Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жуфти ҳалолларидан бири, онамиз Умму Салама (розияллоҳу анҳо)га чўрилари Хайра ўғиллик бўлгани ҳақидаги хушхабар келиб, мўминлар онаси (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин)нинг қалбларини қамраб олган шоду хуррамлик, онамизнинг нурли чеҳрасида ҳам намоён бўлган эди. Сўнгра, бу хушхабарни эшитгач, чилласини уйларида ўтказиш учун, она-болани олиб келишга тезда одам жўнатдилар. Чунки Хайра Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг ҳузурларида ҳурмат ва эҳтиромга сазовор, қалбдан яхши кўришларини қозона олганидан, янги туғилган чақалоқни кўриш завқи-шавқи онамизда кучли эди. Орадан кўп вақт ўтмай Хайра чақалоғини кўтариб кириб келди. Умму Салама онамизнинг кўзлари болага тушиши билан, қалбларини унга нисбатан меҳрибонлик ва мамнунлик эгаллади. Чақалоқ ҳам унга қараган одамни ўзига ром қиладиган даражада юз-кўзи чиройли, тўрт мучаси соғ ва ширингина эди. Боланинг онасига юзланиб:
— “Чақалоғинга исм қўйдингми?” деб сўрадилар.
Хайра:
— “Йўқ онажон, ўзингиз хоҳлаган исмни қўясиз деб, cизнинг ихтиёрингизга қолдирдим”, деди. Шунда Умму Салама (розияллоҳу анҳо):
— “Яратгандан барака тилаб, исмини Ҳасан қўямиз”, дедилар ва қўлларини кўтариб гўдакнинг ҳаққига дуои хайр қилдилар.
Янги меҳмон хушхабари Умму Салама (розияллоҳу анҳо)нинг хонадонларига қувонч олиб келди. Бу хурсандчиликда уларга Мадинадаги яна бир хонадон аҳли шерик эди. Бу хонадон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиблари Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)нинг хонадони эди. Чунки Зайд ибн Собитнинг хизматчиси Ясор гўдак Ҳасаннинг отаси эди-да. Ясор ҳам улуғ саҳобий ҳузурларида ҳурматга сазовор, у зотнинг муҳаббатларини қозонган эди. Шундай қилиб Ислом тарихида буюк олим Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)номи билан танилган Ҳасан ибн Ясор, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хонадонларидан бирида ўсиб улғайиб, У зотнинг жуфти ҳалолларидан бири Умму Салама номи билан машҳур бўлган, Ҳинд бинт Суҳайлнинг ҳужраларида тарбия топди.
Ҳасан нубувват хушбўйликлари билан муаттар бўлган, унинг нури билан жилвираган шундай муҳитда ҳаёт кечирди. Бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг масжиди шарифларида Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳум) ва бошқа саҳобаларга шогирд бўлиб илм ўрганди, улардан ривоятлар қилди. Буларнинг ичларида мўминлар амири Али ибн Абу Толибга қаттиқ муҳаббат қўйди. У кишининг тақвоси, ибодатидаги эҳсони ва дунё зебу зийнатларига берилмаслиги Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)ни лол қолдирганди. Али ибн Абу Толибнинг етук илмлари ва ҳикматлари, сермазмун сўзлари ва қалбларни ларзага солувчи панд-насиҳатлари уни ўзига ром этди. Шулардан қаттиқ таъсирлангач, у зотнинг ибодат ва тақводаги хулқлари билан хулқланди. Фасоҳат ва баёндаги йўлларида изма-из юрди. Ҳасаннинг ёши ўн тўртга кириб, катталар сафига қўшилгач, ота-онаси билан Басрага кўчиб ўтиб, шу ерда яшаб қолди. Шу сабаб олимнинг исмига Басра шаҳри нисбат берилиб, одамлар орасида Ҳасан Басрий бўлиб танилган.
Ҳасан келган вақтда Басра шаҳри Ислом давлатидаги илм ўчоқларининг энг катталаридан эди. Ундаги катта масжид эса, Басрага келган саҳобалар ва тобеинларнинг улуғлари билан денгиз мисоли тўлқинланиб турарди. Турли илм ҳалқалари масжиднинг ичи-ю ташқарисини обод қилиб, кўркига кўрк қўшар эди. Ҳасан ҳам масжидни ўзига лозим тутиб, уммати Муҳаммаднинг олими ва обиди Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)нинг илм ҳалқаларидан жой олиб, у кишидан тафсир, ҳадис, қироат, фиқҳ, адаб ва бошқа илмлардан таҳсил олди. Кўп ўтмай ўз даврининг етук, забардаст олим ва фуқаҳоларининг бирига айланди. Одамлар унга юзланиб, унинг тўлиб тошган илм булоғидан қониб-қониб симирадиган, қаттиқ қалбларни эритиб, кўзлардан ёшлар оқизадиган ваъз-насиҳатларига жим ўтириб қулоқ тутадиган, ақлларни мафтун этадиган ҳикматларини ёд олиб, тадаббур қиладиган, мушки анбардан хушбўйроқ ахлоқини ўзларига ўрнак қилиб оладиган бўлдилар.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) фазилатлари атроф шаҳарларга ва одамлар орасида тез ёйилиб кетди. Халифа ва амирлар қизиқиб у ҳақда сўраб суриштирадиган, хабардор бўлишга интиладиган бўлди.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) саксон йилга яқин умрини илм, ҳикмат ва маърифат билан ўтказди. Келажак авлодга қолдирган бебаҳо мерослари — асрлар оша қалбларга улфат бўлиб қолган, қалбларни титратиб, таъсирлантирадиган, кўзлардан шошқатор ёшлар оқизадиган, адашганларни Аллоҳга йўллайдиган, бепарво-ғофилларни эса дунёнинг ҳақиқати ва ундаги одамларнинг аҳволи билан огоҳ қиладиган ваъз-насиҳатларидир.
У зот қуйидаги насиҳатлар соҳиби эдилар:
- Аллоҳнинг бандадан воз кечганининг аломати, бу банданинг бефойда нарса билан машғул бўлишидир.
- Бандани орзу ҳаваси узайгани сари иши ёмонлашаверади.
- Динда сен билан мусобақалашадиган киши билан мусобақалаш. Дунёингда сен билан мусобақалашса уни тарк қил.
- Неъматга зикрни кўпайтиринглар. Албатта унинг зикри шукрдир.
- Ахлоқи мақталадиган инсонларни дўст тут. Албатта одамлар орасида бундайлари кам бўлади.
- Икки нарса ҳеч ҳамроҳ бўлмайди: қаноат ва ҳасад. Икки нарса ҳеч ажралмайди: ҳирс ва ҳасад.
- Эй одам боласи, кунинг сени меҳмонингдир. Унда яхшилик қил. Кунингда яхшилик қила олсанг Аллоҳга ҳамд айт. Агар кунингда ёмонлик қилсанг ўзингни айбла.
- Сабр жаннат хазинасидандир. Чунки инсон бир соатлик сабри билан барча яхшиликларга эришади.
- Мўмин киши ўзида имон ва қўрқувни жамлайди. Мунофиқ бузғунчилик ва хотиржамликни жамлайди.
- Кўзим билан бирор нарсага қарасам, тилим билан бирор нарса гапирсам, қўлим билан бирор нарсани ушласам ва оёғим билан бирор жойга юрсам у тоат ёки маъсият эканига қарайман. Агар тоатда бўлса, олдинга юраман. Агар маъсиятда бўлса ортда қоламан.
Маслама ибн Абдулмалик айтади: “Мен Ҳасан Басрийга ҳам қўшни, ҳам суҳбатдош бўлганман. У кишининг сўзи амалига мувофиқ эди. Ҳеч қачон одамлардн таъма қилмас ва Аллоҳ таолога муҳаббати кучли эди”.
Ҳижратнинг 110 йили, Ражаб ойида вафот этган Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг жанозаси жума куни ўқилди. Бу хабардан Басра шаҳри аҳолиси қайғуга ботди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.
Интернет материаллари асосида
Илёсхон Аҳмедов
тайёрлади.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби