2023 йил 11 апрель куни муборак Рамазон ойини муносиб нишонлаш мақсадида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти виртуал симпозиум ўтказди. Симпозиум ташкилот Бош котибияти томонидан Рамазонга оид масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ўтказилиб, уни Халқаро ислом фиқҳи академияси қошидаги Фатволар ва мурожаатлар расадхонаси раҳбари, доктор Муҳаммад Мустафо Шуайб олиб борди.
Анжуман “Рўза ва тақво”, “Рўза ва Қуръон”, “Рўза ва намоз тушунчалари”, шунингдек, “Қадр ва Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати”, “Саховат ойида меҳр-мурувват ва саховат тушунчалари” каби мавзулар доирасида бўлиб ўтди. Шунингдек, Гвинея Республикасининг Конакри шаҳрида бўлиб ўтган 40-сессиянинг вазирлар кенгаши қарорига мувофиқ, Рамазон ойининг 15-кунини “Етимларга ғамхўрлик кўрсатиш” куни қилиб белгилаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz