|
Бўлим мудири |
Исломиддин Зуҳриддинов |
|
Қабул вақтлари |
Душанбадан Жумагача, 09-00 дан 17-00 гача |
|
Телефон рақами |
+99871 150-64-17 |
|
Электрон почта |
|
|
Бўлим фаолиятидан лавҳа |
Идора, бўлимлар, масжидлар, зиёратгоҳлар ва бошқа тизимдаги муассасаларда раҳбарият кўрсатмаси асосида назорат-тафтиш ўтказади; режа асосида вилоятларга хизмат сафарига чиқиб, масжидларнинг молиявий фаолиятини ўрганади; йил давомида ҳар чоракда шаҳар ва вилоят бош имом-хатибларининг молиявий ишлари бўйича ёрдамчилари (муҳтасиб) билан мажлис ўтказади; белгиланган тўловларни ўз вақтида тўламаган ёки тўлай олмаган масжидларнинг аҳволини ўрганади; вакиллик ва вилоятлар масжидлари ходимларининг ойлик маоши, даромад солиғи, коммунал тўловлар ва турли мажбурий тўловларни ўз вақтида тўланиб боришини таъминлайди; идора тасарруфидаги ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини назорат қилади; Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро марказлари ва вакилликларнинг йиллик ҳаражатлар сметасини тайёрлашда уларга яқиндан ёрдам беради ҳамда уларнинг молиявий фаолиятини назорат қилади; ҳар чоракда идора тасарруфидаги барча масжидларнинг молиявий ҳисоботларини қабул қилади; идорадан моддий ёрдам сўраб мурожаат этган масжид ва билим юртлар молиявий аҳволини ўрганиб чиқиб, идора раҳбариятига тақдим этади; масжид ва зиёратгоҳлар томонидан амалга оширилган хайрия ишларининг маълумотини олиб боради; Бўлимда Ойбек Хушвақов – Муҳтасиблик бўлими бош мутахассиси; Бахтиёр Абдуллаев – Муҳтасиблик бўлими етакчи мутахассиси лавозимларида фаолият олиб боришади.
|
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё мусулмонлари маънавий ҳаётида, ислом дини ривожи йўлида ўзига хос из қолдирган йирик олим ва забардаст мударрисдир.
Таваллуди ва ёшлик йиллари
Юсуфхон тўра Шокиров 1926 йили Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида зиёли оилада дунёга келди. Унинг ёшлик йиллари инсоният тарихидаги энг оғир даврлардан бири — Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Урушнинг сўнгги паллаларида ва ундан кейинги тикланиш даврида жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишлади. Бироқ оиладаги илмий муҳит ва отаси, таниқли диний арбоб Олимхон тўрадан олган бошланғич сабоқлари унинг қалбида илмга бўлган кучли иштиёқни уйғотди.
Илм олиш йўлида
Юсуфхон тўранинг билим олиш мақсадида босиб ўтган йўли — Бухородан Қоҳирагача, мадрасадан университетгача бўлган сафари юксак ирода ва матонат намунасидир.
- 1948–1955 йиллар: Бухородаги машҳур Мир Араб мадрасасида таҳсил олди;
- 1955–1961 йиллар: Миср Араб Республикасидаги дунёга машҳур Ал-Азҳар университетида ўқиб, замонавий ва ислом илмларини эгаллади;
- 1962–1967 йиллар: Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Шарқ филологияси факультетида таҳсил олиб, илмий салоҳиятини кенгайтирди;
- 1975 йил: Москва шаҳрида Араб филологияси йўналишида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди;
- Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик илмий текшириш институтида тадқиқот олиб борди.
Кўп қиррали фаолият
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров ўз фаолияти давомида дин-маърифий соҳа ва таълимида самарали меҳнат қилди:
- Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк ректори (1971-1972) сифатида диний кадрлар тайёрлашга бошчилик қилди.
- 1975 йилдан бошлаб 20 йилдан зиёд вақт давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохонов каби муфтийлар билан бирга ишлаб, раис ўрибосари лавозимида фаолият юритди.
- Шунингдек, Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтида араб адабиёти, тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан талабаларга сабоқ берди.
Илмий ишлари
- 4 жилдли "Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати" китобининг "Хазойинул маъоний" асари. – Тошкент: "Фан", 1983.;
- "Қиссаи Рабғузий" китобидаги оят ва ҳадисларнинг ўзбек тилидаги тадқиқи. – Тошкент, 1992.;
- "Ислом – иймон, эътиқод ва ҳаёт тарзи". – Тошкент, 1993.;
- "Ал-Азҳар – минг йил давомидаги араб филологияси маркази" монография, – Москва, 1975.
Шогирдлар эҳтиромидаги сиймо
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров 2000 йилнинг 28 сентябрида 74 ёшда Тошкент шаҳрида вафот этди. Жаноза намозини муфтий Абдурашид қори Баҳромов ўқиган. “Минор” қабристонига дафн этилган.
2026 йилнинг январь ойида улуғ олим таваллудининг 100 йиллик юбилейи кенг нишонланади. Бу сана нафақат бир инсон хотирасига эҳтиром, балки мураккаб даврларда ҳам ислом динининг софлигини сақлаб қолган ва халқимизга зиё улашган бутун бир авлод хизматларини эътироф этишдир. Юсуфхон тўра каби фидойи зотларнинг ҳаёт йўли бугунги ёш авлод учун илмга интилиш ва ватанпарварликнинг юксак намунаси ҳисобланади.