Улуғ саҳобалар қаторида, шубҳасиз, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг номи ҳурмат ила тилга олинади. Муаллима онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли рафиқаси эдилар. У киши ҳақида ояти карималар тушган. Оиша розияллоҳу анҳо Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан кейин энг кўп ҳадис ривоят қилган. Онамиз ҳадисларни Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бевосита эшитиб, ривоят этганлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Эй Оиша, Жаброил сенга салом келтирди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Отаси Абу Бакр Сиддиқ, онаси Умму Руммон бўлиб, ҳар иккаласи ҳам мусулмон бўлган вақтда Оиша розияллоҳу анҳо дунёга келди. У зот ёшлигидан ўта зийрак, фаҳми тез, зеҳни ўткир қиз эди. Оиша розияллоҳу анҳо мусулмон оилада имон-ихлосли, тақволи бўлиб улғайди.
Қурайшнинг фозила аёлларидан бири Ҳавла бинти Ҳакам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Оиша бинти Абу Бакр ёки Савда бинти Замъага уйланишларини таклиф қилди. Чунки у зот Хадича онамиз вафотидан сўнг ёлғизланиб қолган эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уч кеча сени тушимда кўрдим. Фаришта сени яшил ҳарир матога ўраб олиб келар ва: “Мана шу сенинг аёлинг”, дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча, агар бу Аллоҳдан бўлса, тушимни ўнгидан келтирар, дер эдим», дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Шу тариқа Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга унаштирилди. Оиша онамиз тўй зиёфатини бундай эслайди: “Аллоҳга қасам, тўйим куни бирор жонлиқ сўйилмади. Саъд ибн Убода Расулуллоҳ алайҳиссаломга ҳадя қилган бир товоқ бўлиб, хотинлар ундан галма-гал фойдаланишар эди. Набий алайҳиссалом меҳмонларга шу товоқда овқат ва сут келтирдилар”. Асмо бинти Язид розияллоҳу анҳо ҳикоя қилади: «Тўй куни Оишани ясантирдик. Набий алайҳиссалом бизга сут тортиқ қилдилар. Биз: “Ичгимиз келмаяпти”, дедик. Набий алайҳиссалом: “Очлик ва ёлғонни бирлаштирманглар”, дедилар». Оишага беш юз дирҳам маҳр берилди.
Муборак хонадонда Оиша розияллоҳу анҳонинг ақли, илми ва фикри зиёда бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзларини ёдлаб, амалларини ўрганиш ҳаракатида бўлдилар.
Имом Заҳабий “Сияр аълом ан-Нубало” асарида бундай ёзади: «Бир куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир оз қўрслик қилаётганини кўриб, ғазабланди ва: “Сен Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга овозингни баланд қиляпсанми?” деди. Пайғамбаримиз шунда ота ва қизини муросага чақирдилар ва онамизнинг кўнглига ёқадиган гаплар айтдилар. Бошқа пайтлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу куёви билан қизининг кулишиб туришганини кўрса: “Айтишиб қолганларингдаги каби қувончли пайтларда ҳам мени шерик қилинглар, дер эди» (Нўъмон ибн Башир ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо қўли очиқ, сахий аёл эдилар. Ҳадя моллари қанча бўлишидан қатъи назар, ушлаб турмай, барини муҳтожларга, ҳақдорларга берардилар.
Оиша онамиз Расули акромдан: “Мени қанчалик яхши кўрасиз?” деб сўрар, у зот: “Арқон тугунидек” деганида, “Сиз айтган тугун қанақа бўлади?” деб яна савол берарди. “Тугундек тугун-да”, дердилар Пайғамбар алайҳиссалом табассум билан.
Оиша розияллоҳу анҳо илк марта болалик чоғларида Қуръони каримни оталаридан эшитди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бевосита эшитиб, ёд олдилар. Кўп ҳолда оятлар тушишига ҳам гувоҳ эдилар. Саодатли дамларини эслаб: “Ўз уйимдан нубувват хонадонига кўчганимдан кейин Бақара ва Нисо суралари нозил бўлди. Шу туфайли ҳужрам “ваҳий тушган жой” номини олди. Мен ваҳий пайти ҳам у зотнинг ҳузурларида эдим. Салқин ҳавода ҳам пешоналари терлаб кетарди”, дейди. Одатда ваҳий келган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳллари бир оз четланиб турган. Аммо Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнларида турганида ҳам у зотга ваҳий тушган.
Оиша онамиз қисқа муддат бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бахтли, осуда ҳаёт кечирди. Набий алайҳиссалом Оиша онамиз билан масжидга ёнма-ён қурилган хонада яшадилар.
Ҳижратнинг олтинчи йилидаги “Ифк (бўҳтон, туҳмат) воқеаси”дан кўп ўтмай, Аллоҳ таоло Оиша онамизнинг поклиги ҳақида оятларни нозил қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ҳам Оиша онамиз илмлари ва ахлоқий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак, уламоларнинг муаллимаси ва мураббияси бўлдилар. Катта-катта тобеин олимларга устозлик қилдилар. Қийин масалаларда саҳобалар ҳар доим Оиша онамиз розияллоҳу анҳога мурожаат қилар ва ундан аниқ ечимини эшитарди. Онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ҳам юксак ҳурмат кўрдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо ҳижрий 58 йили 66 ёшида рамазон ойининг ўн еттинчи куни вафот этди. Мадинадаги Бақий қабристонига дафн этилди.
Замира ҚОСИМОВА
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Нававий (ваф. 676/1277-й.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёзган асарлари билан Ислом илмлари, хусусан ҳадис ва фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган йирик олим саналади. Ижтиҳод ва фатволари шофеъий мазҳабида мўътабар ва мўътамад ҳисобланганидек, ҳадис илмида ёзган асарлари ҳам соҳа уламолари наздида қадрли ва мавқеи баланд китоб ҳисобланади. Имом Нававийни “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ” асарини уламолар тарожимлар (олимларнинг ҳаёти ёритилган асарлар)да муаллифнинг муҳим таълифлари қаторида зикр қилишади.
Китобнинг тўлиқ номи: “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ ила маърифати сунани хойр ал-халоиқ”. Бу китоб ҳадис илми ва мусталаҳига бағишланган асар бўлиб, Имом Нававий бу китобни ёзишда Ибн Салоҳ Шаҳрозурий (ваф. 643/1245-й.) раҳимаҳуллоҳни “Маърифат анваъи илм ал-ҳадис” китобини асос қилиб олганлар.
“Муқаддима” номи билан машҳур бўлган бу китоб ушбу мавзуда ёзилган ўзидан аввалги китобларни тўлдирувчи ва жамловчи ҳамда ўзидан кейинги китобларга асос ва таянч ҳисобланади. Яъни, “Муқаддима”дан олдин ҳам бу илмга бағишланган асарлар бўлган. Муҳаддислар ва ҳадис илми пешволари ўзларининг ҳадис тўпламлари ичида ёки алоҳида тарзда ҳадис турлари ва иллатлари баён қилинган асарлар ёзишган. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071-й.) ва Имом Ҳоким (ваф. 405/1014-й.) каби уламолар ҳадис илмига аталган китоблар ёзишган бўлса ҳам, ундаги масалалар ва таърифлар бир жойда жамланмаган ёки тартибланмаган эди. Ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ эса аввалгиларнинг ишини камолига етказди. Имом Ҳокимнинг “Маърифат улум ал-ҳадис” асарида зикр қилинган 52 та навга зиёда қилиб китобларида ҳадис навларини 65 турга бўлиб баён қилди. Имом Нававийнинг “Иршод” асари ушбу “Муқаддима”нинг мухтасари ҳисобланади.
Муаллиф яшаган даврда Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳнинг “Муқаддима”си жуда машҳур бўлган ва бу илмда асосга айланган эди. Имом Нававий “Иршод” асарини ҳадис илми ва усуллари билан узоқ шуғуллангандан кейин ёзади ва ҳадис илми истилоҳларини баён қилишда бор маҳоратларини ишга солади. Китоб муқаддимасида муаллифнинг ўзи бундай дейди: “Бу китобда “Муқаддима”ни мухтасар қилишни истадим ва бу орқали уни зикрини жонлантириш, бошқа манбалар қатори ундаги манфаатлардан ҳамма фойдалана олишини умид қиламан”.
Имом Нававий мухтасарда қўллаган баён услубини шундай изоҳлайди: “Китобдаги маълумотларни баён қилишда осон, енгил иборалар билан келтираман, ундаги муҳим ва муҳим бўлмаган қайдлардан бирортасини мазмунига халал етказмайман ва аксар ўринларда китоб соҳибининг иборасини келтиришга ҳаракат қиламан, фақат фойдали мақсадлардагина бошқа лафзлар билан алмаштираман, бир қатор далиллар ва мухтасар мисолларни ҳам зикр қиламан ва унга баъзи ўринларда кичик лафзлар, қўшимча ва тўлдирувчилар қўшаман”.
Дарҳақиқат, Имом Нававий китобида Ибн Салоҳни ибораларини сақлашга ҳаракат қилган ва кўпинча “قال الشيخ” (Шайх айтди) деб айтадилар ва бу билан Ибн Салоҳни назарда тутадилар. У киши қўшган зиёдалар бир неча жиҳатдан фойдали ва қийматли масалалар ҳисобланади. Бу жиҳатлар Имом Нававийни илмлари қанчалик юксак даражада эканини кўрсатади.
Замондош муҳаққиқ, ҳадис илмлари устози, асарнинг 2019-йилдаги замонавий-танқидий нашрини амалга оширган олим Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу афзалликлари билан мазкур китоб Имом Нававийнинг шахсан ўзи Иршодга ёзган мухтасаридан афзалроқ ҳисобланади. Сабаби, бу мухтасардан бирор шарҳсиз фойдаланиш ўқувчига қийинчилик туғдиради. Иршод китоби эса “Тақриб”да келтирилмаган фойдалари ва ибораси ҳам енгиллиги билан ажралиб туради”.
“Иршод”га ёзилган мухтасар асарнинг тўлиқ номи: “Ат-тақриб ва ат-тайсир ли маърифати сунан ал-башийр ан-назийр”. Ушбу асарга ҳам бир нечта шарҳлар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 902/1497-й.)нинг “Шарҳ ат-тақриб ва ат-тайсир” асари ва Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 911/1505-й.)нинг “Тадриб ар-ровий” асаридир. Бу икки асар ҳам ўз бобида ёзилган машҳур ва мўътамад асарлардан саналади.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Нававийнинг асарлари кейинги уламолар учун асос бўлиб хизмат қилиши билан бирга уламолар ҳам бу китоблар устида кўплаб хизматлар қилишган. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин.
Муҳаммаджон ИСРОИЛОВ,
ТИИ магистратура талабаси