Бугун Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлимга 2017-18 ўқув йили бошланаётгани муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари, “Кўкалдош” мадрасаси мударрислари, институтда таълим олган, бугунги кунда фаол меҳнат қилиб, илму маърифат тарқатаётган олиму уламолар, мусулмонлар идорасига узоқ йиллар меҳнати сингган, ҳозирги кунда эса кексалик гаштини сураётган фахрийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилинди.
Меҳмонлар йиғилиб, ҳамма ўз жойини эгаллагач, Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси янгради.
Қуръони каримдан тиловат қилиниб дуолар қилингач институт ректори Уйғун Ғафуров тадбирни очиқ деб эълон қилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига сўз берди.
Талабаларга эзгу тилаклар билдирган муфтий ҳазратлари юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний соҳага қаратилаётган эътибор борасида ҳам сўз юритиб, ана шу жараёнларда ҳар бир кишининг, айниқса, имом-хатибларнинг ўрни, бажарган ишлари кўзга ташланиб туриши зарурлигини таъкидладилар. Бунинг учун эса уларнинг илми зўр, дунёқараши бой, нутқи равон бўлмоғи зарурлигига урғу бериб, эндиликда ўқиш – дарс жараёнлари ҳар доимгидан-да кучли, талаб қаттиқ бўлишини айтаркан, жумладан бундай дедилар: “Биз ўз олдимизга Имом, Имом Мотуридий... каби олимларни етиштиришни вазифа қилиб олиб, шу ишга бел боғладик ва Аллоҳдан астойдил сўраб ҳаракат этмоқдамиз”. Бунинг учун сизга ҳамма шароит муҳайё қилинган. Сиздан талаб қилинадигани эса фақат ўқишу уқиш ва ижодкорлик фаолиятидир”.
Шундан кейин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Мунавваровлар табрик сўзлари айтиб, талабаларга илм олишдек шарафли ва машаққатли ишларида муваффақиятлар тилашди.
Сўнгра муфтий ҳазратлари Махсус сиртқи бўлим талабаларига рамзий талабалик гувоҳномасини топширдилар.
Кириш имтиҳонида энг юқори балларни қўлган киритган талабалар – Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиев ва Зангиота тумани имом-хатиби Нурали Мавлоновлар сўзга чиқиб, устозларга ўзбек ва араб тилларида миннатдорчилик билдирганларидан кейин муфтий ҳазрат дуои хайр қилаётиб ёш талабаларга ибрат учун бундай дедилар: “Тоҳиржон Рўзиев ҳам деҳқон, ҳам имом-хатиб, ҳам талаба. Бу – шариату тариқатга маҳкам амал қилиб келган боболаримизнинг аъмоли: ҳам ҳалол меҳнат қилиб тирикчилигини ўтказади, ҳам халққа илм ўргатади, ҳам ўзи илм ўрганади”. Арабчада ниҳоятда фасоҳат билан гапириб муаззам шоиримиз, марҳум Эркин Воҳидовнинг ҳаёт моҳияти ҳақидаги дилбар шеърини ифодали тарзда ўқиб берган Нурали Мавлонов ҳақида ҳам чиройли гапларни гапириб кейин дуога қўл очдилар.
ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ РАИСИ, МУФТИЙ УСМОНХОН АЛИМОВ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ УШБУ БАЙРАМ ТАДБИРИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ
Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим
Мўмин-мусулмон бандаларига илм олишни фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган Ҳабибимиз, икки дунё сарвари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг оилалари ҳамда саҳобаларига дуруду салавотларимиз бўлсин.
Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар, устозлар, толиби илмлар ва имом домлаларимиз!
Барчамизга маълумки, бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, диний соҳадаги улкан ислоҳотлар ва ютуқларни санаб саноғига ета олмаймиз. Албатта, бу ислоҳотлар диний соҳа вакиллари зиммасига катта масъулиятни юклайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида диний таълим муассасалари мударрислари, имом домлаларимиз ва шу соҳа вавиллари ҳам давлатимиз томонидан диний соҳага берилаётган катта эътиборга жавобан, юртимиз равнақи ва халқимиз маърифати ривожи йўлидаги ислоҳотларга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Ҳозирда идора тасарруфида 11 та диний таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улар замонавий талабларга жавоб беради. Бугун ёшларимизнинг диний таълим олишлари учун ҳам барча шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистонда диний таълим тизими жадал ривожланиб, мутлақ янги босқичга кўтарилди. Ушбу тизим нафақат қўшни мамлакатлар, балки, кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос тажриба намунасига айланди.
Мисол тариқасида кейинги бир йил ичида диний таълим соҳасида эришилган ютуқларни зикр этсак:
Шунингдек, Самарқанд вилоятида "Ҳадис илми мактаби" ва "Калом илми" мактаби,
Фарғона вилоятида "Ислом ҳуқуқи" мактаби;
Бухоро вилоятида "Тасаввуф" мактаби;
Қашқадарё вилоятида "Ақида илми" мактаби ташкил этилди.
Аллоҳ таолодан бу каби янгиликларни бардавом қилишини сўраб, бугунги кунда ўқишни бошлаётган имом домлаларимизга ўқишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
{gallery}/01-11-2017/02-11-17{/gallery}
"AlQuran.uz" портали раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдумнинг синглиси, "AlQuran.uz" портали ходими Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумнинг опаси, шунингдек, "AlQuran.uz" илмий ходими Абдусамад қорининг завжалари вафоти муносабати билан марҳуманинг яқинларига таъзия билдирамиз.
Марҳума ал-Азҳар университети талабаси бўлиб, Осим қироатининг Ҳафс ва Шуъба ривоятлари ҳамда "ал-Муқаддима ал-жазарийя", "Туҳфатул-атфол" ва "ал-Арбаъийн ан-набавийя" каби кўплаб асарлар бўйича ижоза соҳибаси сифатида 20 йилдан бери Қуръонга хизмат қилиб келаётган эди. Хусусан, Қуръон таълими йўлида самарали меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни етиштирди.
Шунингдек, "AlQuran" мобил иловасидаги "Al-Fatiha online" дастурининг узтозаларидан бўлиб, кўплаб аёлларнинг қироатини тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Турмуш ўртоғи Абдусамад қори билан бирга уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб, барчаларини ҳофизи Қуръон қилиб етиштирди.
Узоқ вақт оғир дард билан курашганига қарамай, Қуръон хизматида бардавом бўлди. Беморлик машаққатларига сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида илм тарқатишдан тўхтамади. Шубҳасиз, бу гўзал хотима, яъни шаҳидликнинг бир белгиси. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Ким бемор ҳолатда вафот этса, шаҳид ҳолда вафот этади, қабр фитнасидан сақланади ва эртаю кеч жаннатдан ризқи келиб туради" (Ибн Можа раҳимҳуллоҳ ривояти).
"Muslim.uz" портали марҳуманинг акаси Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва укаси Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумга, шунингдек, турмуш ўртоғи Абдусамад қори ва барча оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
Аллоҳ таоло марҳуманинг Қуръон йўлида қилган хизматларини қабул айлаб, Барзах ҳаётида ва охиратда Қуръони карим шафоати билан мукофотласин! Қуръон билан жаннатдаги даражаларини юксак қилсин! Беморликда чеккан машаққатлари жаннатдаги мартабасининг баланд бўлишига сабабчи бўлсин!
Жаноза маросими эртага сешанба 22 июль куни аср намозида, соат 17:45 да Устоз Шайх Алижон қорининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бойларовул қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.
Аллоҳ таоло мусибат аҳлига сабри жамил ато қилсин! Қазо ва қадарга рози бўлишларида Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!
Марҳумага қуйидаги ҳадисда зикр қилинган улуғ даражаларни тилаймиз: "Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва дунёда тартил қилганинг каби тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир", дейилади" (Абу Довуд, Термизий ва Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти).