Келинг эй рўзадорлар, бирга ифтор этайлик,
Беҳуда сўзни ташлаб ширин гуфтор этайлик.
Ўлтириб дастурхон атрофида ёронлар,
Шукрони неъмат айлаб, қуллик изҳор этайлик.
Саҳар туриб Худога тавба тазарруъ айлаб,
Нури имонимизни соф, беғубор этайлик.
Рўзани амр этибдур Исломга Ҳақ таоло,
Адо этиб бу фарзни талаб дийдор этайлик.
Сабр ила бу кечирган очлик ва ташналикдан,
Ибрат олиб муҳтожлар кўнглин шуккор этайлик.
Моҳи шариф келганда журму-хатодин ўзни,
Сақлаб қилиб ибодат, таввоб саййор этайлик.
Рўза билан баробар нафс йўлини беркитиб,
Гуноҳ лойига ботмай элни ҳушёр этайлик.
Рўзани ажрини хос Тангри Ўзи берармиш,
Дамни ғанимат айлаб, тоатни ёр этайлик.
Бир кечани бу ойда пинҳон этибдур Субҳон,
Истаб ани ёронлар ўзни бедор этайлик.
Фазилати бу кечани қадри минг ойга тенгдир,
Муборак хислатини хўп эътибор этайлик.
Аллоҳнинг изни бирла фаришталар тушарлар,
Алар билан баробар тасбеҳ такрор этайлик,
Ҳушнудни ҳам қаторда соҳиб асрор этайлик.
Зарифа Маҳкам қизи оққа кўчирди.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин шариатга боғлиқ барча масалалар саҳобалардан сўралди. Ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввал мусулмон бўлган саҳобалардан ўзлари тушунмаган турли масалалар ечимини сўрардилар.
Имом ибн Aҳмад Шаъроний ўзларининг “Aл-Мийзан аш-Шаърония” асарида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган. “Aслида саҳоба ва тобеъинлар даврида мазҳабларнинг сони ўн саккизта бўлган. Уларнинг барчаси ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ажралиб чиқди. Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”.
Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган.
Саматов Жалолиддин,
Давлатабод тумани "Юсуфхон ўғли Қосимхон"
жоме масжиди имом ноиби