ураётганларнинг учраши ачинарли ҳолдир. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган: 

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

 (سورة البقرة/188)

яъни: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).

 Фирибгарлик жинояти молни ботил йўл билан ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол оташи дўзахнинг бир бўлаги ҳисобланади.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз )с.а.в.( қуйидагича марҳамат қиладилар:

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ سَمِعَ خُصُومَةً بِبَابِ حُجْرَتِهِ فَخَرَجَ إِلَيْهِمْ فَقَالَ:"إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ وَإِنَّهُ يَأْتِيْنِي الخَصْمُ فَلَعَلَّ بَعْضُكُمْ أَنْ يَكُونَ أَبْلَغَ مِنْ بَعْضٍ فَأَحْسِبُ أَنَّهُ صَادِقٌ فَأَقْضِي لَهُ بِذَلِكَ فَمَنْ قَضَيْتُ لَهُ بِحَقِّ مُسْلِمٍ فَإِنَّمَا هِيَ قِطْعَةٌ مِنَ النَّارِ فَلْيَأْخُذْهَا أَوْ لِيَتْرُكْهَا"

(رواه الامام البخاري)

яъни: Пайғамбар (с.а.в.)нинг аёллари бўлмиш Умму Салама (р.а.) ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. ҳужраларининг олдида жанжал овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва дедилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечанроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб берган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Имом Бухорий ривояти).

         Муҳтарам жамоат! Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзни пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ"

(رواه الامام البخاري)

яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى صُبْرَةِ طَعَامٍ فَأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلًا فَقَالَ: "مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ" قَالَ أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: "أَفَلَا جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَيْ يَرَاهُ النَّاسُ مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي"

(رواه الامام مسلم)

яъни: Расулуллоҳ (с.а.в.) дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нима?!” деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расулуллоҳ! Унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда  Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уни устига қўймайсанми, одамлар кўрар эди” дедилар ва “Кимки алдаса, мендан эмас!” дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдаги “ғаш” луғатда “алдамоқ, фириб бермоқ, сохталаштирмоқ” маъноларида келади. Демак, умумий маънода алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштиришлик мусулмоннинг иши эмас экан. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لاَ تُصِرُّوا الْإِبِلَ وَالْغَنَمَ فَمَنْ اِبْتَاعَهَا فَهُوَ بِخَيْرِ النَّظَرَيْنِ بَعْدَ أَنْ يَحْلِبَهَا  إِنْ شَاءَ أَمْسَكَهَا وَإِنْ شَاءَ رَدَّهَا وَصَاعًا مِنْ تَمْرٍ"

(متفق عليه)

яъни: Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: Туя ва совлиқларингизни (серсут қилиб кўрсатиш мақсадида) атайлаб соғмай қўймангизлар! Кимки (билмай) шундай ҳайвонни сотиб олган бўлса, унинг ихтиёрида икки йўл бордир, бири - уни ўзида олиб қолмоқлик, иккинчиси - уни эгасига қайтариб бермоқликдур. Агар қайтариб берадирган бўлса (бир-икки кун соққани учун) бир соъ хурмо қўшиб берсин! (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, соғин сигир ва қўйларни сотишда ҳадисда баён этилганидек, фирибгарлик усулларини қўллаш ҳам жоиз эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда борди-ю молни қайтариб бериладиган бўлса, унга хурмо қўшиб берилмайди, дейилган.

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида мусофирнинг намози ҳақида суҳбатлашамиз.

Бир киши уч кеча-кундузлик масофани ният қилиб сафарга чиқса, мусофир ҳисобланади. Қасд қилган жойига боргандан кейин ўзига қарайди, агар 15 кун ёки ундан ортиқ вақт туриш режаси бўлса, муқим киши ҳукмида бўлади. Аммо 15 кундан оз муддатда қайтиш режаси бўлса ёки қачон қайтиши номаълум бўлса, мусофир ҳукмида қолади.

 Шариатимизда мусофирга тегишли алоҳида масалалар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари билан танишиб ўтамиз:  

  • мусофир тўрт ракатли фарз намозларни икки ракат “қаср” қилиб ўқийди. Агар тўрт ракат қилиб ўқиса, гуноҳкор бўлади;
  • мусофир муқимга тўрт ракатли намозда иқтидо қилса, тўрт ракатни тўлиқ қилиб ўқийди, аммо муқим мусофирга иқтидо қилса, мусофир қаср қилиб икки ракат ўқийди, муқим эса туриб, қолган икки ракатини қўшиб, тўрт ракат қилиб намозни тугатади. Мусофир киши имом бўлганда, иқтидо қилгувчиларга мусофирлигини билдириши керак бўлади.
  • мусофир киши мусофирликдаги қазо бўлган намозларини қаср қилиб, муқимликдаги қазоларини эса тўлиқ тўрт ракат қилиб ўқийди;
  • мусофир маҳси ёки этикка уч кеча-ю кундуз масҳ тортиши мумкин;
  • мусофир киши Жума намозини имконият топса ўқийди, акс ҳолда, ўрнига пешин намозини ўқийди.

         Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалоллик билан умргузаронлик қилишимизга муваффақ айласин! Омин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Ашуро куни. Бир йиллик гуноҳларга каффорат, бир йиллик қут-барака

16.07.2024   3103   2 min.
Ғафлатда қолманг! Ашуро куни. Бир йиллик гуноҳларга каффорат, бир йиллик қут-барака

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.

 

Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.

 

Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД
 

Мақолалар