Абдулла Авлоний: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, деган эди. Дарҳақиқат, оилада фарзанд туғилиши билан унинг ота-онаси ва яқинлари, аввало, уни тарбия қилиш ҳақида қайғурадилар. Исмни ҳам яхши инсон бўлсин, деган пок ниятлар билан энг чиройлисини танлайдилар. Олам-олам орзулар, чақалоқни ҳеч нарсадан кам қилмай улғайтириш керак деган мақсадлар билан ота-она фарзанди учун яшай бошлайди. Бироқ асосий моҳиятни баъзан унутиб қўяди. Тарбия...
“Гарчи ҳар бир инсон бешикдан то қабргача илм олиш қобилиятига эга бўлса‑да, лекин уни болаликдан тарбиялаш таъсирлироқ ва жуда муҳимдир”, деган экан Фитрат. Ҳар бир ота-она ана шу фикрни ҳамиша ёдда тутмоғи лозимдир. Бинобарин, мурғак болалар онгига атрофдагиларнинг ҳар бир сўзи, қилаётган ишлари сақланиб, келажакда мустақил бўлганида ана шу хотиралари билан иш юритади. Демак, фарзанд тарбияси учун аввало оила аъзоларининг ўзи ҳам бевосита ўрнак бўлиши керак.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”. Ҳақиқатдан ҳам, фарзандларнинг гўзал одоб билан безанганлиги Яратган наздида муҳим фазилатдир. Ушбу ҳадисни идрок этган ҳолда, ҳар бир ота-ота ўз дилбандининг хулқ-атвори, маънавиятига чуқур эътибор қаратиши, тарбиясини доимо назорат қилиб бориши мақсадга мувофиқдир.
Яна бир муҳим жиҳат – болаларни бекор қолишига йўл қўймаслик керак. Чунки бекорчилик ҳар қандай ёт фикрларга йўл очиб бериши шубҳасиздир. Бу борада ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар”, деганлар. Худди шундай, мазкур ҳадис бугун учун ҳам аҳамиятлидир. Бинобарин, бугунги кунда ҳам соғлиқни сақлаш, хасталикларга чалинмаслик учун бадантарбия қилиш, спорт билан шуғулланиш муҳим ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам ёш авлод вакиллари турли спорт тўгараклари, жисмоний машғулотлар ва мусобақаларга жалб этилмоқда. Ҳар томонлама баркамол, етук ёшларимиз жаҳон минбарларида юқори ўринларни эгалламоқдалар. Демак, ёшларни спорт тўгараклари билан банд этиш бир тарафдан унинг вақтини фойдали машғулотларга жалб этади, иккинчидан эса унинг соғлом ва фикри теран бўлиши учун хизмат қилади.
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий эса тарбиянинг самараси ҳақида қимматли мисрасини битган:
Қатрага чун тарбият этди садаф,
Эл бошига чиққунча топди шараф.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти бундай деган: “Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, имон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир”. Чиндан ҳам, бугун фарзандларнинг бахту саодати, ёруғ келажаги учун юртимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўғил-қизларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши, юксак истеъдод соҳиби бўлиши ота-она ҳамда Ватани олдидаги фарзандлик бурчидир.
Минг афсуски, бугунги кунда кўплаб бузғунчиликлар ва разилликларга сабаб бўлаётган кимсалар учраб турибди. Уларнинг асосий эътиборлари ёшлар онгига қаратилгани ачинарлидир. Оилада етарли тарбия ва меҳр олмаган аксарият ёшларнинг бузғунчи оқимларга кириб қолаётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Ушбу ҳодисаларни кўриб, билиб турган ҳар бир онгли инсон фарзандларини бу хуружлардан ҳимоя қилиш мақсадида аввало тарбия ишларини олиб бориши, айниқса, болалигиданоқ нима ҳалолу нима ҳаром, Ислом динининг мусаффо эътиқодлари ҳақида тушунчалар бериши замон талабидир. Бинобарин, эртанги куннинг эгалари келажак тараққиётини белгилайди.
Хожа Самандар Термизий айтганидек:
Тарбиядан тупроқ гавҳар бўлади.
Ноф ичра қон мушки асғар бўлади.
Қийматсиз қора бир темирни иксир,
Тарбия айлагач соф зар бўлади!
Дилшод СОЛИҲОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом
билим юрти 4-курс талабаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир" (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).
Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир" (Нур сураси, 19-оят).
Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда "Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)", деган қоидани унутмаслик керак.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур" (Ёсин сураси, 65-оят).
Имом Шофиъий айтадилар: "Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.
Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.
Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.
Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: "Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.
Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: "Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.
Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД