Лотин тилидаги “суррогат” сўзи ўзбекчада “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Моҳиятига кўра, суррогат – бирор нарсанинг ўрнига ишлатиладиган, лекин унинг ўрнини боса олмайдиган, унинг хоссаларигагина эга бўлган нарсадир. Масалан, сахарин – қанднинг суррогати, у қанднинг хоссаларига эга бўлса-да, унинг ўрнини боса олмайди.
Дунёда суррогат оналик деган нарса пайдо бўлганига анча вақт бўлган эса-да, буни кўпчилик давлатлар қўллаб-қувватламайди. Чунки суррогат оналик инсониятнинг наслига хавф солади. Шу жиҳатини ҳисобга олиб яқинда Туркияда суррогат оналик учун жиноят иши қўзғатиладиган бўлди. Бу ташаббусни “Органларни ва тўқималарни ўстириш, сақлаш ва кўчириб ўтказиш” тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш тарафдори бўлган соғлиқни сақлаш вазирлиги илгари сурди.
Қонунни бузган шахслар 2 йилдан 5 йилгача қамалиши мумкин. Қонун лойиҳасида, асосан, ҳомилага олиб келадиган уруғлантирилган тухум ҳужайраларини суррогат онага жойлаштириш тақиқланиши кўзда тутилади. Сунъий ҳомилага фақат, истисно тарзида қонуний никоҳда турган эр-хотинларга “учинчи шахснинг иштирокисиз” рухсат этилади.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади