Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Май, 2026   |   13 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:11
Қуёш
04:53
Пешин
12:26
Аср
17:33
Шом
19:53
Хуфтон
21:27
Bismillah
31 Май, 2026, 13 Зулҳижжа, 1447

Одам нимадан яралган?

20.06.2017   18094   5 min.
Одам нимадан яралган?

Ниҳоят оврупалик олимлар Қуръони каримнинг “одам лойдан яратилган” деган оятини тан олди. Кейинги йилларда геология ва биология соҳасидаги етакчи олимлар “одамнинг лойдан қандай яралгани” масаласини изчил тадқиқ этдилар. Ана шу тадқиқот устида Massachusetts Teknoloje институтидан Хайман Хартман, Калифорния университетидан Лейл М.Койн, Бельгиянинг Liege университетидан Пьер Лазио ва Glasgow университетидан Грахман К.Смит каби таниқли олимлар ишламоқдалар.

Барча инсонни чиройли қилиб яратган Зотдир. Инсонни яратишни эса (илк бор) лойдан бошлади” (Сажда сурасининг 7-ояти);

У инсонни (Одамни) сопол янглиғ обдон қуритилган лойдан яратди” (Ар-Раҳмон сурасининг 14-ояти), .

Барча инсонларни чиройли қилиб яратган Зотдир” калимасига эътибор қилинг. Қачонки, “лой” сўзини тилга олар эканмиз, кўз олдимизда пашша-ю чивинларга тўла – жамики юқумли касалликларнинг манбаи бўлган ботқоқ гавдаланади. Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан ана шундай кўримсиз, биров қарагиси келмайдиган, пашшалар ижғиб ётган, бадбўй-у, ҳақир лойдан шу қадар гўзал одамни яратди. Буни қарангки, энг сифатли сополчилик маҳсулотлари ҳам лойдан тайёрланар экан.

Агар ёпишқоқ бўлмаганида, лойни қумга қўшиб қориштирилмаганида электроника ҳам, минтақалараро ва сунъий йўлдошлараро  алоқалар ҳам бўлмас эди. Ҳатто ХХ асрнинг энг буюк ихтироси – компьютер ҳам бўлмас эди.

Асосий электрон элементлар (диод, транзистор, резистор ва бошқа) – яримўтказгичлар – лойдан бошқа нарса эмас.

Балчиқ лойининг хусусиятлари битмас-туганмас. У – ажойиб катализатор, нефтни қайта ишлаш борасида беқиёс тезлаштирувчи. Лой нарсалар таркибидаги заҳарларни ўзига сингдириб олиб уни тозалайди ва  заҳарнинг кучини кесади.  Унинг яна бир муҳим хусусияти, у радиация нурларини ўзига тортиб олади. Радиактив нурларни ўзига сингдириб олиш билан у атроф-муҳитнинг тозалигига ҳисса қўшади.

Балчиқ (лой) – тирик организм.

Зотан, Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратгандирмиз” (Соффот сурасининг 11-ояти).

Доктор Лейл М.Койн таъкидлашича, “Кўринишидан қимирламайдиганга ўхшаган лойнинг ичида ғоятда сирли ҳаёт кечади. Бир парча музлатилган лойни, – деб ёзади у, – болта билан уриб синдирдим ва кашфиёт қилдим: лабораторияда бир ой давомида ультрафиалет нур таралиб турди. Мени ҳайратга солгани, унинг манбаи балчиқ лойи эди”.

Нима бўлди? Лой қаттиқ элементлардан иборат. Кристалларнинг молекулалари қатор доирачалар ва барглар қиёфасини ҳосил қилади. Уларнинг устига ўтказгич ионлар ҳалқаси жойлашади. Ионлар “химиявий реакция кашшофлари” бўлиб, лойнинг ҳар бир қисми ичига жойлашиб ўзларига топширилган дастур бўйича ҳаракатланади.

Балчиқ лойи ўзининг ана шу хусусияти билан тўқиманинг худди иондек майда қисмлари тезлаштирувчи функцияни бажарадиган тирик тўқимани эсга солади.

Мулоҳаза учун мавзу

Тадқиқот натижалари кўрсатишича, ташқи таъсирлар сабабли кристаллнинг ион халқалари узилади, аммо орадан бир қанча вақт ўтиб баргмонанд молекулалар уларни яна қайта тиклайди.

Жейм Глекнинг фикрича, “Кристаллардаги  ионлар халқасининг ҳаракатланиши шахмат доскасида фигураларнинг мантиқли ҳаракатига ўхшайди”.

Лейл М.Койн таъкидлашича, “Лойнинг кристалл бирикиши унинг имкониятларига таъсир қилмайди, шундай қилиб тозаланган кристалл худди оппоқ қоғозга ўхшаб қолади. Ионлар халқаси ҳаракатининг электр ўтказиш хусусияти мавжуд, фақат бунинг учун озгина ташқи ҳаракат таъсири лозим. Бу кундалик турмушнинг асоси ҳисобланади – ташқаридан энергия олиш ва уни сарфлаш. Ўзини ўзи янгилаб олиши эса кейинги босқич.    Ана шу икки ҳолатда ҳам лойнинг иштирок этиши ундан ҳаёт яралгани ҳақидаги назарияни яна бир бор тасдиқлайди”.

Бу ҳақда доктор Хартман нима дейди: "Янада замонавийроқ аслаҳа билан биз молекулаларни ўрганиш билан чекланмасдан, мавзуга янада чуқурроқ кириб бориб, атом тузилишини ҳам тадқиқ этиб, шубҳасиз, ундан-да юқорироқ натижани қўлга киритишимиз мумкин эди, аммо ўшанда, ишончим комилки, биз ерда ҳаёт қандай пайдо бўлганини ўргана олмас эдик" .

"Менимча, – деб ёзади тадқиқотчи, – “ҳаёт” ва “тирик” тушунчалари атом ва молекулаларнинг  моддийлиги билан кифояланмайди. Лойнинг хусусиятини ўрганиш борасида қандай катта ютуқларни қўлга киритмайлик, барибир, ундан одам қандай яратилганини амалий жиҳатдан асослаб бера олмаймиз. Чунки бу ҳодиса бизнинг ақлий ва интеллектуал салоҳиятимиздан баланд туради. Ҳаётнинг ақлбовар қилмас формуласининг сирини Яратувчининг Ўзи билади. Биз ана шу масала ҳақида тафаккур қилишимиз мумкин, аммо ҳеч қачон лабораторияда ҳаёт ярата олмаймиз".

Доктор Хартманнинг “ҳаётга тириклик берадиган” деган ифодаси бу – руҳ. Бу ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифда маълумот берилган. Руҳнинг моҳияти ва ҳаракати инсон ақлига бўйсунмайди. Зотан, Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир”. Сизларга оз илм берилгандир" (Исро сурасининг 85-ояти), деб марҳамат қилинган.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аёллар зулматни ёритувчи юлдузлардир

25.05.2026   12261   3 min.
Аёллар зулматни ёритувчи юлдузлардир

Озор берса замоннинг ўткир нишлари,
Ягона Зотдан сўранг Унинг ёрдамин.


Муслима, солиҳа аёл эри билан яхши яшайдиган, Роббисидан сўнг эрига итоат этадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай аёлни мадҳ этганлар ва уни эркак киши эришиши лозим бўлган намунавий аёл эканини билдирганлар. Энг яхши аёл ҳақида сўралганда бундай жавоб берганлар:

قال: التي تسره إذا نظر، وتطيعه إذا أمر، ولا تخالفه في نفسها ومالها بما يكره

(Энг яхши аёл) эри қараса хурсанд қиладиган, буюрса итоат этадиган, ўз нафси ва молида эри ёмон кўрган нарса билан унга хилоф қилмайдиганидир” (Имом Насоий ривояти).

عن ابن عباس قال: لما نزلت الآية (والذين يكنزون الذهب والفضة) فانطلق عمر واتبعه ثوبان فأتى النبي صلى الله عليه وسلم فقال: يا رسول الله، إنه قد كبر على أصحابك هذه الآية. فقال النبي صلى الله عليه وسلم: ألا أخبرك بخير ما يكنزه المرء؟ التي إذا نظر إليها سرته وإذا أمرها أطاعته وإذا غاب عنها حفظته

Аллоҳ таолонинг:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّ كَثِيرًا مِنَ الْأَحْبَارِ وَالرُّهْبَانِ لَيَأْكُلُونَ أَمْوَالَ النَّاسِ بِالْبَاطِلِ وَيَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلَا يُنْفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَبَشِّرْهُمْ بِعَذَابٍ أَلِيمٍ﴾

“Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер” (Тавба сураси, 34-оят) ояти нозил бўлганда Умар ва Савбон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига боришди. Умар розияллоҳу анҳу: "Ё Расулуллоҳ, бу оят саҳобаларингизга оғир келди", дедилар.

Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Умар, киши энг яхши хазина қиладиган нарсанинг хабарини берайми? Унга қараса хурсанд қиладиган, буюрса итоат қиладиган ва эри ғоиб вақтида (моли ва обрўсини) ҳимоя қиладиган солиҳа аёл (кишининг энг яхши хазинасидир) (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлнинг жаннатга киришини эрининг розилигига боғлаб қўйдилар. У зот айтадилар:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: أيما امرأة ماتت وزوجها عنها راض دخلت الجنة

“Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда вафот этса жаннатга киради” (Имом Термизий ривояти).

Сиз ана шу аёл бўлишга интилинг, шунда ҳақиқий бахтга эришасиз.

Шуъла: Охират диёрида энг аввалгилар қаторида сиз учун ажратилган ўрин бор. Фақатгина сиз амалларингизни кундан-кунга мукаммал қилиб боринг.

 

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан