Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Январ, 2026   |   28 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:39
Шом
17:25
Хуфтон
18:42
Bismillah
17 Январ, 2026, 28 Ражаб, 1447

Мўминларнинг оналари

29.11.2017   9896   2 min.
Мўминларнинг оналари

Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжалари бўлишдек улуғ шарафга эга бўлган оналаримиз ислом дини ривожи ва равнақи учун катта ҳисса қўшганлар. Биргина Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар. Ушбу ҳадисларда ибодат, муомалот, хусусан, аёлларга тегишли кўплаб фиқҳий масалалар баён қилинган.

Аллоҳ таоло томонидан оналаримиз ҳақида ояти карима ҳам нозил қилинган. Аҳзоб сурасининг 32-34 оятларида шундай дейди:

Эй, Пайғамбар аёллари! Агар тақводор бўлсангиз, (ўзга) аёлларнинг бирортаси каби эмасдирсиз. Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангиз, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса (сиздан) тама қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангиз! Ўз уйларингизда қарор топингиз, (кўчага чиққанингизда) илгариги жоҳилият (даври) ясанишидек ясанмангиз! Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этингиз! Эй, (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос.

Ислом тарихига назар солсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камтарона ҳаёт кечиришни ихтиёр этганларини кўрамиз. Бу имкон йўқлиги ёки ноиложликдан эмас, фақирона кун кўришни афзал билганларидан эди. Агар хоҳласалар бутун дунё зийнатлари оёқлари остида муҳайё қилинарди, лекин буни ихтиёр этмадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бир ёстиққа бош қўйган оналаримиз ҳам қандай қийинчилик, машаққат бўлмасин, сабр қилдилар, бу билан барча муслима аёлларга ўрнак бўлдилар. Улар ер юзидаги энг улуғ зот билан бирга оила қуриб яшаётганларини жуда яхши билар эдилар. Уларнинг уйида энг улуғ калом - Қуръон оятлари тушиб турар эди. Оналаримиз нафақат мол-дунёга, айшу ишратга берилмасликда, балки, масъулиятни сезишда ҳам, охиратни бу дунёдан устун қўйишда ҳам бошқалардан фарқ қилишлари лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Жамики солиҳа аёлларга намуна ва ибрат бўлиб қолдилар.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек МАЪРУПОВ.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишда

14.01.2026   3321   2 min.
Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишда

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ризо – Аллоҳнинг қазосига мувофиқ кечаётган барча ҳодисаларга нисбатан кўнгилнинг мамнун ва хурсандчилик кайфиятидир. Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳнинг барча ҳукмларига рози бўлган банда улуғ мукофотларга сазовор бўлади.

“Қиёмат куни Аллоҳнинг жарчиси унинг номидан баланд овозда:

– Менинг ҳаммадан-да мусаффо бандаларим қаердалар? – деб нидо қилганида фаришталар:

Сенинг ўша ҳаммадан-да мусаффо бандаларинг кимлардир? – деб сўрайдилар.

Шунда Аллоҳ таоло:

Улар мен берганга қаноат айлаб, қазоимдан рози бўлганлар, – деб жавоб беради”.

Яна ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилинган экан: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди: “Менинг олдимда менга яқинлашишлигинг учун қазоимга рози бўлишлигингдан кўра севимлироқ йўл йўқ” (Ибн Аббосдан ривоят қилинган, Мужоҳид ривояти).

Имом Абул Ҳасан Шозалий қуддиса сирруҳу васият қиладилар: “Ўзингнинг хоҳишу иродангдан кечиб, Аллоҳнинг хоҳишу иродаси томон қочгил. Агар кимдир ўзининг ихтиёрича ниманидир хоҳласа, ҳали уни оладими ё йўқми, бу номаълум... Агар ўша хоҳлаган нарсасини олганида ҳам олгани унда қоладими-йўқми, буни билмайди. Агар бордию ўша нарса унда умрининг охиригача қолганида ҳам бунда унинг учун хайр борми ё йўқми, англаш қийин. Модомики, шундай экан, билгилки, яхшилик фақат Аллоҳнинг сен учун ирода ва ихтиёр этган тақдиридагина мавжуддир, холос!”.

Кунлардан бирида ҳазрати Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида саҳоба Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳунинг “Мен учун бой юрганимдан кўра камбағаллигим, соғлигимдан кўра дардмандлигим яхшироқдир” деган сўзларини эслаб бундай дедилар:

– Аллоҳ Абу Заррни раҳматига олган бўлсин, бу гап уларнинг ўзларига хосдир, аммо мен бу ҳақда бундай дейман: “Кимда-ким Аллоҳ ихтиёр этган нарсани энг яхши ихтиёр деб билгувчи бўлса, Унинг ихтиёрининг олдида ўзга ҳеч бир нарсани ихтиёр этмайди” (Ибн Асокир ривояти).

Улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бундай маънода мактуб йўллаганлар: “Барча яхшилик Аллоҳнинг қазосига рози бўлишликда жамлангандир. Агар шундай қилолсанг, қандай ҳам яхши, йўқса, сабрли бўлгин!”.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

Мақолалар