Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2026   |   5 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:46
Bismillah
20 Июн, 2026, 5 Муҳаррам, 1448

Ҳайит шукуҳи

27.06.2017   107903   2 min.
Ҳайит шукуҳи

    Болалигим хотиралари

Эслайман. Ёш бола эдик. Опа-сингиллар, қўшни ҳамтенглар – ҳаммамиз болалик ўйинларининг бирортасини бегона қилмаганмиз. Ҳар бир байрамни-ку асти сўраманг. Бир-икки ҳафта олдин кийимлар олдириб, ёки онажонимизга тиктириб, ҳар куни камида 2-3 марта кўйлакларимизни кийиб кўриб, роса завқланардик: шодлигимизнинг чеки бўлмасди. Айниқса, ҳайит байрамларининг шукуҳи ўзгача эди. Хонадонимизнинг катталари бизни пул, ширинликлар, ҳар хил совға-саломлар билан сийлашарди. Ўша куни онамнинг оналари – Зулфин момомнинг ташрифлари бир қувончимизга ўн қувонч қўшарди. Бошларида енгли желак бўларди,  уни қанд-қурсга тўлдириб келардилар. Музқаймоқ олиб енглар, деб пул ҳам берардилар раҳматли моможоним. Кечқурун катта сўрида жой ҳозирлаб, байрамона дастурхон тузаларди. Ҳаммамиз дастурхон атрофида ўтириб, тансиқ таомлар тановул қилиб, момом айтган рамазон ва қурбон ҳайити шеърларини мириқиб тинглардик. Мана ўша шеърлардан эсимда қолганлари:

Моҳи Рамазон,

Азиз,  жонажон.

Сен келганинг он,

Қувонч бир жаҳон.

Йилда бир эмас,

Кўпроқ келсайдинг.

Бизга ёқишинг,

Кошки билсайдинг.

Моҳи Рамазон,

Азиз, жонажон.

Қурбон ҳайитига аталган мана бу шеър ҳам ҳамон ёдимда:

Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит,

Дастурхони тўкин бу ийд.

Йўқловларинг яна бойит,

Юраклардан ғамни арит,

Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит.

Моможонимнинг тилларидан тўкилган бу дурлар халқ оғзаки ижодиданми ёки ўзларининг ижодлариданми билмадиму, бу мисралар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.

Йиллар ўтди. Каттарганимда негадир бу байрамни нишонламай, сайлларга чиқмай қўйдик. Сабаби эса аён.

Истиқлол бизга ўша – болалик шодликларимизни қайтариб берди. Болаларимга, набирамга ҳайитлик улашар эканман, кўнглимда ўша орзиқиш, ўша хотиротлар қайта тикланади. Илоҳим, менинг юрагимда яшаётган ҳайит шукуҳи энди фарзандларим, набираларим қалбида ўзининг баланд бўйини кўрсатсин.

                                                                                Зебо ОМОНОВА

 

 

Рамазон
Бошқа мақолалар

Саҳарлик қилмай, рўза тутсам бўладими?

19.06.2026   8104   1 min.
Саҳарлик қилмай, рўза тутсам бўладими?

Савол: Фазилатли ой ва кунларда нафл рўзалар тутиб тураман. Баъзида шундай ҳолат бўладики, бомдодга турганимда саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлади, лекин мен шу куни бемалол рўза тутишга кучим етади. Шу вақтда рўзага ният қилиб олсам бўладими?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, нафл рўзалар учун саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлса ҳам, ҳатто кун ярмига етмагунча ният қилиб олиш мумкин, фақат саҳарлик вақти чиққандан кейин рўзани бузувчи амаллардан бирортасини ҳам қилмаган бўлиши шарт.

Демак, сиз ҳам уйғонганда саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлса ҳам, ҳеч нарса еб-ичмасдан нафл рўзани ният қилиб олсангиз бўлади.

Аслида рўза тутишни ният қилиш вақтлари иккига бўлинади.

Биринчиси, қазо рўза, каффорат ва маълум бир кунни тайин қилмаган назр рўзаларни тутишда саҳарлик вақти чиқмасдан туриб ният қилиш шарт бўлади. Саҳарлик вақти чиққандан кейин қилган нияти ҳисобга ўтмайди.

Иккинчиси, Рамазон рўзаси, нафл ва муайян кунда тутиш назр қилинган рўзаларни шаръий наҳорнинг ярмига етмагунича ният қилиб олиш мумкин. Шарт шуки, ният қилгунча рўзани бузадиган ҳеч қандай иш қилмаган бўлиши керак. Масалан, саҳарлик вақти чиққандан кейин бирор нима еб ёки бирор қултум сув ичиб қўйган бўлса, рўзага ният қила олмайди. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази