Самъонийнинг “Ал-ансоб” китобида ва Заҳабийнинг “Тазкиратул ҳуффоз” китобида сайёҳ, ҳофиз[1] Абул Фитён - Умар ибн Абдулкарим ибн Саъдувайҳ Диҳистоний Раввосий (427/1036−503/1110) раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида қуйидаги маълумотлар келади:
“Ўз асрининг ҳофизларидан эди. Илм йўлида Хуросон, Ироқ, Шом, Ҳижоз, Миср, Арабистонга сафар қилиб, илм ўрганиб уларни китобларга битган олимлардан эди. Уни каллапуруш, деб ҳам номлашарди. Чунки, отаси Диҳистонда чорва ҳайвонларининг каллаларини сотар эди. Бир куни Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бажалий, Розий Диҳистонга келиб, Абул Фитённинг отаси Абул Ҳасандан ейиш учун калла сотиб олади. Абул Ҳасан Абу Масъудга қараб: “Кўринишингиздан олим инсонга ўхшайсиз, сиздек инсон учун дўконда ўтириб нарса ейишингиз маъқул эмас, масжидга кирсангиз каллани ўзимиз олиб бориб берар эдик”, деди.
Шунда Абу Масъуд масжидга кириб ўтиргач, Абул Ҳасан ўғли Абул Фитёндан қовурилган чиройли калла, сирка, пиёз ва ширмой нонни бериб юборди. Абул Фитён ўшанда ҳали ёшгина бола эди. Абу Масъуд мазкур ишдан мамнун бўлиб, Абул Ҳасаннинг қилган ишига тасанно айтди. Каллани еб бўлгач, унга ташаккурлар айтдида ва менга жуда ҳам чиройли муомала қилдинг. Менда бунинг эвазига сенга берадиган ҳеч нарсам йўқ. Агар хоҳласанг, ўғлингни олдимга жўнат, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан айтиб бераман.
Отаси бундан жуда ҳурсанд бўлди. Шу билан Абу Масъуд Абул Фитённи ўзи билан Диҳистон шайхларининг олдиларига олиб борар ва унга ҳадис айтиб берар ва уларнинг баъзиларини ўзгаларга айтишини буюрарди. Шундан сўнг Абул Фитёнга бу иш жуда ёқиб, унда илмга бўлган муҳаббат пайдо бўлди. Кейинчалик ўзи ҳам сафар қилиб, жуда кўп ҳадис тўплади. Ҳатто тенгдошлари билмайдиган ҳадисларни эшитиб жамлади.
Ибн Нуқта айтадики: Аҳли илмларни жуда кўпидан эшитдим, уларнинг айтишича, Абул Фитён 3600 та шайхдан илм ўрганган экан. Адиб Хузайма ибн Али Марвазий айтади: “Умар Раввосийнинг бармоқлари сафарда юрганида совуқ сабабли узилиб тушган.
Ҳофиз Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Ҳамадоний айтди: Бу диёрда Абул Фитёндан кўра зеҳни ўткир инсонни кўрмадим, балки бутун дунёда ҳам унга ўхшаши йўқ. Гўё саёҳатчи китоб эди. Дунёни ҳадис ўрганиб айланиб чиқди. Уни Маккада учратиб қолдим. Барча шайхлар уни мақташарди, у ҳақда гўзал сўзларни айтишарди. Сўнг Журжонда учратиб қолдим, шу ерда у билан қадирдон бўлиб қолдик.
Бу фанда (ҳадис) кўзга кўринган пешволардан эди. Ҳаттоки устози Абу Бакр Хатиб Бағдодий ва Абу Ҳомид Ғаззолий ундан ҳадис ривоят қилган. Хусусан, Абу Ҳомид Ғаззолий бу зотдан икки саҳиҳ китобини ўтказиб олган. Шунингдек, Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Журжоний ва жуда кўп муҳаддису фақиҳлар ундан ҳадис ўрганганлар.
Ибн Макуло айтади: Раввосий мендан ҳадис ёзиб олди ва айни пайтда мен ҳам ундан ҳадис ёзиб олдим. Уни заковатли эканини билдим. Самъоний айтади: “Аҳмад ибн Муҳаммад Сарахсийдан эшитдим: “Умар Раввосий Сарахсга келган пайтда у жойда ҳадис айтиб, талабаларга ёздирар эди. Унинг дарсига жуда ҳам кўп одамлар келар эди. Умар Раввосий дарслари ҳақида шундай дер эди: “Мен дарсимга келган талабаларнинг барчасини исмини биринчи бор келганларида ёзиб қўяман ва улар иккинчи бор дарсга келганларида уларнинг исмларини ёддан айтиб бераман. Улардан сўрашимнинг ҳам ҳожати бўлмайди”. Айтишларича: “У кишининг дарсига келган жамоат етмиш кишидан иборат бўлар экан”.
Абдулғофур ибн Исмоил айтди: Умар Раввосий ҳадис санадларини яхши биладиган машҳур инсон эди. Кўп китоблар ёзган ва кўп маълумотларни бобларга ажратиб жамлаган, тез ёзадиган киши эди. Ҳаёти салафлар ҳаётига ўхшаш камбағал ва кўп фарзандли эди. Найсобурдан Тусга қараб йўл олди. У ерда Имом Ғаззолий у зотга кўп ҳурмат кўрсатиб ўзининг уйига туширди ва У зотдан “Саҳиҳул Муслим”ни эшитди. Шундан сўнгина кетишга рухсат берди.
Сўнг Тусдан чиқиб Марвга Имом Абу Бакр Самъоний (“Ансоб” китоби муаллифининг отаси)ни зиёрат қилиш учун йўлга тушади. Зеро, Абу Бакр Самъоний у зотни чорлаган эди. Бундан мақсади у зотнинг илми-у ирфонларидан олиш эди. Умар Раввосий Марв томонига юрар экан ўзига ўзи: “Мен Марвга кетмоқдаман-у, лекин айтишларича йўлим устида бўлган Сарахс шаҳри “илмнинг қабристони” экан. Иш қилиб, менга ҳам бирор нарса бўлмасайди”, дейди ва йўлида давом этади. Ҳақиқатдан ҳам у зот қўрққан нарса бўлади. У зот 503 йил робиъул охир ойида, Сарахсга келганида ажали етади”. Бу маълумот Умар Раввосийнинг қабртошига ёзиб қўйилган. Аллоҳ ўз раҳматига олсин!
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров
[1] Ҳадис илмида биладиганлари кўп бўлиб, билмайдиганлари кам бўлган кишига ҳофиз дейилади.
Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган...” (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.
Жория оятнинг давомини ўқиди: “...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир...”.
У киши деди: “Мен сени афв этдим”.
Жория оятнинг охирини ўқиди: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.
Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” (Жосия сураси, 14-оят).
Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.
Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.
Хизматкор: “Эшитдим”, деди.
Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.
Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.
Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.
Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.
Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.
Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.
Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.
Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:
- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.
Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:
- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.
Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.
Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.