Бўлим мудири Хомиджон Ишматбеков
Қабул вақтлари |
Душанбадан Жумагача |
Телефон рақами |
+99871 150-00-24 |
Электрон почта |
|
Бўлим ходимлари мўмин-мусулмонлар ҳаётига, тоат-ибодатларига доир долзарб масалалар ечимини топиш, шаръий фатволар чиқариш билан шуғулланади. Мусулмонларнинг ибодатлар ва диний аҳкомлар, никоҳ, талоқ, байъ, ҳалол ва ҳаром каби масалалар юзасидан қилган мурожаатларини атрофлича ўрганиб, тегишли фатволар беради. Бўлимнинг кейинги йилларда чиқарган бир талай фатволари ибодатларни шаръий тартибга солиш, турли бидъат ва исрофларга чек қўйиш, ихтилофлар ва ўринсиз баҳс-мунозараларига барҳам беришга қаратилди. Булардан “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари”, “Мусибат етган хонадонларга таъзия билдириш ва баъзи маросимлар одоби”, “Талоққа оид айрим масалалар ҳақида”, “Муборак ҳаж ибодатини адо этиш билан боғлиқ масалалар тўғрисида” каби фатволар мусулмонлар ҳаётида сезиларли воқеа бўлди. Айниқса, исломий ақидамиз софлигини сақлаш, турли ихтилофларга барҳам бериш мақсадида чиқарилган “Дин ниқоби остидаги динбузарлар”, “Жума намози ва эҳтиёти пешин ҳақида”, “Тасаввуф пирларига қўл беришдаги баъзи нотўғри ақидалар”, “Тасаввуф ҳақида” каби фатволар мусулмонлар бирлигини, жамият осойишталигини таъминлашда жуда фойдали бўлди.
Бўлим жума мавъизалари учун долзарб мавзуларда тезислар тайёрлаб, республика масжидларига етказиб беради. Ушбу тезислар тўпланиб, ҳар йили алоҳида китоб ҳолида чоп эттирилади.
Ушбу бўлимга турли йилларда Салоҳиддин Муҳиддинов, Фозил қори Собиров, Абдулазиз Мансур, Кимсанбой Абдураҳмонов, Мустафоқул Қораев, Абдуғани Исмоилов, Абдулҳамид Турсунов раҳбар бўлишган. Ҳозир бўлимни Ҳомиджон Ишматбеков бошқаряпти.
Бўлим фаолиятидан лавҳалар:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Аёл киши уйида эрига иқтидо қилиб намоз ўқиса бўладими? Агар жоиз бўлса, аёл қаерда туради?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, аёллар уйда эрлари ёки бошқа эркак маҳрамларига иқтидо қилган ҳолда жамоат бўлиб намоз ўқишлари жоиз бўлади. Бу борада аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай зикр қиладилар:
“Агар имом билан бир аёл намоз ўқимоқчи бўлса, унинг орқасида туради. Чунки аёлни эркак билан бир сафда ёнма-ён туриши эркакнинг намозини бузади. Агар имомдан ташқари бир эркак ва бир аёл бўлса, эркак имомнинг ўнг томонига ва аёл эса, орқасида туради. Агар имомдан ташқари икки эркак ва битта аёл бўлса, икки эркак имомнинг орқасида ва битта аёл уларнинг орқасида туради. Агар эркаклар ва аёллар ҳамда ёш ўғил ва қиз болалар жамоат бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсалар, у ҳолда имомнинг орқасида дастлаб балоғатга етган эркаклар туради. Сўнг балоғатга етмаган ёш ўғил болалар, сўнг балоғатга етган аёллар, сўнг ёш қизлар турадилар” (“Бадоеус-саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази