Вақтнинг моҳияти нимада? деган саволга ҳикмат аҳли шундай зарбулмасал орқали жавоб беради. Вақт гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар ёмон ва тўзиган бўлса – ҳаёт ҳам паришон, бемаъно ва мазмунсиз бўлади.
Вақт – бебаҳо нарса, у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Инсон ҳаётининг ҳар бир лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, мол-дунёсини қаердан топиб – нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани”.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача сенга қайтмайман”.
“Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!…” Фотир сурасининг ушбу оятида инсон азиз умрини, вақтини ғанимат билиши лозимлиги эслатилмоқда.
Улуғ аждодларимиз вақтларини фойдали иш қилишга, гўзал аҳлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишга интилишган. Шунинг учун ҳам уларнинг бугуни олдинги кунидан, эртаси бугунидан яхши бўлган. Улар: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”, деган мақол мазмунига амал қилишган.
Ҳар биримиз ўтаётган умримиздан ибрат олайлик. Бу кеча ва кундузлар янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклайди. Ҳукамолардан бири шундай дейди: “Ким кунини бекорга ўтказса, бир яхши амални қилмаса, инсонларга чиройли сўз ёки яхши муомала қилмаса, бир илму-маърифат ҳосил қилмаса, у кунига жабр қилиб, ўзига зулм қилибди”.
“Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлиб, қулоқ тутган киши учун эслатма бордир”. (Қоф сураси, 37-оят)
Ҳар бир инсон, у ким ва қандай мавқега эга бўлмасин, айниқса, келажагимиз бўлган ёшларимиз, азиз фарзандларимиз олтиндан қиммат вақтларини ғанимат билиши ва ундан унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳар бир киши ҳаётининг мазмун-моҳияти ва ундаги масъулият, вазифасини чуқур англаб олиши мақсадга мувофиқдир. Ўлим ҳақ, қачон бизга йўлиқиши фақат Яратган Аллоҳга аён. Бу кунимиз сўнгиси, қилаётган амалимиз охиргиси бўлиши мумкин.
Бешак билинг бу дунё барча элдан ўтаро,
Инонмағил молингга, бир кун қўлдан кетаро.
Ота-она, қариндош қаён кетди фикр қил
Тўрт оёқлик чўбим от бир кун сенга етаро.
Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема,
Ўзгалар молин ема, Сирот узра тутаро.
Аҳли аёл, қариндош, ҳеч ким бўлмайди йўлдош,
Мардона бўл ғариб бош, Умринг елдек ўтаро.
Қул Ҳожа Аҳмад тоат қил, умринг билмам неча йил,
Аслинг билсанг қаро гил, яна гилга кетаро.
Ботир НОСИРОВ,
Ховос тумани «Ҳуснобод» масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393 м.й.): “Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).
Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).
Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.
Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид)мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).
Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.
Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:
– бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар.
Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади.
– Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар.
Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, фитна қўзғаш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.
Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.
Ғуломов ФАТҲУЛЛОҲ,
Ал-Ҳудайбия жомеъ масжиди имом ноиби