Шу йил 16 январь куни “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юртининг 4-курс талабалари устози билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Марказ бош мутахассиси Ҳабибуллоҳ домла Абдулғаффор талабаларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 2022 йилда ташкил этилгани, айни пайтда бу ерда 20 га яқин уламо хизмат қилаётгани, Марказ ходимлари мўмин-мусулмон халқимиз диний эҳтиёжини таъминлаш мақсадида бугунги кундаги муҳим мавзулар юзасидан фатволар ишлаб чиқиш, Республикамиздаги масжидларга жума тезисларини тайёрлаш, фуқароларни бевосита қабул қилиш ва Колл-марказда телефон орқали келиб тушган саволларга жавоб бериш, ОАВларида чиқишлар қилиш каби вазифалар билан шуғилланиши ҳақида батафсил маълумот берди.
Ташриф давомида талабалар Фатво марказининг замонавий Колл-маркази фаолиятига алоҳида қизиқиш билдиришди. Мутахассис томонидан бу ерда ҳар куни ўртача 200-250 та, 1 ойда эса 6-8 минг та саволга жавоб берилиши, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари бу миқдор кескин ошиб кетиши боис 24/7 узлуксиз қўнғироқларни қабул қилиш тартибига ўтилиши ҳақида сўзлаб берилди.
Билим юрти талабалари Фатво маркази фаолияти билан танишиш чоғида бу ерда фаолият юритаётган устозлардан ўзлари учун муҳим тавсия ва маслаҳатлар олишди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#xabar #Quron_musobaqasi
Бугун, 24 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Қуръон ва қироат илмлари» фан ойлиги доирасида анъанавий Қуръони карим мусобақасининг финал босқичи бошланди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, раис ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров, «Қуръон илмлари» кафедраси устозлари, таниқли қорилар, талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Маросимни очиб берган Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров сўнгги йилларда Диний идора тизимида ва юртимизда Қуръон илмларини ўрганиш борасида катта ютуқларга эришилаётгани, хусусан, жорий йилда олий маъҳад тарихида илк бор "Тафсир ва Қуръон илмлари" бўйича магистрлик мутахассислиги очилганини таъкидлаб, иштирокчиларга омад тилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков йиғилганларни Муфтий ҳазратлари ва идора раҳбарияти номидан муборакбод этди. У юртимизда қориларнинг сон ва сифат жиҳатидан юксалиб бораётгани, бунинг самараси Рамазон ойидаги хатми Қуръонларда яққол намоён бўлаётганини қайд этиб, мазкур мусобақа моҳир қориларни саралаш ва ёшларни юксак қорилик мақомига рағбатлантиришга хизмат қилишини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов Давлатимиз Раҳбари томонидан Қуръон аҳли ва ҳофизи каломларга кўрсатилаётган юксак эътибор ҳамда моддий-маънавий рағбат хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, бугунги мусобақада тўртта йўналиш бўйича жами 12 та совринли ўрин (1-, 2- ва 3-ўринлар) соҳибларига Муфтий ҳазратлари номидан ҳам муносиб мукофотлар ажратилганини маълум қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Қуръон мусобақаси таълим муассасаларидаги фан ойликларининг гултожиси эканини таъкидлади. У келгуси йилдан 10 та ўрта махсус ва 4 та олий диний таълим муассасаси ўртасида Қуръон мусобақаларини кенг миқёсда қайта жонлантириш режалаштирилаётганини айтиб, устозлар олдида халқаро майдонларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтарадиган моҳир қориларни тайёрлаш вазифаси турганига урғу берди.
Бу йилги мусобақанинг муҳим янгилиги шундаки, тиловат йўналишида илк бор модул таълим тизимида таҳсил олаётган имом ва ноиблар ҳам қатнашмоқда. Тўртта йўналишда (йигитлар ва қизлар ўртасида ҳифз ҳамда тиловат) ўтказилаётган беллашувда кундузги ва модул таълим талабаларининг Қуръони каримни ёддан ўқиши, тажвид қоидаларига риоя этиши, оятларни тажвидий таҳлил қилиши ҳамда овоз ва тараннум маҳорати баҳоланмоқда.
Иштирокчиларнинг чиқишларини «Қуръон илмлари» кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов раислигидаги, тажрибали устозлар ҳамда мисрлик Ислом Абдулатий қоридан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бормоқда.
Ушбу мусобақа иқтидорли қориларни кашф этиш, ёшларда Каломуллоҳга муҳаббатни ошириш ҳамда халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган моҳир ҳофизи Қуръонларни тайёрлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати