Қадим замонда бир овчи бўлган экан. У бир куни айиқ боласин топиб олибди ва парваришлай бошлабди. Айиқ кундан-кунга ўсиб, унга ўргана бошлабди. Овчи қаерга борса, уни ўзи билан олиб юрар экан. Одамлар унга эҳтиёт бўлишни тайинлаб, бу қилаётган иши хато эканини айтишибди. Лекин овчи уларга: "Бу айиқ менга одамдан ҳам яхши дўст, у мени ҳар жойда қўриқлайди", деб жавоб берибди. Бир куни улар бирга ов қилиб юришганда овчи чарчабди ва бир дарахт соясида бироз мизғиб дам олмоқчи бўлибди. Айиқ эса ҳар доимгидек уни қўриқлай бошлабди. Шу пайт бир пашша учиб келиб овчига қўнибди. Айиқ уни ҳайдабди. Пашша айланиб яна қўнибди. Айиқ яна ҳайдабди. Бу ҳол бир неча маротаба такрорланиб, айиқнинг жаҳли чиқибди. Катта бир тошни олиб, овчига қўниб турган пашшага отибди. Пашша учиб кетибди, овчи эса тил тортмай ўлибди.
Дўст танлашда ўйлаб иш қилинг. Ота-боболаримиз "Аҳмоқ дўстдан ақлли душман яхши", деб бежиз айтишмаган.
Акбаршоҳ Расулов
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги "Абу Сахий" жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Исро ва меърож воқеаси ҳикматлари” мавзусида маъруза қилиб бердилар.
Ислом тарихидан маълумки, пайғамбарликнинг ўнинчи йилида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бир кечада Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдириб, у ердан осмонларга кўтарди. Бу ҳақда Исро сурасининг 1-оятида бундай хабар берилган: “Ўз бандаси (Муҳаммад)ни бир кечада Масжидул Ҳаромдан атрофини баракотли қилганимиз Масжидул Ақсога олиб борган Зот (Аллоҳ) барча нуқсонлардан покдир. Биз унга оятларимиздан (мўъжизаларимизни) кўрсатиш учун (шу ишни қилдик). Албатта, У эшитувчи ва кўрувчидир”.
Маърузада айтилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонларга жисмлари билан кўтарилганлар. Ҳар осмонда пайғамбарлар ва кўплаб фаришталар билан кўришганлар. У зотга жаннат ва жаҳаннам аҳлининг ҳоли қандай бўлиши кўрсатилган. Сидратул-мунтаҳо – яратилган мавжудотлар илми ва ҳаракати тугайдиган жойга етиб, Аллоҳнинг ғайб оламида кўпгина ажойиботларни кўрганлар. Ўшанда баъзи оятлар нозил бўлган, беш вақт намоз фарз қилинган.
Муфтий ҳазратлари ушбу буюк мўъжизадан олишимиз зарур бўлган айрим ҳикматларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Аллоҳнинг қудрати мутлақо чексизлиги, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мақомлари нақадар улуғлиги, намоз – энг олий мақомда амр қилинган улуғ ибодат экани, имон – ғойибга ишониш экани кабиларни оят ва ҳадислар билан шарҳлаб бердилар.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу буюк мўъжизадан муносиб ибрат олиб, имон-эътиқодда собитқадам, ҳаёт синовларида сабрли, Ўзидан умидини узмайдиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати