Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Октябр, 2026   |   18 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:31
Қуёш
06:50
Пешин
12:12
Аср
15:41
Шом
17:25
Хуфтон
18:39
Bismillah
29 Октябр, 2026, 18 Жумадул аввал, 1448

Суннат намозларининг фазилати

02.03.2017   23358   3 min.
Суннат намозларининг фазилати

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўн икки ракат суннат номозларни бардавом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракат, пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, ҳуфтондан кейин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат”. Имом Термизий ривоят килиб, бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ҳам ҳадис ривоят қилинган деганлар. Сўнгра Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ҳам ҳадисларини келтириб, уни саҳиҳ деганлар. Имом Муслим ҳам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ушбу ҳадисни ривоят қилган ва ҳадиснинг охирида Умму Ҳабиба онамизнинг: “Шундан буён уларни доим ўқийман” деганларини ривоят қилган. Кўриниб турибдики, нафл ибодатларни, хусусан фарзлардан олдинга ва кейинги суннат намозларнинг фазилати жуда улуғ.  Шунинг учун имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида нафл намозларига алоҳада аҳамият қаратилган. Чунки намоз банданинг қиёматда нажот топишга асосий омили. Шундай экан уни ўз вақтида ва мукаммал адо этиш фарздир. Мободо вақтида ўқий олмаса қазосини ўқиш лозим бўлади. Аммо бир инсон қазосини ҳам ўқий олмай вафот этса, Аллоҳ таолонинг фазли ила адо қилинмаган фарзларнинг ўрнини нафллар билан тўлдирилади. Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қиёматда биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар тўла бўлса, тўлиқ деб ёзилади. Агар унда камчилиги бўлса: Қарангларчи, зоя қилган(ўтказиб юборган) фарзларини тўлдирадиган нафлларини топасизми дейди. Сўнгра бошқа амаллар ҳам шунга кўра бўлади”. Деганлар. Мазҳаббошимиз тутган, аждодларимиз асрлар давомида унга оғишмай амал қилиб келаётган йўл нақадар гўзал! Тасаввур қилиб кўринг, эллик йилдан буён намоз ўқиётган инсоннинг уни тўлдирадиган яна эллик йиллик нафл ибодати бор. Аммо афсуски бугун баъзи ёшларимизни суннат намозларига бепарво қарашаётганини кўрамиз. Бунга гўёки ишлари кўплигини баҳона қиладилар. Аммо кўчада дўсти билан соатлаб гаплашишга вақти бор. Ваҳолангки тўрт ракатли намозга бор-йўғи беш дақиқа кифоя. Ушбу мақолани ёзиш асносида бир йигит келиб интернетдан Оиша онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни ўқиганини айтиб, ҳақиқатдан ҳам шундай ҳадис бор-йўқлигини, агар бор бўлса, мазкур ўн икки ракат намозни ўқилиш тартиби ҳақида сўради.

Бугун биз учун одатга айланган суннат намозлари, айни ўша ҳадисда фазилати зикр қилинган нафл ибодатлардир. Уларни бардавом ўқиб юрган инсонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда уй ваъда қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши билган, суннатга мувофиқ ҳаётлари билан бутун дунёга устоз бўлган аждодларимиз бунга аввало ўзлари қаттиқ амал қилишган, қолаверса бизга ҳам буни таълим бериб кетишган. Балки фазилатларини билмагандирмиз, аммо намоз ўқишни ўрганган илк чоғларимизданоқ фарз намозлари билан бирга мазкур суннатларни ҳам қўшиб ўқишни устозларимиздан таълим олганганмиз. Ёшларимиз ҳам илмда, тақвода дунёга устоз бўлган аждодларимизнинг йўлларидан юриб, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилсалар, албатта икки дунё саодатига етишамиз. 

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

“Новза” жомеъ масжиди ноиби имоми А. Собиров.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ҚАШҚАДАРЁДА ДИНИЙ СОҲА ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ

28.10.2026   8874   1 min.
ҚАШҚАДАРЁДА ДИНИЙ СОҲА ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ

2026 йил 28 октябрь куни Қашқадарё вилоятида имом-хатиблар, имом-ноиблар ҳамда отинойилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби олиб борди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов ҳамда Ички назорат бўлими бошлиғи Акбар Дўсматов иштирок этди.
 

Йиғилиш давомида диний соҳа вакиллари фаолиятида ижро интизомига қатъий риоя этиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ҳар бир мурожаатга масъулият ва эътибор билан ёндашиш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш муҳим вазифалардан экани таъкидланди.

Йиғилишда имом-хатиблар, имом-ноиблар ва отинойилар ўз фаолияти давомида аҳолига янада яқин бўлиши, маҳаллаларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириши, оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириши лозимлиги қайд этилди. Шу билан бирга, диний соҳа ходимларидан хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, аҳоли ўртасида бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва маънавий қадриятларни тарғиб қилиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш сўралди.


Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, мурожаатлар билан ишлашда масъулиятни ошириш ҳамда диний соҳа вакиллари фаолияти самарадорлигини янада юксалтириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.



ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

ҚАШҚАДАРЁДА ДИНИЙ СОҲА ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ ҚАШҚАДАРЁДА ДИНИЙ СОҲА ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ ҚАШҚАДАРЁДА ДИНИЙ СОҲА ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон янгиликлари