Ҳикоя
Курсдошим Норқобилни учратиб қолганим яхши бўлди. У дарҳол уйига таклиф қилди. Ҳангомалашиб ўтирар эканмиз, пешайвон токчасида, қуёш шуъласида калтароқ сопли кетмонча диққатимни тортди. Кетмончанинг азизлаб қўйилганидан ажабланганимни пайқаган Норқобил бундай деди:
“Кетмонча 90 ёшли отамдан эсталик. Ҳар сафар унга кўзим тушганда, кўз олдимда отам гавдаланади. Шу кетмон отамга доимий ҳамроҳ бўлган. Шунинг учун ҳам ҳар уч кунда артиб, тозалаб токчага олиб қўяман. Ҳар-ҳарда ишлатиб ҳам тураман. Бундан уч ой олдинги воқеа содир бўлмаганида отам 100 ёшга кирармиди... Аллоҳ билгувчи, лекин ўша кунги ишимни эсласам виждоним азобланади. Ўзимни койиб гоҳида кўрнамаклик қилдим деб маломат ҳам қиламан.
Отамни ҳар куни гоҳ помидор, гоҳ ловия орасида кетмон чопаётганини кўраман.
– Қуёшнинг иссиғида нима зарур, сизга, – десам.
– Эрмакда болам, – деб қўярди.
Отамни кетмон кўтариб юрганини кўрганлар мени койийди.
– Отангга дам берасанми, йўқми?!
– Сенинг отангда қасдинг борми?
Бу гапларни қайта-қайта эшитаверганимдан бир куни ўзимни тутиб тура олмадим. Ишдан барвақт келган эдим. Отам кетмончада кечки сабзининг ариғини ковлаётган экан.
– Сизга нима зарур, ота, уйга кириб дамингизни олсангиз бўлмайдими? Шу кетмончани менга беринг, дедим-у, қўлидан олиб, ирғитиб юбордим.
Отам бўлса:
– Бу нима қилганинг, болам! Суянчиғимдан айирдинг-а! – деди. Яна бир нималар деб ғулдираганча хонасига кириб кетти.
Бир соатлар чамаси ўтди. қилмишимдан пушаймон бўлиб узр сўрагани кирсам иситмаси чиқиб алаҳсираб ётибди. Дарров дўхтир чақирдим. Дори-дармон қилдик, фойдаси бўлмади. Саҳар чоғида жон таслим қилди. Отамнинг ўлимига мен сабабчи бўлиб қолдим. Ўзимни ҳеч кечиролмайман. Отам 100 ёшга кирармиди деган фикр хаёлимдан ўтаверади...”
Дўстимнинг юзини ёш томчилари қоплаб олди. Мен эса қўлларимни дуога очдим.
Абдусаттор ҒОФУРОВ
Ҳаёт йўлларида юрар эканмиз, турли характердаги инсонларга дуч келамиз. Айниқса, катта йўллар, тиғиз ҳаракат ва машина рули ортидаги муҳит ҳайдовчидан нафақат чаққонликни, балки мустаҳкам асаб ва юксак сабр-тоқатни ҳам талаб қилади.
Йўлдаги синов ва биргина ҳадис
Олтмиш ёшларга бориб қолган, бироз жаҳлдор бўлса-да, дилкаш, кўнгли аскияга мойил қадрдон танишларимдан бири ҳайдовчилик касби ортидан умр ўтказиб келмоқда. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб келаётган бу инсоннинг исми Собир. Аммо исмига монанд сабри сал камроқ.
Кунларнинг бирида унинг машинасида кетарканман, кутилмаганда йўлдаги бошқа ҳайдовчининг бепарволиги сабаб Собир ака сўкиниб юборди. Ғазаби бироз босилгач, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғазабнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги муборак ҳадисларидан бирини секингина эслатиб ўтдим. Ўша пайтда у киши ҳеч қандай муносабат билдирмади: эҳтимол, ҳали жаҳлдан тўлиқ тушмагандир. Манзилга етиб, одатдагидай самимий хайрлашдик.
Орадан вақт ўтиб кўришганимизда Собир ака ўтган воқеани илиқлик билан эслади. Ҳайдовчига айтган сўзларидан кейин қаттиқ эзилганини, мен эслатган ҳадис унинг учун катта ибрат бўлганини яширмади. Ҳозир ҳам ғазаби тошганда ўша суҳбат эсига тушиб, ўзини дарҳол қўлга олишини айтади. Ўзидан анча ёши кичик инсонни омма олдида “устоз” деб иззатлаши, айтилган биргина насиҳатдан етарли хулоса чиқара олгани унинг нақадар соф ва олийжаноб қалб эгаси эканини кўрсатади.
Ҳиссиёт жиловидаги ҳақиқатлар
“Ғазаб умри калта ақлсизликдир”. Буюк алломалар бежиз бундай демаганлар. Ҳаётимизда тилга ва қўлга эрк бермаслик, ҳиссиётларни жиловлай олмаслик оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетгани, яқин қариндош-уруғлар ва қадрдон дўстларнинг ораси узилиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир насиҳат қилинг”, деган саҳобаларга У зот қисқа ва лўнда қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганлар.
Бу бежиз эмас, чунки ғазаб инсоннинг ақл-идрокини ўғирлайди, обрўсига путур етказади ва кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлигимизни, ақл ва тафаккур соҳиби эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Қачонки, жаҳлимиз чиқса, ақлимиз қочмаслиги керак. Сўнгги пушаймондан кўра, лаҳзалик жаҳлни ичга ютиб, сокинликни сақлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради. Унутманг, тинчлик ва хотиржамлик – энг буюк бойликдир.
Муаллиф: Анвар Эрмаматов, "Зарафшон" нашри.