Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди, қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хушодобу хушхулқ, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган.
Муаллим – оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсоли. Пайғамбар алайҳиссалом: “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илму маърифат – жоҳилликнинг зидди. Устоз бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт – қуёши порлаган мамлакатдир. Юртимизда “Устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади. Устозни ҳурмат қилиш сизу бизнинг бурчимиздир. Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-она ҳаққидан кам турмаслиги айтилган. Сабаби ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлса, устозимиз бизга илм ўргатган. Шундай экан, устозни ҳурмат қилиш, унга миннатдорчилик изҳор қилишимиз лозим.
Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар.
Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг азизлар, қандай ибратли воқеа?! Демак, устоз узоқда бўлса ҳам ҳузурида тургандек ҳурмат бажо келтириш, уни доим эъзозлаш лозим экан. Бир ҳакимдан: “Нима учун устозингни отангдан ҳам яхши кўрасан?” деб сўрашган экан. Шунда у: “Устоз абадий тириклигимнинг сабаби, отам эса ўткинчи ҳаётимнинг сабаби!” деб жавоб қилибди. Илмнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк "Хамса" асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Ҳирот кўчаларини айлантирган. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, ана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Уларга энг яхши таърифни эса қалам аҳли берган:
Муаллим ҳақида сўзим ушбудир,
Муаллим камолот ичра кўзгудир.
Азиз устозлар, барчангизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлаймиз.
Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Тадбир аввалида Музаффар Камилов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг хатмона муносабати билан барча битирувчилар ҳамда ёшларга йўллаган алоҳида саломи ва самимий қутловларини етказди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда давлатимиз ва халқимиз хизмати, миллат ҳамда дин ривожи йўлида сидқидилдан бел боғлаган ёшларга эътибор қаратиш, уларнинг илмий ҳамда амалий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Музаффар Камилов ўз нутқида институт битирувчиларининг кўрсаткичлари, уларнинг бир қанча йўналишларда ижоза ва халқаро тил сертификатларига эга экани ҳамда пухта илмий ва тизимли йўналиш шакллантирганини алоҳида эътироф этди.
Диний-маърифий соҳада узвий ва узлуксиз таълим тизимини йўлга қўйиш – мадрасалардан бошлаб олий институтлар, бакалавриат, магистратура ва келгусида докторантура босқичларини қамраб олиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар улкан натижалар бераётгани таъкидланди.
Тошкент ислом институти кўп йиллар давомида давлат ва жамоат ташкилотларида, диний соҳанинг энг масъулиятли ва ҳассос йўналишларида хизмат қилаётган етук кадрларни етиштириб берган бўлса, бугунги магистратура босқичи сифат кўрсаткичларини янги босқичга олиб чиқади. Битирувчилар олдига фақатгина республика миқёсида эмас, балки халқаро майдонда ҳам Имом Бухорий ва Имом Термизий квали улуғ алломалар юртининг илмий салоҳиятини намоён этиш вазифаси қўйилди.
Тадбирда магистратурани муваффақиятли тамомлаган хотин-қизлар вакилларининг илмий ишлари ва эришган натижалари алоҳида эътироф этилди. Жамиятда салоҳиятли ва малакали олималарга бўлган эҳтиёжни қондириш, хотин-қизларга диний-маърифий билим ва таълимни етказиш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, битирувчиларнинг илмий изланишларини тўхтатмасликлари учун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мақсадли докторантура ўринларини ташкил этиш ва кейинги босқичларда уларнинг илмий салоҳиятини оширишга кўмаклашиш режалари билдирилди.
Музаффар Камилов ушбу билим даргоҳида хизмат қилган, эл-юрт ва дин ривожига беқиёс ҳисса қўшган марҳум муфтийлар ҳамда уламолар – Эшон Бобохон ҳазратлари, Зиёвуддинхон қори, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Усмонхон Алимов ва бошқа фидоий устозларнинг хизматларини ёдга олиб, уларнинг ҳақларига дуолар қилди. Бугунги кунда ушбу улуғвор ва масъулиятли йўлни муносиб давом эттираётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда устозларга куч-қувват ва муваффақиятлар тиланди. Магистрларга Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов давлатимиз раҳбарининг 20 миллион сўмдан пул мукофоти сертификатларини тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзга чиқиб қуйидаги фикрларни билдирди:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 22 июнь куни Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашувда диний таълим муассасалари салоҳиятини янада ошириш мақсадида Тошкент ислом институтида 2024 йилдан магистратура, 2025 йилдан эса докторантура босқичларида олий малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган эди.
Мазкур ташаббус ижроси доирасида Тошкент ислом институтида “Теология (Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти)” ҳамда “Теология (Ҳадис илмлари)” мутахассисликлари бўйича 1 ва 2-босқичларда жами 20 нафар магистрант таҳсил олмоқда.
2026 йил 11 июнь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тарихида илк бор магистрантларнинг магистрлик диссертациялари ҳимояси бўлиб ўтди. Мазкур муҳим воқеа мамлакатимизда диний-маърифий соҳани янги босқичга олиб чиқиш, бой илмий-маънавий меросимизни чуқур ўрганиш ҳамда соҳа учун юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Тошкент ислом институти магистрлик диссертациялари ҳимояси мамлакатимиз диний таълим тизими ривожидаги муҳим босқич бўлиб, мазкур жараён келгусида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга илмий-педагог кадрларни тайёрлашга хизмат қилади”.
Институтнинг илк 10 нафар магистранти ўқиш давомида илмий фаолиятда фаол иштирок этиб, диссертация мавзулари доирасида жами 52 та илмий мақола ва тезис нашр эттирдилар. Жумладан, 28 таси илмий журналларда, 9 таси илмий тўпламларда ва 12 таси республика ҳамда халқаро анжуман материалларида чоп этилди.
2-курс магистрантларининг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 90%дан юқори бўлди. Энг юқори натижани 96+ балл билан Исмоилжон Иброҳимов, кейинги ўринларни эса 95+ балл билан Мухлиса Нарзуллаева ва Муҳаммад Аъло Мадраҳимов эгаллади.
Магистрантларнинг 8 нафари араб тили бўйича халқаро ва миллий сертификатларга эга. Жалолиддин Мамасолиев, Нурмуҳаммад Шайдуллаев ва Исмоилжон Иброҳимов Ат-Танал C1 даражасини, яна 5 нафар талаба CEFR ва Ат-Танал тизимида B2 даражасини қўлга киритган. Шунингдек, талабалар мутахассислик фанлари доирасида жами 53 та “ижоза”"га эга. Бу бўйича Исмоилжон Иброҳимов мутлоқ етакчи бўлиб, унинг шахсий ижозалари сони 18 тани ташкил этади.
Гулчеҳра Сиддиқова 2006 йилда ўтказилган 16-Республика қорилар мусобақасида мураттаб қориялар йўналиши бўйича аёл-қизлар ўртасида мутлақ 1-ўринни, 2009 йилдаги 20-Республика қорилар мусобақасида эса мужаввид қориялар йўналишида 2-ўринни эгаллаган. Иқболжон Қамбаров ва Ҳусниддин Ҳасанов Фиқҳ ҳамда Ақоид фан ойликларида мақола ёзиш бўйича совриндор бўлишган. Жалолиддин Мамасолиев шариат стандартлари бўйича нуфузли CPSS малака сертификатига эга.
Магистрантлар ўқув режасига мувофиқ 2026 йил 26 январдан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида, 24 февралдан эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида илмий амалиёт ўтаб, манбашунослик ва ноёб қўлёзмалар билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз нутқларида Тошкент ислом институти магистратура таълим босқичини илк битирувчилар муваффақиятли тамомлагани улкан тарихий воқеа бўлгани, Юртбошимизнинг ташаббуси билан уламоларимиз ва мўмин-мусулмон халқимизнинг ана шундай орзу-умидлари, ихлос билан қилган дуолари ижобат бўлганини алоҳида таъкидладилар.
Маросим давомида Муфтий ҳазратлари ҳар бир битирувчини самимий табриклаш баробарида магистрлик дипломларини тантанали равишда топширдилар.
Шундан сўнг Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат фаолиятини бошлаётган магистрларнинг ойлик иш ҳақига 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилдилар.
Бундай рағбат ва имтиёзлар диний-маърифий соҳада юқори малакали, замонавий билимларга эга илмий-педагог кадрлар авлодини шакллантиришга хизмат қилади.
ЎзА