Жиззах вилояти Зомин тумани “Маърифатли” жоме масжидида давом этаётган Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи энг қизғин паллага кириб бормоқда. Улуғ алломалар юрти бўлган Жиззах заминининг энг кучли, хушсавт ва булбул қориларининг Республика босқичига чиқиш учун саъй-ҳаракатлари жуда шиддат билан кетмоқда.
Барча уларнинг Қуръон тиловатларини жон қулоғи билан эшитмоқда. Зеро, Қуръон ўқилганда, мўмин-мусулмон банда бутун вужуди билан Каломуллоҳга соме бўлади. Чунки Аллоҳ таоло бизни Қуръонни диққат-эътибор билан тинглашга буюрган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!” (Аъроф, 204).
Қуръон ўқиш ёки эшитиш учун хаёлни бир ерга жамланади. Зеро, Қуръон ожиз банданинг оддий сўзи эмас, Буюк Аллоҳнинг мўъжизавий Каломидир.
Қориларнинг Республика босқичига чиқиш учун ҳаракатларини жонли тарзда кузатишда давом этинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Мўмиё ҳалолми? Уни истеъмол қилса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, мўмиё ҳалол ва уни истеъмол қилиш жоиз. Мўмиё тоғ жинсидан сизиб чиқадиган қуюқ модда бўлиб, табобатда қадимдан ишлатиб келинган. Шаръий жиҳатдан эса, у тоғ жинсидан сизиб чиқадиган табиий модда ва зарарсиз эканлиги эътиборидан истеъмоли ҳалол ҳисобланади. Зеро, динимизда: “Нарсалар аслида мубоҳ (ҳалол)дир”, деган қоида бор.
Бундан маълум бўладики, барча нарсалар инсон учун яратилган бўлиб, улардан фойдаланиш ҳалол. Қатъий далил собит бўлмагунича ҳеч бир нарса ҳаром бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром, сукут қилган нарса афв (этилган)дир. Аллоҳдан офиятни сўранглар, чунки Аллоҳ эсдан чиқаргувчи эмас”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яъни Аллоҳ таоло баъзи нарсалар борасида ҳалол ёки ҳаром, деган ҳукмни баён қилмаган. Шунинг учун ҳам улар мубоҳлик ҳукмида қолаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.