Меъморчилик санъатининг дурдона кўриниши, дунёнинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланган ушбу масжид Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти Абу-Дабида жойлашган. Масжид унинг асосчиси ва мамлакатнинг биринчи раҳбари Шайх Зайд ибн Султон Наҳаён исми билан номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланиб, 12 йил давом этган. Унда 3500 дан ортиқ дунёнинг 38 та қўшма корхоналарининг қурувчи, мутахассислари меҳнат қилган.
Масжиднинг расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Масжид поклик рамзи бўлган оқ мармардан бунёд этилган. Масжиднинг меҳробига «Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз! Унинг исмларида ҳақдан оғиб кетувчиларни қўяверингиз! (Улар) қилмишларига (яраша) жазоланурлар» (Аъроф, 180) ояти ҳамда қибла томон деворларига ҳаттотлик усулида Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари Куфий ёзувида битилган.
Масжид сиғими 41 минг намозхон учун мўлжалланган. Масжид умумий майдони 17 минг кв. метр бўлиб, унинг 82 та гумбази ва тўрт бурчагида 104 метр баландликдаги тўрт миноралари бор. Жоме бош гумбазининг эни 32,6 метр, баландлиги эса 85 метрни ташкил этади.
Масжид диаметри 10 метр, баландлиги 15 метр, оғирлиги 12 тонна бўлган қандил (“Гиннес рекордлари” китобига киритилган) ҳамда қўл меҳнатида тўқилган дунёдаги энг катта 47 тонна оғирликдаги гилам (бу гиламни 1200 га яқин тўқувчи бир йил давомида тўқиган) билан безатилган. Масжид минбари ҳам анча баланд бўлиб, у 11 та зинадан иборат. Жомеда ҳафтада беш кун кутубхона ҳам фаолият юритади.
2008 йил масжид ҳузурида Шайх Зайд жоме масжиди маркази ташкил этилди. Илмий-тадқиқотлар олиб бориш, диний-маърифий журнал, газета ҳамда дарслик ва китоблар нашр этиш, аудио маҳсулотлар тайёрлаш ушбу марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Масжид кундузи қуёшда оқ ва тилла, кечқурун эса бошқа рангларда ярқираб туради. Масжид ҳудудида Шайх Зайд ибн Султон Наҳаённинг қабри жойлашган бўлиб, бу ерда куну тун Қуръон тиловати янграб туради.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун – Ёшлар куни.
Аввало, шуни айтмоқчиман: Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!
Сизлар илм олиш учун эшиклари очиқ бўлган юртда яшаяпсиз. Илм олишни истасангиз, касб-ҳунар ўрганишни истасангиз ҳам, олий таълим олишни истасангиз ҳам имкониятлар бор. Ота-онангиз тинч осмон остида сизнинг камолингизни орзу қилиб яшаяпти.
Бу неъматларнинг қадрига етинг.
Ҳар бир неъматнинг шукри бўлади. Ёшлигингизнинг шукри – уни Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфлашдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят).
Азиз ёшлар!
Бугун дунё сиз учун курашмоқда. Аммо бу кураш қурол билан эмас, қалбингиз учун курашдир.
Бир томонда муаллим устозларингиз чақиради.
Иккинчи томонда нафс чақиради.
Бир томонда ота-онанинг дуоси.
Иккинчи томонда интернетдаги номаълум одамларнинг чақириқлари.
Бир томонда юртимиз уламолари.
Иккинчи томонда ўзини “ҳақиқат тарафдори” деб кўрсатадиган, аммо аслида ёшларни фитна, ғазаб ва адоват сари етаклайдиган бузғунчи оқимлар.
Улар сизга: “Фақат биз ҳақмиз”, дейди.
Аммо уларнинг ортидан борган қанча ёшлар ота-онасидан, илмидан, юртидан айрилди, энг ачинарлиси эса, хотиржамлигини ҳам йўқотди. Улар бахт излаб чиқиб, бахтини йўқотди.
Ислом эса, инсонни ота-онасига меҳрибон, юртига фойдали, илмга ташна, одобли ва раҳмли бўлишга чақиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлик ҳам мана шу икки неъматнинг энг гўзал давридир.
Бугун телефонингизда биргина тугма билан дунёнинг ҳар хил фикрлари кириб келади.
Аммо унутманг...
Ҳар кўп кузатиладиган одам ҳақ бўлавермайди.
Ҳар чиройли гап жаннатга олиб бормайди.
Баъзан энг хавфли заҳар энг ширин идишда бўлади.
Шайтон ҳам ҳеч қачон инсонни: “Кел, гуноҳ қил”, деб бошламайди. Аввал: “Фақат битта видео кўр”, дейди. Кейин: “Фақат битта шубҳали саҳифани ўқиб кўр”, дейди. Сўнг эса қалб аста-секин нурини йўқота бошлайди.
Бугун сен кимни тинглаётганинг – эртага ким бўлишингни белгилайди.
Ким билан юрганинг – қаерга боришингни белгилайди.
Нимани кўраётганинг – қалбинг қандай бўлишини белгилайди.
Шунинг учун уламоларга маҳкам ёпишинг.
Диёрингиз уламоларига яқин бўлинг.
Жонажон ватанингизни дўст тутинг.
Илм-ҳунарни ҳаётингизнинг энг гўзал лаҳзасига айлантиринг.
Ота-онангизнинг розилигини йўқотманг.
Чунки ота-онанинг биргина дуоси баъзан инсонни дунё ва охират саодатига олиб боради.
Азиз ёшлар!
Ёшлик – ўтиб кетадиган фасл.
Бугун кучли оёқлар бир кун қарийди.
Бугун ўткир кўзлар бир кун хиралашади.
Бугун тез югураётган юрак ҳам бир кун тўхтайди.
Аммо ёшлигингизда ватанингизга қилган бир фидоийлик, бир садақа, бир илм, бир яхшилик Қиёмат кунигача сиз билан қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар: Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралади. Улардан бири “Ёшлигини нимага сарфладинг?”.
Шундай экан, бугун жавобини тайёрлайлик.
Эй ёшлар!
Сиз бу юртнинг умидисиз.
Ота-онангизнинг қувончисиз.
Устозларингизнинг мевасисиз.
Умматнинг эртанги кунисиз.
Шундай экан, ҳеч ким сизнинг пок қалбингизни ўғирламасин.
Ҳеч ким сизни илм йўлидан чалғитмасин.
Ҳеч ким сизни фитнага бошламасин.
Илм билан юксалинг.
Одоб билан безанинг.
Шундай ёш бўлингки, сизни кўрган ота-она: “Аллоҳим, Ўзинга шукур, фарзандимдан розиман Сен ҳам рози бўлгин”, деб дуо қилсин.
Аллоҳ таоло барча ёшларимизни иймони мустаҳкам, илми зиёда, одоби гўзал, ота-онасига садоқатли, Ватанига фойдали ва умматга хизмат қиладиган солиҳ инсонлардан айласин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби