Неча йиллар олдин бир шер бўлган экан. У қариб ҳайвонларни тутиб ея олмайдиган даражада кучдан қолибди. Очликдан қийналиб, охири бир ҳийла ўйлабди. Ҳайвонлар шоҳи шер касал бўлди, деб жониворларга эълон қилиб, ўзи бир ғор ичига бориб ётибди. Ҳайвонлар навбат билан уни кўргани кела бошлашибди. Шер эса ғорга кирган ҳайвонларни тутиб ея бошлабди. Бу воқеа тезда ўрмонга тарқалибди. Ҳайвонлар нима қилишни билмай қолишибди. Шернинг зиёратига борай, дейишса, борганлардан бирортасининг қайтганини кўришмабди, бормай, деса, шер тузалиб қайтса, унинг ғазабидан қўрқишибди. Шунда тулки: "Мен бориб гап нимада эканини билиб келаман", дебди ва ғорга қараб кетибди. Ғор оғзига бориб ичкарига мўралабди, қараса, шернинг қариганидан юришга ҳам кучи қолмабди. Уни кўрган шер: "Кел, эй тулки, олдимга кир, мен билан бироз суҳбат қил", дебди. Тулки эса: "Шоҳим, жон деб кирардиму, лекин оёғим остига қарасам, ҳайвонларнинг ғорга кирган изларини кўряпман, қайтиб чиққан изларини эса кўрмаяпман, шунинг учун мени маъзур тутасиз", деб орқасига бурилиб кетиб қолибди. Келиб ҳайвонларга кўрганларини айтиб, уларни тинчлантирибди.
Эй инсон, билгинки, тирикчилик шерни ҳам тулки қилади. Лекин тирикчилик учун ўйлаган режанг атрофингдагиларга зиён етказмаслиги лозим. Акс ҳолда, сен ҳам шернинг кунига тушиб қолишинг мумкин.
Акбаршоҳ Расулов
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ