Аксаран воқеа-ҳодисаларнинг,таъриф-тавсифларнинг ва шуларга ўхшаш нарсаларнинг асл моҳиятини дарҳол англай олмади одам. Уларнинг ҳақиқатини англаш учун эса ўша воқеа-ҳодисаларнинг иштирокчиси бўлиш керак. Мана, масалан, таровеҳ намозининг таърифига эътибор қилинг. “Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз «таровеҳ» деб аталади. «Таровеҳ» роҳат-истироҳат маъносидадир. Чунки, мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракъатни ўқиб бўлгандан кейин истироҳат олинади.
Бу таърифни ўқиган одам бедор бўлиб ўқилган намоз қанақасига роҳат бўлиши мумкин? деб ўйлайди. Ҳар тўрт ракатда истироҳат олинади, деганда бир оз муддат нафасни ростлаб, дам олинади. Лекин умумий маънода одам уйқудан қоляпти-ку, деган фикрга келиши мумкин.
Ана шу кайфиятдаги одам таровеҳ намозига қатнашса, хатмул Қуръонни тинглаб кўнгли юмшаса, томирларида оқаётган қонига ажиб бир оҳанг қўшилиб оқа бошлаганини сезса ҳақиқий роҳат-фароғатни қалбан ҳис қилса, ана ўшанда бу таърифнинг тўғри эканига амин бўлади.
Бугун пойтахтимиздаги “Новза” жоме масжидида айнан шу мавзуда суҳбат бўлди.
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати