Марокашдаги “Ҳасан” жоме масжиди дунё бўйича катталиги жиҳатидан еттинчи ўринда туради. Атлантика океани сатҳидан икки юз метр баландликда барпо этилган ушбу масжидга бир пайтнинг ўзида юз мингдан ортиқ намозхон сиғади. Ушбу масжид қурилиши мамлакатнинг ўша пайтдаги қироли Ҳасан II нинг буйруғи билан 1986 йилда бошланиб, 1989 йили битказилган. Бироқ масжид 1993 йилниг 30 август кунидан расман фаолият юрита бошлади. Масжид лойиҳасини франциялик муҳандис Мишел Пинсо ишлаган.
Ҳашар йўли билан қурилган “Ҳасан” жоме масжидида 6000 дан ортиқ уста ҳамда 10000 дан зиёд безак ишлари мутахассиси меҳнат қилган. Қурилишда Марокашда ишлаб чиқилган хомашёлар ишлатилган. Фақатгина оқ гранит устунлар ва 50 тонналик шиша қандиллар Италиядан келтирилган.
Масжиднинг минораси 210 метр бўлиб, дунёда энг баланд ҳисобланади. Масжид ёнида мадраса, кутубхона ҳамда музей мавжуд.
Даврон НУРМУҲАММАД
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.