Муборак ойнинг ўн биринчи куни ҳам саррин шабада эсиб турди. Рўзадорлар кунни маза қилиб ўтказди. Ифторлик қилиб олган ҳамшаҳарларимиз ювиниб-тараниб, таҳоратларни янгилаб ўн иккинчи таровеҳни ўқиш ниятида масжидга ошиқмоқда.
Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган “Минор” масжидининг деворлари оппоқ бўлгани боис уни баъзилар “Оқ масжид” деб айтади.
Масжиднинг олдида туриб ҳар тарафдан келаётган одамларни кузатсангиз, улар худди шамга айланаётган парвонага ўхшайди. Ўзи мана шу ўхшашлик фақат ташқи кўринишда эмас, маънода ҳам бор. Шам парвоналарни ёруғлиги билан ўзига жалб этгани каби масжид ҳам қалбларга зиё улашади, ёритади. Хусусан, рамазон ойида, таровеҳ намозларида. Шунинг учун ҳам одамлар масжидга шошилади.
Ана азон чақирилди ва намозхонлар саф тортди. Аллоҳу акбар!..
Машина йўлига чиқиб кетган одамни кўриб ҳайдовчи зўрға тўхтатиб қолди. Ундан ҳам олдин ёнидаги дўсти тушасолиб йўловчининг ёқасидан олди. Узр сўраб довдираётган одамни кўриб, ҳайдовчи тез тушди-да, дўстидан унинг ёқасини қўйиб юборишини сўради.
– Бу нима деганинг?! Сал бўлмаса қамалиб кетардинг-ку буни деб, – янада жаҳли чиқди дўстининг.
– Сен уни қўйиб юборавер, гап бор... Бўлди, ака, ҳушёр бўлиб етиб олинг... Йўқ, шошманг...
Ҳайдовчи ҳатто у одамнинг қўлига пул ҳам берди. Дўстини ҳайрон қолдириб, машинага қайтди.
Дўстининг савол назари билан қараб турганини кўриб, изоҳ бера бошлади:
– Бир соатча олдин дорихонага киргандим. Шу одамга кўзим тушганди. Қўлида дорилар рўйхати ёзилган қоғоз, пули етмаганидан мунғайиб турган эди. Дорилар нархини эшитиб, оғир қадамлар билан чиқиб кетганди. Ортидан чиқиб ёрдам бергим келди. Лекин пулимни қизғондим. Ташқарига чиққанимда у онаси билан гаплашиб турган экан. Ҳалиги одам онаси билан гаплашиб бўлгач: “Шунча пулни қаердан топаман? Ё Аллоҳ! Ўзинг йўл кўрсат, деганини эшитиб ҳам индамай кетавердим. Гўё унга пул берсам ўзим оч қоладигандай... Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади” (Бақара сураси, 268-оят) дея огоҳлантирганини билардим. Яна “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом сураси, 160-оят) деган ваъдасини ҳам ўқигандим. Барибир хомлик қилдим. Сал бўлмаса ўша хасислик қилган пулимдан ўн, юз ҳиссаси чиқиб кетадиган бир мусибатга дучор бўлардим. Майли, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам, Аллоҳ имкон берди. Шунинг учун айб у одамдамас, ўзимда, деб билдим...
Ҳа, азизлар! Ҳаётимизда бундай ҳолатларга дуч келиб турамиз. Аввало, биров билан тушунмовчилик бўлиб қолса у одамнинг аҳволини сўрайлик. Балки бирор мусибат ё ташвишда юргандир. Дарҳол тилимизга келган сўзлар билан хақорат қилиб, уришиб кетмайлик. Бунақа вазиятларда шайтон васваса қилишини унутмайлик. Хулоса қилишга шошилмайлик. Ҳазрати инсон деган номга муносиб иш тутайлик.
Акбаршоҳ Расулов