Бренда тоққа тирмашиб чиқишни орзу қиладиган қиз. Бир куни жасорат этиб тоққа чиқувчилар сафига қўшилди. Бориб қараса, қаршисидан девор каби тик қоя ва қиялик чиқди. Қаттиқ қўрқаётганига қарамай, Бренда қатъиятли эди; хавфсизлик камарини тақди, арқонни маҳкам тутиб қоянинг тик юзига қараб тирмаша бошлади. Бир оз тирмашганидан сўнг бир ўйиқ жой топди...
У ерда осилиб тураркан, юқорида арқонни тутиб турган киши толиққанидан арқонда силкина бошлади. Кескин силкинган арқон Бренданинг кўзининг олдидан шувиллаб ўтиб кетди ва унинг линзасини учириб юборди. Линза жуда кичкина эди. Шу боис унинг топилишидан умид қилмаса ҳам бўларди. Линза қияликда бир жойга тушди, Бренда энди хира кўраётган эди.
Бренда линзасини ўзи топишидан умид узиб Аллоҳга астойдил нола қила бошлади.
“Аллоҳим! Сен бу ердаги барча тоғларнинг қўриқловчисисан. Бу тоғлардаги ҳар бир тошни ва япроқни билганинг каби менинг линзам тушган жойни ҳам биласан, уни топишимга мадад бер!”
Суқмоқ йўлдан юриб қуйига индилар. пастга тушганларида тирмашиш учун бу ерга келган янги гуруҳ билан дучлашдилар. Улардан бири: “Орангизда линзасини йўқотган киши борми?” деб қолди.
Брендага кейинроқ линзани бир чумоли судраб бораётганини гапириб беришди. Қоя юзидан чумоли юриб бораётганда қизларнинг эътиборини қандайдир бир порлаган нарса тортган. Уйга қайтганидан сўнг Бренда отасига линзани қандай йўқотиб, қандай топиб олганини сўзлаб берди.
Карикатурачи бўлган отаси оғзида линзани тишлаб судраб бораётган чумоли расмини чизади ва унинг тепасига мана бу сўзларни ёзади: “Аллоҳим! Буни нега олиб кетаётганимни билмайман. Буни ея олмайман ва судрашимга ҳам ғоят оғир. Аммо уни ташишимни Сен истаганинг учун ташияпман... бу оғир юкни нега ташияпман?” демайман.
Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар Аллоҳ ҳузуридаги қадрингни билмоқчи бўлсанг, У сени нимада машғул қилиб қўйганига назар сол”.
Шарҳ: Инсонлар одатда ўз қадрини молу дунёси, лавозими, илм даражаси ёки халқ орасидаги обрўси билан ўлчайдилар. Аммо Аллоҳ наздидаги ҳақиқий қадр дунё матоҳлари, обрў-эътибор билан эмас, балки инсоннинг нимага муваффақ қилингани билан билинади.
Агар Аллоҳ таоло бандасини:
намозга,
Қуръон тиловатига,
илм ўрганиш ва ўргатишга,
ота-она хизматига,
одамларга манфаат етказишга,
яхши ахлоқ ва солиҳ амалларга муваффақ қилган бўлса, бу Аллоҳнинг унга бўлган лутфи ва эҳсонидан далолат.
Аллоҳнинг наздидаги қадрингни билишни истасангиз, тилингизни нима билан, қалбинг нима билан ва умрингизни нима билан ўтаётганига қаранг. Чунки Аллоҳ бандасини Ўзи яхши кўрган ишларда ишлатади.
Аксинча, инсон вақтини беҳуда ишларга, гуноҳларга, ғийбатга, дунёпарастликка сарфлаётган бўлса, бу унинг зиёнда экани, ўзини жиддий ҳисоб-китоб қилиб, тавба қилмаса У Зотнинг азобига қолишига сабаб бўлади.
Бу ҳикмат “Аллоҳ менга нима берди?” деган саволдан кўра, “Аллоҳ мени нимага муваффақ қилди?” деган савол муҳимроқ эканини ўргатади. Чунки неъматнинг энг буюги – Аллоҳга яқинлаштирувчи амалларга муваффақ бўлишдир.
Демак, ҳар бир инсон вақти-вақти билан ўзига шундай савол бериб туриши лозим: “Кунларим нималар билан ўтмоқда? Қалбим нимага боғланган? Кўпроқ қайси ишлар билан машғулман?”.
Чунки банданинг Аллоҳ наздидаги мақомига ишора қилувчи муҳим белгилардан бири – унинг қайси ишларга муваффақ қилиб қўйилганидир.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли