Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли «кофир» дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди. Улар: «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, исломдан чиқади», – деди. Бора-бора «Хавориж»ларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган иши бўлмай қолди. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик исломга катта зарар етказган куч бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам «Хавориж» фирқасининг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан «ўрнак» олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа «ғамлари» йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарига кўра, «Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир бўлиб кетган» (Аллоҳ асрасин!). Буларнинг бу «фатвоси»нинг пуч экани Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ яъни: «Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз» деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Машҳур саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У зот: «Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз» дедилар» («Мажмаъуз завоид ва манбаъул фавоид» китоби).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Фиқҳул акбар» китобларида шундай деганлар: «Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз».
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий ал-Ҳанафий ҳам ўзининг «Ал-Ақида ат-таҳовия» асарида шундай деганлар: «Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз».
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, динимизда мусулмон кишиларни кофирликда айблаб, уларни такфирга чиқариш ўта қаттиқ қайтарилган қабиҳ ишлардан ҳисобланади.
САЛИМХОН ЖАМОЛИДДИНОВ
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.