Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июл, 2026   |   16 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:41
Қуёш
05:11
Пешин
12:35
Аср
17:33
Шом
19:47
Хуфтон
21:14
Bismillah
30 Июл, 2026, 16 Сафар, 1448

Қуръон тиловатини тарк этмайлик!

13.11.2017   11496   4 min.
Қуръон тиловатини тарк этмайлик!

Қуръон оятларини ихлос билан тиловат қилишлик ёки тинглашлик ҳам Аллоҳнинг раҳматига тезда олиб боради. Чунки Аллоҳ таоло «Қуръон тиловат қилганда, уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз», деб айтган (Аъроф, 204). Бунда Аллоҳнинг «шояд» дегани бўлиши «аниқ» дир, деб уламолар тафсир қилишган.

Қуръон худди суҳбатдош кабидир. У билан қанча узоқ суҳбат қурсангиз, у сизга ўз сирларини очади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг каломида инсонларнинг эътибори Қуръон тиловатига ва ундаги ҳикматларга амал қилишга жалб этилади, хусусан:

«Дарҳақиқат, биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!» (Қамар, 17)

«Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир» (Жосия, 20)

Шу ўринда, уламолар Қуръон тиловатининг қуйидаги фазилатларини айтиб ўтишади:

Биринчиси, Қуръони Карим шафоати. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Қуръонни доимо ўқинг, чунки у қиёмат кунида тиловат қилганларни шафоат қилади».

Иккинчиси, Қуръони Карим ўз ўқувчисини жаннатда олий мақомга олиб чиқади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз айтадилар: «Қуръон ўз ўқувчисига шундай дейди: «Ўқинглар, ўрнингиздан туринглар ва фоний дунёда ўқиганингиз каби чиройли тиловат қилинглар. Шунда охирги оятни ўқиб тугатган жойингиз, сизнинг олий мақомингиз бўлади».

Амр ибн Ос: «Қуръондаги ҳар бир оят жаннатдаги даража ва уйларингиздаги чироқдир».

Учинчиси, Қуръони Карим тиловатининг юксак фазилати ва савоби. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Кимки Аллоҳнинг каломидан бир ҳарфни ўқиса ҳам, унга ўнта савобга тенг яхшилик қайд этилибди. Шу ўринда, «Алиф лом мим» оятини бир ҳарф демаймиз, балки «Алиф» бир ҳарф, «Лом» бир ҳарф ва «Мим» бир ҳарф, деб таъкидлаймиз».

Тўртинчиси, Қиёмат куни Қуръони Карим ўз ўқувчисини чақиради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (САВ) айтадилар: «Қиёмат кунида Бақара ва Оли Имрон суралари Қуръон аҳлини чорлайди».

Шу ўринда диний уламолар таъкидлашадики, «Қуръон китобинг билан дўст бўлгин, чунки қайта тирилганингда у ўқиганларингни сўзлаб беради».

Бешинчиси, Қуръон тиловатчисининг бу дунёдаги мақоми. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз айтадилар: «Мазкур китоб билан Аллоҳ қавмларни юксак қилади». Уламолар таъкидлашадики, «Қуръон - қалбларнинг табибидир, унинг зикри – гуноҳларни маҳв қилувчидир, унинг нури эса ғайблар сиридир».

Олтинчиси, Қуръони Карим илмини ўрганиш яхшилиги. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар: «Қуръони Каримни ва унинг илмини ўрганиш Сизлар учун яхшилик ва хайр-баракот олиб келади».

Еттинчиси, Қуръони Каримдан бирор оятни ёдламасликдан қўрқиш. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (САВ) айтадилар: «Қуръоннинг хайри-баракоти бўлмаган инсон вайрон бўлган уйга ўхшайди».

Умуман олганда, шуни билиш жоизки, Қуръон китобимиз устидаги чанг-ғубор қанчалик қуюқлашса, қалбларимизда ғам-ташвиш ва муаммолар ҳам шунчалик қуюқлашаверади.

Шунинг учун ҳам диний уламолар айтишадики, «Эй Қуръон аҳли! Ёмғир ернинг баҳори бўлгани каби, Қуръон ҳам Мўминнинг баҳоридир! Шунингдек, қалб хотиржамлигига эришмоқчи бўлсангиз, албатта, Қуръон ўқинг. Чунки, қалблар – бу идишлардир, уларни Қуръон билан тўлдириш лозим, яна худди чанқаганда сув ичилгандек, ғамга ботганда Қуръон ўқишлик ва Раҳмоннинг зикри билан машғул бўлишлик хотиржамликка олиб келади.

Шундай экан, келинг биродар, «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса иймонлари зиёда бўлгувчи ва роббиларига таваккул қилгувчи мўминлар» (Анфол, 2), қаторида бўлишга интилайлик!!!

 

        Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,   

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим, менга раҳм қилгин

28.07.2026   7964   1 min.
Аллоҳим, менга раҳм қилгин

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга бир дуо ўргатинг, мен уни намозда ўқиб юрай”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон. Ва иннаҳу лаа йағфируз зунууба иллаа анта. Фағфир лий мағфиротан мин ъиндика варҳамний, иннака антал ғофуурур роҳийм”, дедилар.


Маъноси: “Аллоҳим! Албатта, мен ўзимга кўп зулм қилдим ва Сендан ўзга гуноҳ ларни кечирувчи йўқдир. Мени ҳузурингдан бўлган мағфират билан кечиргин ва менга раҳм қил гин! Албатта, Сен кўп кечирувчи ва ўта раҳмли Зотсан” (Имом Бухорий ривояти). Яхшилик билан мукофотласин Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга бир яхшилик қилинса, уни қилган кишига “Жазаакал лоҳу хойрон” деса, мақтовни охирига етказган бўлади», дедилар.


Маъноси: “Аллоҳ сени яхшилик би лан мукофотласин” (“Сунани Термизий”). Бошқалардан беҳожат қилгин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади. «Бир мукотаб (озод бўлиш учун тўлов тўлашга хожаси билан шартнома тузган қул) олдимга келиб: “Мен келишилган маблағни топиб бера олмай қолдим. Менга ёрдам беринг”, деди. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган калималарни ўргатдим: “Аллоҳум­макфиний би ҳалаалика ъан ҳароомик, ва ағниний би фазлика ъамман сиваак”.


Маъноси: “Аллоҳим, ҳаромингсиз ҳалолинг билан менга кифоя қилгин ва фазлинг ила мени Ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин” (Сунани Термизий).

“Ҳидоят” журналининг  

2025 йил 6-сонидан

Мақолалар