Тарихда бир бой савдогар бўлган экан. Унинг бойлиги етти пуштига етар экан. Шунга қарамасдан у ўғлига гилам тўқиш ҳунарини ўргатибди. Бир куни бола дўстлари билан сайрга чиқибди. Пул ундириш илинжида пойлаб юрган қароқчилар уни ўғирлаб, олиб қочишибди. Шаҳар четидаги бир хароба уйга олиб бориб қамаб қўйишибди. Отасига хат юбориб ўғлининг эвазига катта пул сўрашибди. Лекин савдогар пулни беришга шошилмабди. Қароқчиларнинг тоқати тоқ бўлиб, болани ўлдирмоқчи бўлишганда бола уларга шундай дебди: "Мени ўлдирсангиз, ҳеч нарсасиз қоласиз. Агар айтганларимни қилсангиз, мендан фойда кўришингиз мумкин. Менга гилам тўқиш учун ип ва дастгоҳ олиб келинглар. Мен гилам тўқийман, сиз уни бозорга олиб чиқиб сотасиз ва яхшигина пул ишлаб оласиз".
Қароқчилар тез орада биринчи гиламни бозорга олиб чиқишибди. Бозор айланиб юрган савдогар ўғлининг тўқиган гиламини танибди ва бир киши орқали катта пулга сотиб олибди. Уйга келиб гиламни диққат билан текширибди. Ўғли гиламдаги нақшлар орасига ўзи турган жойнинг харитасини усталик билан жойлаштирган экан. Савдогар дўстларини олиб ўша жойга борибди ва ўғлини тутқунликдан халос этибди.
Ҳунар бойга ҳам, камбағалга ҳам бирдек керак экан. Агар бой бўлсангиз, эртаю кеч бойлигингизни сақлайсиз. Агар ҳунарманд бўлсангиз, ҳунарингиз сизни асрайди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Пойтахтимиздаги “Новза” масжидида “Ҳаж – 2026” мавсумининг илк зиёратчиларини кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Юзида қувонч, тилида шукрона билан муқаддас заминга ошиқаётган ҳамюртларимиз зиёратларини эсон-омон адо этиб, юртимизга қайтишини сўраб, дуолар қилинди.
Яқинларини муборак сафарга кузатаётган юртдошларимизнинг ҳам нигоҳида ҳавас ва соғинч туйғулари балқийди: улар ҳам мана шундай саодатли кунлар ва Каъбатуллоҳ зиёрати ўзларига ҳам насиб этишини чин дилдан ният қилган бўлса, ажабмас.
Айтиш жоизки, Ўзбекистондаги 2026 йилги ҳаж мавсуми 2 майдан бошланди. 18 майга қадар ҳар куни мамлакатимизнинг 9 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлардан Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилади.
– Юртимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли сўнгги йилларда мўмин-мусулмонлар исломнинг барча рукнлари, хусусан, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиш бахтига ноил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов. – Хусусан, бу йил ҳам ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, менингит касаллигига қарши эмланди. Уларга расмий ҳаж визалари ва бошқа зарур ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.
Муборак сафар қатнашчиларига гуруҳ раҳбарлари масъул қилиниб, сафар олди машғулотлари ўтказиляпти. Аёл зиёратчилар учун ҳам алоҳида аёл мутахассис ва шифокорлар ажратилган. Шунингдек, ҳар бир зиёратчига “Ҳаж – буюк ибодатдир” қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта, қувватлагич тақдим этилмоқда.
– Қувонч ва ҳаяжонимизнинг чеки йўқ, – дейди зиёратчилардан бири Наби Ваҳобов. – Яратганга беҳисоб шукрки, орзу-армонларимиз ушалмоқда. Ҳаж зиёратига йўлга чиқяпмиз. Биз учун яратилган қулайликлардан беҳад хурсандмиз. Буларнинг барчаси юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган эзгу тамойилнинг амалий ифодаси. Насиб этса, зиёратимиз давомида Аллоҳдан юртимиздаги тинчлик-омонлик, тараққиёт ва фаровонликни бардавом этишини сўраб, дуолар қиламиз.
Макка шаҳрида зиёратчиларнинг асосий қисми бир ҳудуддаги меҳмонхоналарга жойлаштирилади. Шуни ҳам эслатиш зарурки, юртдошларимиз бугунги мураккаб замонда Саудия Арабистони томонидан белгиланган янги қонун-қоидаларга қатъий амал қилиши, огоҳликни ошириши шарт.
Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб турган “Ҳаж – 2026” мавсуми ишчи гуруҳлари ҳамкор ташкилотлар билан бирга меҳмонхоналар, Мино ва Арофот водийларида зиёратчилар ибодатларини бекаму кўст адо этиши учун муносиб шароитлар тайёрлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.
“Халқ сўзи”