Анвар ва Умар саҳрода бир неча кун юришди. Улар сув тугагандан сўнг икки кун йўлда давом этишди. Чанқоқ уларни силласини қурутди. Қуёш оташ каби уларни ёндирарди. Бераҳм саҳронинг қумлари эса оёқларини куйдирарди. Улар ташналикдан қийналиб, қадам-бақадам умидсизланиб боришарди. Иккиси ҳам сувга олиб борадиган энг яқин йўл ҳақида пичирлашарди. Анвар: “Бу энг яқин йўл”, деб қўли билан кўрсатса, Умар қарши томонга ишора қиларди. Фикрлари бир жойдан чиқмаган дўстлар жанжаллашиб қолишди. Бу эса Анвар дўстининг юзига бир тарсаки уруши билан якунланди. Умар унга жавоб қайтармай, қумга: “Бугун дўстим билан тортишиб қолдим. Шу учун, у мени юзимга бир тарсаки урди”, деб ёзиб қўйди.
Икки дўст йўлда давом этишди. Узоқда анҳор кўринди. Анвар югура бошлади. Умар ҳам дўстининг ортидан чопиб, ундан ўзиб кетди. Умарни ташналик ва чанқоқ шу қадар азоблагандики, у сузишни билмаслигини унутиб, ўзини анҳорга отди. У сувга тушдию чўка бошлади. Анвар келиб, дўстини қутқарди.
Умар чўнтагидан пичоқ олиб, ҳарсанг тошга: “Бугун дўстим менинг ҳаётимни сақлаб қолди”, деб ёзиб қўйди. Унинг бу ишидан дўсти ҳайрон бўлиб: “Юзингга тарсаки урганимда қумга ёздинг. Жонингни сақлаб қолганимда эса, тошга ёзяпсан?”, деди. Умар: “Юзимга урганинг бир ҳодиса эди халос. Шамол келиб, ёзувни ўчириб юборади. Худди шунингдек, тарсаки ҳам ёдимдан ўчирилади. Лекин, ўлимдан асраб қолганинг улуғ иш. Шу боис уни тошга ўйиб ёздим. Бу ёзув тошдан ўчмаганидек, менинг ёдимда ҳам абадий қолади. Зеро, Яхши дўст хатоларни унитиб, гўзал сифатларни ёдда сақлайди”, деди.
Марғилон шаҳридаги "Қутайба ибн Муслим"
жоме масжиди имом хатиби Турсунбой ҒАНИЕВ
Бизга ризқ берувчи Зот Аллоҳдир, лекин У ризқни тўғридан-тўғри оғзимизга ёки қучоғимизга ташлаб қўймайди. Бизнинг вазифамиз — ҳаракат қилиш, Аллоҳнинг иши эса — муваффақ қилиш (тавфиқ бериш)дир.
«Унинг (ернинг) турли жойларида юринглар ва Унинг ризқидан енглар» (Мулк сураси, 15-оят).
Ҳатто сурункали ва оғир дардга чалинган Айюб алайҳиссаломга ҳам Роббиси бундай деган эди:
«Оёғинг билан (ерни) теп! Мана бу чўмиладиган муздек сув ва ичимликдир» (Сод сураси, 42-оят).
Ҳатто тўлғоқ азобида турган Биби Марямга ҳам Аллоҳ таоло:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит, у сенга янги пишган хурмоларни тўкади», — деди (Марям сураси, 25-оят).
Пок ва Муқаддас Зот хурмони унинг қучоғига шунчаки ташлаб қўймади. Балки энг қийин лаҳзада — тўлғоқ азобида бўлишига қарамай, унга:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит», — деб буюрди.
Демак, ҳаракат қилиш ва интилиш — матлубдир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ