Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Апрел, 2026   |   28 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:41
Пешин
12:28
Аср
17:07
Шом
19:09
Хуфтон
20:27
Bismillah
17 Апрел, 2026, 28 Шаввол, 1447

Синов дарвозаси

02.01.2018   9635   1 min.
Синов дарвозаси

Қадим замонда бир подшо вазирликка муносиб номзод қидира бошлади. Энг яхши номзодни танлаш учун бир синов ўйлаб топди. Салтанатидаги энг катта дарвозани қалъага келтиришларини буюрди. Бу улкан темир эшикни кўрганлар ҳайратдан ёқа ушлади.

Сарой аъёнлари, турли амалдорлар, донишмандлар йиғилган мажлисда подшо шундай деди:

– Катта дарвозани кўрган бўлсаларинг керак. Уни бекорга олиб келмадим. Унинг эшигини оча билган кишини вазир лавозимига тайинлайман.

Аъёнлар дарвозага яқин ҳам бормади. Шунча одамнинг олдида шарманда бўлишни ўзларига эп кўрмай, бу ёғи нима бўлар экан деб кузата бошлади. Донолиги билан ном қозонган баъзи бир кишилар дарвозани бир қур айланиб кўрдилар-у, аммо эшикни очишга ҳаракат қилмадилар. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди: донишмандлар воз кечган ишга уринишдан не наф!

Бироқ шу чоқ бир ясовул подшодан изн сўради. Рухсат олгач, дадил бориб дастани тортди: эшик осонгина очилди. Дарвоза ҳатто қулфланмаган ҳам экан. Шунчаки ўз ҳолича ёпиб қўйилган экан.

Ясовул ўзига ишончи, дадиллиги туфайли юксак мартабага эришди.

Ҳаётда айнан шундай вазият учраши амримаҳол бўлса-да, шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келиб турамиз. Таваккалчилик, иккиланмай олға қадам ташлаш бизга муваффақият келтирса, журъатсизлигу қатъиятсизлик афсус ва аттангларга сабаб бўлади.

Ориф ТОЛИБ тайёрлади

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Исломни қабул қилди

17.04.2026   2066   1 min.
Исломни қабул қилди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Кураш инсоннинг жисмонан кучли, бақувват бўлишини таъминлайдиган энгмуҳим спорт турларидан бири ҳисобланади. Ислом динида кураш тушиш ва кураш мусобақаларини ўтказиш доимо қўллаб қувватланади.

Ҳадисда ривоят қилинишича, бир куни Язид ибн Рукона уч юзта қўй етаклаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди ва “Эй Муҳаммад, мен билан курашасанми?” деди. У зот алайҳиссалом: “Агар сени йиқитсам нима тикасан? дедилар. У: “Юзта қўй”, деди. Улар кураш тушишган эди. Язид ибн Рукона йиқилди. У: “Яна қайта тушасанми?” деди. У зот: “Нима тикасан? дедилар. У: “Бошқа юзтасини”, деди. Улар кураш тушишди. У яна йиқилди. Учинчисида ҳам шундай бўлди. Шунда у: “Эй Муҳаммад, сендан аввал бирор киши менинг курагимни ерга теккизмаган эди”, деди ва Исломни қабул қилди.

Шунда у: “Энди аҳлимга нима дейман? Битта қўйимни бўри еди, бири қочиб кетди, учинчисини нима дейман?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз сени йиқитиб, қўйларингга эга бўлиш учун кураш тушмадик. Қўйларингни олиб, кетавер”, дедилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар қуйидагилардир:

  1. Ислом динида кураш каби спорт турлари жоизлиги;
  2.  Мусулмон киши ўзга дин вакили билан мусобақалашиши жоизлиги;
  3.  Мусобақага соврин учун бирор нарса тикиш жоизлиги;
  4.  Мағлуб киши мағлубиятини тўғри тан ола билиши ва рақибига яхши муносабатда бўлиши;
  5.  Ғолиб мағлуб рақибини хафа қилмаслиги.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди

Мақолалар