frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Қиз фарзанд

27.03.2017   11187   2 min.
Қиз фарзанд

Бир мадрасада дарс берадиган одоб-ахлоқли муаллима бор эди. Ёши ҳам ўтиб борар, эшигига келган совчиларига рад жавобини берар эди. Ҳамкасблари ундан:

– нега турмуш қурмайсиз, ахир сизда Ҳудо берган ҳусн-жамол етарли-ку? – деб сўрашса, у айтарди:

– шу атрофда бешта қизи бор аёл бўлган. Эри унга, агар яна қиз туғсанг, у менга керак эмас, деб таҳдид қилди. Вақти-соати етиб, аёл яна қиз туғди. Бу улуғ неъматга шукр қилиш ўрнига ота гўдакни кўтариб, кимдир олар, деб, хуфтон намозидан кейин масжид эшигини олдига ташлаб келди. Бомдодда келиб қараса гўдак жойида турганмиш, ҳеч ким олмабди. Қайтариб уйига олиб келади. Шу зайлда ота ҳар кун мурғакгина гўдакни масжид олдига ташлаб келар, лекин ҳеч ким олмасди. Етти кун шу аҳволда ўтибди. Онаизор эса Қуръон ўқиб, қизалоғидан айрилиб қолмаслигини Аллоҳдан ёлвориб сўрарди. Ота ҳам зерикиб, гўдакни қайта олиб бормай қўйди. Меҳрибон она эса гўдагидан ажраб қолмаганига жуда қувонибди. Аёл яна ҳомиладор бўлди, яна ўша хавотир…  кўзи ёриди ва ниҳоят ўғил…

Шу орада катта қизи вафот этди.

 Вақтлар ўтиб, аёл яна ҳомиладор бўлди, бу сафар ҳам ўғиллик бўлди. Кўп ўтмай иккинчи қизи ҳаётдан кўз юмди. Шундай қилиб, бирин-кетин яна учта ўғиллик бўлди-ю, кейинги учта қизидан ҳам айрилди. Негадир, ҳар кўзи ёриб, ўғил туғганида биттадан қизи қазо қилаверарди. Ниҳоят, бешта ўғил ва ўша олтинчи қизи қолди. Тақдир тақозоси билан, Она ҳам оламдан кўз юмди.

 Орадан бир неча йиллар ўтди, қизалоқ ҳам болалар ҳам улғайишди, ишлик, жойлик бўлишди.

  Муаллима айтади:

– Ўша отаси менга керак эмас деб, кўчага ташлаб келган қиз кимлигини биласизларми? Ўша менман. Турмуш қурмаганимга сабаб: отам ёлғиз, Ёши ҳам улуғ, мен унга ёрдамчи, шафёр тайинладим, ўзим ҳам унинг хизматидаман. Укаларимга келсак, улар деярли отамни зиёратига келишмайди, келса ҳам бир ойда бир, яна бири икки ойда бир марта келади халос.

Отам менга қилган ўтмишдаги ишларига пушаймон бўлиб, кўп йиғлайди…

“Қисосун алламатниял ҳаят” китоби асосида Муҳаммад Яҳё Муҳаммадхон ўғли тайёрлади.

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Тасаввуф – гўзал ахлоқ

23.06.2026   2256   8 min.
Тасаввуф – гўзал ахлоқ

Тасаввуф илмининг таърифи ҳақида 200 дан зиёд бир бирига яқин маъноли фикрлар айтилган. Шулардан, мўътабар ва бошқа таърифларни ўзида жамловчи баъзи бир таърифларни келтираман.

Шайхул ислом Закариё Ал-Ансорий тасаввуфнинг таърифи ҳақида қуйидаги сўзларни айтадилар:

التصوف: علم تعرف به أحوال تزكية النفوس، وتصفية الأخلاق وتعمير الظاهر والباطن لنيل السعادة الأبدية

Тасаввуф – абадий саодатга эришиш учун нафсни поклаш, хулқларни мусаффолаштириш,  ташқи ва ички дунёни тузатишни ўргатадиган илмдир.

 

Тасаввуфнинг таърифида баъзилар айтадики:

التصوف كله أخلاق، فمن زاد عليك بالأخلاق زاد عليك بالتصوف

Тасаввуфнинг барчаси гўзал ахлоқдан иборат. Кимнинг гўзал хулқи сенинг хулқингдан зиёда бўлса, билгинки у тасаввуф жиҳатидан сендан устундир.

Имом Шозилий раҳматуллоҳ алайҳ тасаввуфни қуйидагича таърифлайдилар:

التصوف: تدريب النفس على العبودية، وردها لأحكام الربوبية

Тасаввуф: Бу нафсни убудият (бандалик) сифатини шакллантиришга машқ қилдириш  ва Роббоний ҳукмларга уни топшириш.

Хулоса қилиб айтганда, инсонни ҳам ички ҳам ташқи дунёсини гўзал бўлишига, шариатдан қасд қилинган комил инсон даражасига кўтарилишига хизмат қиладиган асосий илмлардан бири бу тасаввуф десак хато бўлмаса керак.

Шариатдаги буйруқлар инсонга нисбаттан икки қисмга бўлинади:

1. Зоҳирий амалларга таълуқли бўлган ҳукмлар
2. Ботиний амалларга таълуқли бўлган ҳукмлар.

Бошқача қилиб айтганда инсонни бадани,  жисмига таълуқли бўлган ҳукмлар ва инсонни қалбига таълуқли бўлган ҳукмлар.

Баданга таълуқли бўлган ҳукмлар буйруқ ва қайтариқлардан иборат. Буйруққа мисол: Намоз ўқиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва ҳоказо… Қайтариқларга мисол: Одам ўлдирмаслик, зино қилмаслик, ўғирлик қилмаслик, ароқ ичмаслик ва ҳоказо…

Қалбий амаллар ҳам худди шундай буйруқ ва қайтариқлардан иборат. Буйруқларига мисол:  Аллоҳга, унинг расулларига, фаришталарга, китобларига иймон келтириш, ихлосли бўлиш, хушуъ, таваккул ва ҳоказо… Қайтариққа мисол:  Куфр келтирмаслик, ужуб, риё, ҳасад қилмаслик ва ҳоказо…

Гарчи баданий ва қалбий ҳукмларнинг иккаласи ҳам муҳим бўлсада қалбга таълуқли бўлган ҳукмлар биринчисидан кўра муҳимроқдир. Чунки ботиний амаллар зоҳирий амалларнинг асоси ва пойдевори ҳисобланади. Агар ботиний амал бузилса зоҳирий амалларнинг барчаси фасод бўлади.

Аллоҳ таоло “Каҳф” сурасининг 110-оятида: “Ким Роббисига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Роббисига ибодат қилишда биронтани шерик қилмасин”, деб марҳамат қилган.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг диққатини қалбларини ислоҳ қилишга қаратган эдилар. Уларга: “Инсоннинг салоҳияти, қалбининг салоҳияти, яширин касалликлардан саломатлигига боғлиқ”, дер эдилар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай дедилар:

الا و إنَ في الجسد مضغة  إذا صلحت صلح الجسد كلَه  و إذا فسدت فسد الجسد كلَه الا و هي القلب

“Огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча гўшт бор. Агар ўша тузалса жасаднинг барчаси тузалади. Агар ўша бузилса жасаднинг барчаси бузилади. Огоҳ бўлинг! ўша бир парча гўшт қалбдир”.

Худди шунингдек у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ назар ташлайдиган жой, бу қалб эканини уқтирганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни марҳамат қилганлар:

إنَّ اللهَ لا يَنْظُرُ إِلَى أجْسَادِكُمْ وَلا إِلَى صُوَرِكُمْ وَلكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ

“Аллоҳ сизнинг жисмингиз ёки суратларингизга қарамайди. Лекин сизнинг қалбингизга қарайди”.

 Модомики инсоннинг салоҳияти  зоҳирий амалларнинг манбаси бўлган қалбга боғлиқ экан, уни Аллоҳ қайтарган ёмон сифатлардан тозалаб ислоҳ қилиш ва уни гўзал сифатлар билан безаш лозим экан. Мана шу ишларни қилса, ўша қалб соҳиби қалби салим нажот топувчи кишилардан бўлар экан.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасининг 88-89-оятларида марҳамат қилиб айтадики: “У кунда молу давлат ҳам бола-чақа ҳам фойда бермайди. Фақатгина кимки Аллоҳга салим қалб билан келса, (ўша салим қалб) манфаъат беради”.

Қалбни поклаш ва нафсни тарбиялаш фарзи айнларнинг энг муҳимидир. Аллоҳ таолонинг илоҳий буйруқлари шуни тақозо қилади. Бу ҳақда оят, ҳадис ва уламолар сўз юритганлар.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 33-оятида  марҳамат қилиб айтади: “(Эй,Муҳаммад): “Роббим ошкора ва яширин ёмонликлардан қайтарди”, деб айтгин”.

Ва яна Анъом сурасининг 151-оятида марҳамат қилиб айтади:

“Гуноҳ ишларнинг ошкора ва яширинига ҳам яқинлашманглар”.

Муфассир олимлар оятдаги ички, яширин гуноҳдан мақсад: ҳасад, риё, нифоқ, деб тафсир қилганлар.

Албатта бу иллатлардан қутилиш ва уларни олдини олиш масаласини тасаввуф муолажа қилади.

Ҳадисдан далиллар: Ҳасад, кибр, риёдан қайтарувчи ва гўзал ахлоқлар билан хулқланишга чорловчи барча ҳадислар бизнинг мавзумизга ҳужжат бўла олади.

 Ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон етмиш нечидир шохчадан иборат. Унинг энг олийси “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, унинг энг пастки даражаси, йўлдаги азиятларни олиб ташлаш. Ҳаё ҳам ўша иймоннинг шохчаларидан биридир”, деганлар.

Иймоннинг мукаммаллиги шу шохчаларнинг бир шахсда тўлиқ жамланиши билан бўлади. Иймоннинг ноқислиги эса ўша шохчаларнинг камайиши билан бўлади.

Тасаввуф  айнан манашу шохчаларни инсонда мужассам бўлишида катта рол ўйнайди.

Олимларнинг сўзларидан далил: Уламолар, алоҳида тавбага муҳтож бўладиган қалбнинг касалларидан бўлган гуноҳи кабираларни санаб чиққанлар. Ва буларнинг барини тасаввуф йўналишида муолажа қилишини баён қилиб чиққанлар.

 “Жавҳарату тавҳид” асарида Шайх Бажурий қуйидагиларни айтадилар: “Яхшиликка чақириб, чақимчилик, ғийбат, кибр, риё, ҳасад, тортишув ва жанжалга ўхшаган ёмон ишлардан ўзингни тий. Албатта булар нафснинг айби ҳисобланади. Ва бу дардга учраганларнинг табиби буюк сўфийлар ҳисобланади”.

“Ҳидоятул Алаийя” китобининг муаллифи бу ҳақда қуйдаги сўзларни айтади: “Шариат кўрсатмалари ва олимларнинг ижмоси ҳасад, мусулмонларни таҳқирлаш, кибр, ўзидан ўзи фахрланиб ужубга кетиш, риё, нифоқ ва шунга ўхшаган жирканч ишларнинг ҳаром эканлигига далолат қилгач, бу ишларнинг ҳудуд ва чегараларини билиб олиб, барчасидан четланиш ва узоқлашиш лозим. Бунинг ҳақиқатини эса фақатгина тасаввуф илми баён қилиб беради. Демак, юқорида келтирилган оят ва ҳадиси шарифлардан шу билинадики тасаввуф мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган, муҳум йўналишлардан бири эканлиги келиб чиқади”.

 

Абдулҳодий АБДУРАҲМОНОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Фойдаланилган адабиётлар

1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири -Тошкент. 2009. 546 б.
2. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул бухорий. Байрут: “Муассатур рисолатун ноширун”. 2019. 1904 б.
3. Муслим ибн Ҳажжож ан-Найсабурий. Саҳиҳи муслим. Риёз: “Байтул афкоруд давлийя”. 1998. 1473 б.
4. Алоуддин Обидин. Алҳидоятул Алоийя. Дамашқ: “Доруссалом”. 2003.
5. Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳил балиға. Карачи: “Дорут танвир”. 1998.
6. Муҳаммад Ибн Исъҳоқ Ал-Бухорий Ал-Калабозий. Ат-тарруф лимазҳаби аҳли тасаввуф. Қоҳира: “Туросул араб”. 2000.
7. Шайхул ислом Закариё ал-Ансорий. Шарҳу рисолатил қушайрийя. Дамашиқ: “Дар ан-нуъмон лил улум”. 2000. 584 б.
8. Шайх Мустафо ал-Маданий. Аннусратун набавийя. Мадина: “Дор ал-ҳикма”. 2009.
9. Аллома Ҳамид Сақар. Нуру таҳқиқ. Қоҳира: “Туросул араб”. 2000.