Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

Расулуллоҳ башариятнинг зиёси эдилар

20.12.2017   7309   6 min.
Расулуллоҳ башариятнинг зиёси эдилар

Ҳаким ат-Термизийнинг “Наводирул усул” китобида шундай келтирилади: “Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кириб келган кунлари, ундаги барча нарсаларни нурлантириб юбордилар. Вафот этган кунлари ундаги барча нарсалар зулмат ичра қолди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларни ёритувчи нур эдилар.

“Эй пайғамбар, дарҳақиқат, Биз Сизни (қиёматда барча умматларга) гувоҳ бўлувчи, (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи, ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи этиб юбордик. Аллоҳнинг изни билан Унга (динига) даъват қилувчи, ва (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб ҳам” (Аҳзоб сураси 45-46-оятлар).

Ул зоти бобаракотнинг нурлари ила бутун олам ёришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кўчадан ўтсалар, ул зотдан муаттар ҳид таралар эди. Шу кўчадан кейин юрган одам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу макондан ўтганларини билар эди. Ул зот ўта покиза, ҳушбўй эдилар. Аллоҳ таоло ўз ҳабибини насл-насаб ва қариндошчилик жиҳатидан пок сақлаган эди. Шунингдек, Нубувват мусаффолиги ила табаррук қилишидан олдин, ул зотни болалик, ўсмирлик ва ўрта ёшларга етган даврларида ҳам гуноҳ маъсиятлардан муназзаҳ этган эди. Ул зотнинг ҳайбатлари, виқорлари, улуғворликлари ва покликлари қалблар ва дилларни эгаллаган эди.

Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳобат (улуғворлик) берилган эди”.

Абу Масъуддан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, гапирди. (Ул зотнинг маҳобатлари олдида гапира олмай) қўрқувдан қалтирай бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингни бос! Мен подшоҳ эмасман, мен Қадидни (гўштни қуритилган тилимчаси) ейдиган аёлнинг боласиман”, – дедилар.

Ҳинд ибн Абу Ҳола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида шандай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғвор ва маҳобатли эдилар. Юзлари тўлин ой каби нур сочар эди”.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу: “Мен учун ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик маҳбуб эмас эди. Ҳеч ким кўз ўнгимда у зотдек улуғвор эмас эди. У зотни ўта улуғлаганимдан, у зотга кўзим тўйиб қарай олмас эдим”,дедилар.

Бир киши Маккага туясини сотиш учун олиб келди. Унинг туясини Абу Жаҳл сотиб олди, лекин пулини бермай чўзиб юрди. Қурайшнинг улуғлари йиғиладиган мажлис олдига бориб: “Эй Қурайш жамоаси, мен мусофир кишиман, Абул Ҳакам  ҳаққимни бермай мени кўп қийнаяпти. Орангизда менга ёрдам берадиган бирор киши борми?” – деди. Ўша вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани бир тарафида ибодат билан машғул эдилар. Мажлис аҳли: “Анави ўтирган кишини кўраяпсанми, уни олдига бор, ичимизда фақат ўша кишигина сенга ёрдам бера олади”, – деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрсатдилар. Бу билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масҳара қилишни қасд қилган эдилар.Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Жаҳл ўртасидаги адоватни билар эдилар. Ҳалиги киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг бандаси, Абул Ҳакам ибн Ҳишом менга зўрлик қилиб, ҳаққимни бермаяпти. Мен ғариб кишиман, анави ўтирган қавмдан менга ёрдам беришларини сўрасам, улар менга фақат сен ёрдам бера олишингни айтдилар. Ундан мени ҳаққимни олиб бер, Аллоҳ сенга раҳм қилсин”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қани унинг олдига юрчи”, – деб у билан бирга Абу Жаҳлнинг уйига қараб кетдилар. Буни кузатиб турган Қурайш жамоаси ораларидан бир кишига: “Уларнинг кетларидан бориб нима қилишларини кузатгин”, – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туя эгаси билан Абу Жаҳлнинг уйига бориб, унинг эшигини қоқдилар. Ичкаридан Абу Жаҳлнинг: “Ким бу?” – деган овози эшитилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Муҳаммадман, бу ёққа чиқ”, – дедилар. Абу Жаҳл ичкаридан қўрқиб кетганидан ранги оқарган ҳолда чиқиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу кишининг ҳаққини қайтариб бер”, – дедилар. Абу Жаҳл: “Ҳа, албатта, ҳозироқ унинг ҳаққини қайтараман”, – деди-да, ичкарига кириб, унинг ҳаққини олиб чиқди ва туя эгасига тўла-тўкис қайтариб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам киши ўз ҳаққини тўлиқ олгач, қайтдилар. Ҳалиги киши Қурайш йиғиладиган мажлисга бориб: “Аллоҳ уни яхшилик ила мукофотласин! Аллоҳга қасамки, у ҳаққимни тўлиқ ундириб берди”, – деди. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Жаҳл ўртасида бўлиб ўтган воқеани билиб келиш учун юборган киши ҳам унинг ортидан етиб келди ва кўрганларини сўзлаб берди.

Абу Нуъайм, Байҳақий, Исҳоқ ибн Ясордан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рукона ибн Абду Язидга: “Исломни қабул қил”, – дедилар. Рукона: “Агар сен айтаётган нарса ҳақ эканини билганимда эди,  уни қабул қилган бўлардим”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима дейсан, агар сени курашда енгсам, мен айтган нарсани ҳақ деб биласанми?” – дедилар (Рукона Қурайшликлар орасида энг бақуввати ва паҳлавони эди). Рукона: “Ҳа”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, (уни кўз очиб юмгунча) ерга ағдардилар. Шунда Рукона: “Яна бир бор, эй Муҳаммад”, – деб айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қайта ушлаб, шу тобда ерга қулатдилар. Бу ҳолатни кўрган Рукона: “Бу сеҳрдир, мен бундай сеҳрга ўхшашини ҳеч ҳам кўрмаганман. Аллоҳга қасамки, сен елкамни ерга қўйган вақтингда, ҳеч нарса қила олмай қолдим”, – деб кетади.

 

Авазхўжа БАХРОМОВ,

“Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Исмингиз кетади, сифатингиз қолади

18.06.2025   4804   3 min.
Исмингиз кетади, сифатингиз қолади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазоти шаҳидларини дафн қилаётиб: «Абдуллоҳ ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳни битта қабрга қўйинглар. Улар бир-бирини яхши кўрар эди!» дедилар.

Аслида, ўлим фироқ эмас. Ҳаммамиз куни келиб вафот этамиз. Ҳақиқий фироқ биримиз жаннатда яна биримиз дўзахда бўлишимиздир.

Ажойиб нарса ўқиган эдим. Бир киши бувисининг бир одати ҳақида шундай ёзган эди: «Бувим бизни бомдод намозига уйғотиб: «Туринглар! Жаннатда сонимиз камайиб қолишини истамайман», дер эдилар».

Ким сизни ҳақиқий яхши кўрса, у дўзахга тушишингизни истамайди. Иброҳим алайҳиссалом оталари Озарни яхши кўришларига қаранг. У киши бундай деган эдилар: «Эй ота! Мен сизни Раҳмоннинг азоби ушлашидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингиздан қўрқаман» (Марям сураси, 45-оят).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини гўзаллигига боқинг: «Улар бир-бирини яхши кўрар эди!».

Инсоннинг ўзгалар олдида муҳаббат, шижоат, саховат ва олийжаноблик каби чиройли сифатлар билан танилиши нақадар гўзал! Унинг номи зикр қилинганида тингловчининг юзида унинг сурати худди қип-қизил юрак сингари порласа. Шунингдек, унинг сурати биз қўяётган гўзал иборалар ортида ҳам порлаб турса!

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ «Сияру аъломин нубало» китобида Муҳаммад ибн Маймун ҳақида бундай ёзади: «Абу Ҳамза Сукарий Муҳаммад ибн Маймун ал-Марвазий. У шакар сотгани учун «сукарий» дейилмаган. Унинг сўзлари ширинлиги учун шу ном билан танилган!».


Бизни танийдиганлар ҳам исмларимизни уларга қиладиган муомаламиз туфайли сифатларимизга алиштириб олишганида нима бўлар эди?!

Ота-онамиз бизга «Ота-онани рози қиладиган, муборак ва яхшилик қиладиган ўғил», деб ном қўярмиди ёки «сурбет, қўпол ва оқпадар ўғил» дебми?!

Хотинимиз бизга «Меҳрибон, сахий ва бағрикенг эр», деб ном қўярмиди ёки «қайсар ва қаттиққўл эр» дермиди?!

Эрлар аёлига «меҳрибон, суюкли, олийжаноб ва сабрли хотин», деб ном қўярмиди ёки «бағритош, тили заҳар ва қўпол сўзли хотин» дебми?!

Қўшнингиз сизни «сахий ва марҳаматли» дермиди ёки «хиёнаткор, очкўз ва бадхулқ қўшни» деб атармиди?!

Ҳамкасбингиз сизни «сир сақлайдиган, ишончли, тарбияли ва одобли ҳамкасб» дермиди ёки «чақимчи ва шарманда» деб ном қўярмиди?!

Исмларимиз бизники. Сифатларимиз эса одамларники. Улар бизга муомаламизга қараб сифат беришади. Куни келиб исмлар кетади, сифатлар қолади. Ортимизда бизга Аллоҳдан раҳм қилишини сўраб турадиганлар қолсин!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар