“(Эй Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!” Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сурасининг 68-69-оятлари).
Пайғамбаримиз асални яхши кўрар, бошқаларни ҳам бу неъматдан ейишга, у билан даволанишга чақирардилар. Бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Биродаримнинг қорни оғрияпти», деди. Расулуллоҳ унга: «Биродарингга асал ичир», деб тавсия қилдилар. Ҳалиги одам унга асал ичирди. Кейин келиб айтди: «Мен унга асал ичирдим. Аммо баттар ичини кеткизиб юборди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг гапи рост, биродаринг қорни алдаган!» дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоят қилган).
Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимда-ким ҳар ойда уч марта, наҳорда (оч қоринга) асал яласа, касалликнинг каттаси унга яқин йўламайди” (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Ҳадис санади заиф).
* * *
Инсонлар истеъмол қиладиган маҳсулотлар устида тадқиқот олиб борган олимлар асал энг фойдали озуқа деган хулосага келишди. “Мўъжизавий ҳапдори” вазифасини ўташи мумкин бўлган асал инсон танасига ижобий таъсир кўрсатадиган энг ажойиб озуқадир, демоқда Россия ОАВ.
Мутахассисларнинг фикрича, бир чой қошиқ асал кун давомида соғлиқни сақлаб юришга етади. ОАВ маълумотларига кўра, асал жуда ҳам яхши антиоксидант экан. Демак, мунтазам асал истеъмол қилиб юрилса, тана токсинлардан халос бўлиб боради ва асалнинг микробга қарши курашиш хусусияти терининг ҳолатини бир неча баробар яхшилайди.
Озишни хоҳлаганларга ҳар қандай ширинлик ейиш тақиқланади, аммо асал бундан мустасно. Чунки асалнинг таркибидаги шакар шоколаднинг таркибидаги шакардан фарқ қилади. Асал метаболизмни тезлаштиради ва вазн ташлашга яхши фойда беради.
Ҳар куни асал истеъмол қилиш тананинг холестринга қарши курашишида самарали таъсир кўрсатади. Тадқиқотлар кўрсатишича, асал сиқилишларнинг олдини олади, танада токсинлар йиғилишига қаршилик кўрсатади ҳамда хотирани мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари асал таркибидаги кальций мияга енгил сўрилади ва унинг ишлаш қобилиятини яхшилайди.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати