Жорий йилнинг 16 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказилган футбол турнирининг финал ўйини бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти имом-хатибларидан ташкил топган “Дўстлик” жамоаси ва Тошкент шаҳри имом-хатибларидан ташкил топган “Минор” жамоалари ўзаро тўп суришди. Шиддатли кечган учрашувда “Дўстлик” жамоаси “Минор” жамоасини 8:6 ҳисобида мағлуб этиб, турнир кубогини қўлга киритди.
Финал учрашувида, кўплаб меҳмонлар, жамоалар мураббийлари, ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ташриф буюрди.
Қуйида, ғолиб жамоалар ва турли номинациялар бўйича тақдирланганларни эълон қиламиз:
1-ўрин – “Дўстлик” жамоаси;
2-ўрин – “Минор” жамоаси;
3-ўрин – “Бухорий авлодлари” жамоаси.
Турли номинациялар бўйича тақдирланганлар:
Энг яхши мураббий – Хайрулла Турматов
Энг яхши дарвозабон – Умиджон Содиқов
Энг яхши ҳимоячи – Шавкат Аписов
Энг яхши ярим ҳимоячи – Ғайрат Раҳматуллаев
Энг яхши ҳужумчи – Шухрат Ходжибоев
Энг кўп тўпурар – Саидов Отабек
Энг жонкуяр мухлис – Баҳриддин Шарипов
Эслатиб ўтамиз, навбатдаги турнир Истиқлолимизнинг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилади. Ушбу турнирга, Тошкент шаҳридаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мезбонлик қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Савол: Мен ҳайдовчилик қиламан. Баъзилар менга маълум миқдорда пул бериб, уни бошқа шаҳардаги одамга етказишимни сўрашади. Шу пулдан аввал ўзим фойда кўриб, сўнг айтилган одамга тўлиқ қилиб етказсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Чунки бу омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади. Омонатга олинган пулдан фақат эгаси рози бўлсагина ишлатиш мумкин. Аммо эгаси рози бўлмаса, ёки эгасига билдирмай ишлатилса, бу хиёнат саналади. Омонатга хиёнат қилиш эса, катта гуноҳ ва мунофиқнинг белгиларидан биридир. Бу ҳақда фақиҳ Низомиддин Шоший раҳимаҳуллоҳ шундай зикр қиладилар:
“Омонатдор, вакил ва ғосиб (бировнинг молини зўрлик билан олган кимса)лар молнинг айни ўзини ўзларида олиб қолиб, унинг мислини (қийматини) тўлашлари мумкин эмасдир” (“Китабул-хамсийн” китоби).
Шунингдек, аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ шундай нақл қиладилар: “Омонатга олинган буюм бошқа кишига на омонатга берилади, на қарзга (бепул фойдаланиш учун) берилади, на ижарага берилади ва на гаровга қўйилади. Агар омонатдор улардан бирортасини қилса, жавобгар бўлади” (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, ҳайдовчиларнинг юқоридаги бировнинг омонатидан берухсат фойдаланишлари ва ундан даромад кўришлари шаръан жоиз эмасдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.