Улуғ ой - Рамазон ойининг охирги кунларида турибмиз. Бу ойнинг файзли, футуҳли кунлари ва тунларидан унумли фойдаланишимиз лозим.
Баъзи аёлларимиз рамазон рўзасини тутса-да, охирги ўн кунликда бепарво бўлишади. Чунки улар ҳайит айёмига тайёргарликни бошлаб юборишади. Кимдир ҳайитга янги кийим олиш, кимдир ширинликлар пишириш ташвишида улуғ кунларни бесамар ўтказиб юборади. Қиз узатилган, келин тушган хонадонларда ҳайитга алоҳида тараддуд кўрилади. Айниқса, қиз узатган оналар қизининг келин бўлиб тушган хонадонига қутилар ва тоғораларда пишириқлар, сархил мевалар, ширинликлар юбориб дастурхон тўкин бўлишига ҳаракат қилишади. Келинлар ҳайит кунлари қайнона, қайнэгачи-қайнисингилларини хурсанд қилиш, меҳмонларни кўнглини олиш, уларни келинсалом билан кутиб олиш ташвишида бўлишади. Буларнинг барчаси албатта келинликнинг зийнати, миллий урф-одатларимиз сирасига киради. Лекин ҳар нарсада ҳам меъёр бор. Ҳайит риёкорлик, исрофгарчиликда кимўзарчилик байрами эмас, балки саховат, яхшилик, меҳр-оқибат айёмидир.
Ҳадиси шарифларда исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади:“Аллоҳнинг ноз-неъматларидан ҳоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можжа ривоятлари).
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида фатво”сида, янги келин тушган хонадонда бўладиган ҳайит маросимларини ихчам тарзда, фақат қариндошлар билан бир кунгина ўтказиш ҳақида таъкидлаб ўтилган.
Опа-сингилларимиз Рамазон ойининг сўнгги кунларида исрофгарчиликка ружу қўйиш ўрнига, ихлос ила Қуръон тиловати, ибодат, истиғфор, яхшилик, хайр-саховат қилиб ўтказишса икки дунё саодатига эришишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси 114-оятида шундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида - садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёҳуд одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса – яхшилик йўқдир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”.
М.Абдуллаева,
ЎМИ мутахассиси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари тўғридан-тўғри ва онлайн тарзда иштирок этишди. Дастлаб, Лондон қироллик коллежи Археология бўлими илмий ходими, доктор Милиана Радивоевич Наманган вилоятидаги Ахсикент мавзеида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижаси билан таништирди.
Милиана Радивоевич узоқ йилларда бери мамлакатимизда олиб борилаётган археологик тадқиқотларда фаол иштирок этиб келади.
— Ахсикент дунёдаги энг қадимий металлургия марказларидан бири ҳисобланади. Мен ўзбекистонлик, кипрлик ва буюк британиялик ҳамкорларимиз билан бирга Ахсикентда илк ўрта асрларда металлургия юқори даражада ривожланганини аниқладик. Жумладан, ислом оламининг дастлабки даврида тайёрлана бошлаган машҳур Дамашқ қиличлари ҳам айнан Ахсикентда қазиб олинган ва қайта ишланган пўлатдан фойдаланганини исботладик. Насиб этса, Марказнинг очилиши маросимида бу тарихий воқеани алоҳида медиалойиҳа сифатида тақдим этамиз, — деди у.
ИЦМ халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Екатерина Соболева Кенгаш аъзоларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиши маросими концепцияси билан таништирди. Унда ушбу маросим доирасидан жой олган тадбирлар, “Ўтмишнинг боқий мероси – буюк келажак асоси” мавзусидаги IX конгресс кун тартиби, иштирокчилар рўйхати, Имом Бухорий мажмуасининг янги биноси ва инновацион музейи сингари қатор масалалар ўрин олган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Марказнинг очилиши муносабати билан ўтказиладиган Халқаро кўргазма, хориждан олиб келинадиган қўлёзмалар, экспонатлар ҳақида маълумот берди. Хорижий мамлакатлардаги қатор музей ва кутубхоналар, шахсий коллекциялар раҳбарларнинг ушбу кўргазмасидаги иштироки бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
— Биз 25 апрель-2 май кунлари Буюк Британиянинг “Сотбис” ва “Кристис” аукционларидан Ўзбекистон маданий меросига оид 46 та лотни сараладик, — деди Марказ раҳбари. — Айни пайтда уларни сотиб олиш ва Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар давом этяпти. Биз бу тарихий меросни қайтадан қўлга киритаётганимизни жаҳон илмий жамоатчилигига етказишимиз керак. Шу боис, Буюк Британия ва Францияда шу масалада халқаро тадбирлар ўтказишни режалаштиряпмиз.
Кенгаш аъзолари томонидан ушбу йирик анжуманларга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонлар рўйхати ҳам тақдим этилди. Кенгайтирилган илмий кенгаш аъзолари томонидан ушбу халқаро тадбирларда иштирок этадиган ўзбекистонлик олимлар ва экспертлар рўйхати тасдиқланди.
Кенгаш давомида, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Алишер Эгамов Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги музей фондларидан Марказ экспозициясида намойиш қилиш учун тўпланган тарихий экспонатлар ҳақида маълумот берди. Март-апрель ойида жойларга уюштирилган экспедициялар натижасида 1500 дан ортиқ тарихий экспонатлар аниқланган. Мамлакатимиз тарихининг турли даврларига мансуб бу тарихий буюмлар орасидан сараланганлари Марказнинг очилиши муносабати билан ўтадиган халқаро кўргазмадан жой олади.
Шунингдек, Марказ экспозицияси учун 2-тоифали медиалойиҳаларнинг илмий-амалий материаллар базасини яратиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилди. Бошқа бир қатор масалалар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Кенгаш учрашувида Марказ ҳамда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти қўшма лойиҳаси - "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумидаги китоб-альбомларнинг 81-90 жилдларини нашр қилиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, нашрга тайёрланаётган еттита совғабоп китоб-альбом ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари учрашувда Кенгаш аъзолари Қуръони карим залининг янги дизайнини ҳам тасдиқлашди.
— Қуръон зали бинонинг марказий қисмидан ўрин олгани учун унинг дизайнига алоҳида эътибор бериляпти, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бошлиғи Азимжон Ғафуров. — Биз Кенгаш аъзолари эътиборига Ҳазрати Усмон Қуръони жойлаштириладиган айвон устида жойлашадиган нурли инсталляциянинг икки хил кўринишини тақдим қилдик. Йиғилишда энг мақбул вариант танланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига навбатдаги ташрифи чоғида халқаро ҳамкорлар, жумладан, дунёнинг етакчи музейлари, кутубхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича топшириқлар берган эди. Марказ биносининг иккинчи қаватини халқаро ташкилотлар ваколатхоналари учун хоналар ажратиш, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази учун алоҳида янги бино қуриш тўғрисидаги қарорнинг муҳим бандларидан бири бўлди. Қирққа яқин асосий ҳамкор давлатлар мавжуд. Марказнинг иккинчи қаватида уларнинг фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратилиб, замон талаби даражасида ташкил этиш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг навбатдаги кенгайтирилган илмий кенгаши жараёнида алоҳида таъкидланди.