Буюкликни оддийликдан барпо қилган,
Оддий мато – хурмо пўстин сарпо қилган,
Очликда ҳам тўқликда ҳам тақво қилган,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Орланмаган мискинлар-ла ўлтиришдан,
Фарқлолмаган сизни ҳатто бир кўришдан,
Қаср эмас, қароргоҳи оддий ғиштдан,
Сизми ўша ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Дастурхонга арпа нонлар хўб ярашган,
Фаришталар бир кўрай деб кўп талашган,
Сизни кўрган ҳар қандай кўз бир қамашган,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Ибн Масъуд йиғлаганди ҳолингиздан,
Бўйра изи чиққанида ёнингиздан,
Лек юпанди, маъво жаннат жойингиздан,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Қолган эмас сиздан мерос, минг-минг тева,
Тева эмас, ҳатто бир жуфт ёстиқ, кўрпа
Қолган бўлса, қолгандир-да бир қоп арпа,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Саҳобалар салобатни сиздан олган,
Олимларга илм сиздан мерос қолган,
Сизсиз уммат бугун бир оз ўйга толган,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Сўзларингиз сўзлар ичра шоҳ мисолдир,
Тинглаганлар тин оларлар, мисли болдир,
Душманлар ҳам ҳайратдадир, ҳайрон лолдир,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Нубувватга паноҳ берган ул ансорлар,
Қилган эди пойингизга жон нисорлар,
Бугунгача ансор аҳли меҳмон чорлар,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Машаққатга бериб бардош муҳожирлар,
Ансорларга бўлди қардош, ул “тожирлар”,
Сабру тоқат, қаноатда гул тождирлар
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Билол айтган нидо ҳануз янграмоқда,
Сийратингиз бутун жаҳон тингламоқда,
Ислом недир башар аста англамоқда,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Сизни кўрмай севди ушбу қаро кўзлар,
Сифатлашга етмагай бу саноқ сўзлар,
Майли, ҳатто маҳшаргача тинмай бўзлар,
Сизми ўша, ул Сарвари коинотим
Фақирлару мискинларга қўш қанотим?
Саййид Аҳмад Маҳмуд ўғли,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти ақида фани мударриси
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.