Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июл, 2026   |   29 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:02
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:37
Bismillah
14 Июл, 2026, 29 Муҳаррам, 1448

Одам ва олма дарахти

22.12.2017   10712   3 min.
Одам ва олма дарахти

Бир болакай ҳар куни катта олма дарахти ёнида ўйнашни жуда яхши кўраркан. Шохларига чиқиб олма ер, туш маҳали соясида мизғир экан. Хуллас, болакай олма, олма эса болакай билан ўйнашни жуда яхши кўриб қолибди. Кунлар ўтибди. Болакай анча улғайибди. Энди олма дарахти олдига ҳар куни  келмайдиган бўлибди.

Бир куни бола жуда хафа ҳолда келибди.

– Кел, бирга ўйнаймиз, – дебди дарахт.

– Йўқ, мен энди дарахт атрофида ўйнаб юрадиган болакай эмасман, – деб жавоб берибди, – турли ўйинчоқларим бўлишини истайман, сотиб олиш учун менда пул йўқ...

– Афсус, пул менда ҳам йўқ, лекин меваларимни териб, сотиб, ўйинчоқлар олишинг мумкин, – дебди қайғуриб дарахт.

Бола ҳаяжонланиб кетибди. У мевалардан узиб олиб, хурсанд ҳолда ортига қайтибди ва шу кетганча яна узоқ вақт дарахт ёнига келмабди. Дарахт эса уни соғинибди, йўлига интизор бўлибди…

Бир куни ҳалиги бола (энди у катта киши эди) яна олма дарахти ёнига келибди. Олма жуда хурсанд бўлиб, ҳаяжонланиб кетибди.

– Кел, ёнимга ўтир, – дебди дарахт.

– Афсус, вақтим йўқ. Оилалиман, уларни боқишим, бошпана қилишим керак. Менга ёрдам бера оласанми?

– Узр, пулим йўқ-да, аммо шохларимни кесиб, ундан уй қурсанг бўлади, – дебди дарахт.

Киши олма дарахтининг барча шохларини  кесиб олиб, хурсанд бўлганича ортига қайтибди. Дарахт уни бахтиёр кўрганидан жуда шодланибди. Аммо... анчагача ёлғиз қолибди.

Иссиқ ёз кунларининг бирида киши дарахт ёнига келиб, унга суянибди.

Олма дарахти зиёратига келган эски қадрдонини кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлибди ва:

– Кел, суҳбатлашамиз! – дебди.

– Қарияпман. Ҳолим йўқ. Чарчаганман. Қани энди бир қайиғим бўлса-ю, унда сузиб ҳаёт ташвишларидан йироқлашсам... – дебди киши.

Дарахт бир оз жим қолиб, сўнг дебди:

– Кел, танамдан қайиқ ясагин-да, узоқ ерларга сузиб бор, ташвишларни унут, дам ол, ёнимга шодон қайтиб кел...

Киши унинг бақувват танасини арралаб, ундан қайиқ ясабди ва орзуига етибди.

Дарахт кўз ёшлари билан унга табассум қилибди...

Қиссадан ҳисса: Олма дарахти ота-она тимсоли. Улар ҳам боласи учун ҳар қандай қурбонлик қилишга тайёр. Боланинг дарахтга бепарволиги, шафқатсизлиги бизни ачинтирди. Лекин ўзимизни кузатсак, биз ҳам кўп ҳолда ота-онамизга шундай муносабат кўрсатамиз. Уларнинг меҳр-муҳаббатига яраша жавоб қайтаролмаймиз ёки яхшиликларини вақтида қадрламаймиз.

Аллоҳ таоло хатоларимизни кечириб, тўғри йўлга бошласин. Ота-оналаримизни рози қилиш бахтини насиб этсин.

Дилафрўз САЛОҲИДДИН қизи тайёрлади

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шайхулислом Оллошукур Пошшозода: Ўзбекистон ўз тарихи ва диний қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашмоқда

09.07.2026   27482   1 min.
Шайхулислом Оллошукур Пошшозода: Ўзбекистон ўз тарихи ва диний қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашмоқда

—  Ўзбекистоннинг дунё ҳадис илмига тақдим этган энг катта туҳфаси – Имом Бухорий ва у зотнинг бой меросидир. Бухорий мақбараси нафақат муқаддас зиёратгоҳ, балки бутун ислом цивилизациясининг бебаҳо маънавий ва маданий меросидир. Бу маскан ҳар бир ўзбек учун қанчалик азиз бўлса, бутун мусулмон олами учун ҳам шунчалик қадрлидир.

Собиқ шўро тузуми даврида вайрон қилинган ушбу муқаддас қадамжонинг қайта тикланишида ёшлигимда иштирок этганман. Ўша йилларда бу масканнинг яна ўзининг муносиб улуғвор қиёфасига қайтиши учун устозларимиз билан қилган дуоларимиз бугун ижобат бўлганини кўриб, қалбим чексиз қувончга тўлмоқда.

Самарқанднинг шуҳратини янада юксалтирган, Имом Бухорий мақбарасини унинг муқаддаслигига муносиб муҳташам мажмуага айлантирган, Ислом цивилизацияси марказини барпо этган муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларига чуқур эҳтиром ва самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Бу ишлар Ўзбекистоннинг ўз тарихи, дини ва маънавий қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашаётганининг ёрқин намунасидир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган фундаментал ишлар бугун халқаро миқёсда муносиб баҳоланмоқда. Ислом мутафаккирлари мероси бутун инсониятнинг умумий бойлиги сифатида намоён бўлмоқда. Бу эзгу ишларга ҳисса қўшаётган Ислом цивилизацияси маркази, ИCEСCО ҳамда ушбу соҳада меҳнат қилаётган барча олимлар ва мутахассисларга самимий миннатдорчилик билдираман. Аллоҳ таоло Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини доимо ўз паноҳида асрасин.
 
Шайхулислом Оллошукур Пошозода, 
Кавказ мусулмонлари идораси раиси

МАҚОЛА