Миссионерлик ҳақида сўз юритар эканмиз аввало унга берилган таърифлар ҳақида гапирмасдан иложимиз йўқ. Қуйида миссионерликка нисбатан берилган бир неча таърифларни бериб ўтишга харакат қиламиз:
Миссионерлик - бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш. Буддизмда милоддан аввалги 3-асрдан бошлаб ёйилган, Христианликда миссионерлик 4-асрдан пайдо бўлган. XIII-XVI асрларда христиан миссионерлиги Хиндистон, Хитой, Японияга кириб борди. Католик черкови миссионерлик Испания ва Португалия мустамлака империялари ташкил топгач (ХV-ХVIасрлар), ўз фаолиятини кучайтирди. Миссионерлик Янги ерларни забт этишда мустамлакачиларга ёрдам берди. Католик миссионерларига раҳбарлик қилиш учун папа Григорий XV 1662 йилда Диний тарғибот конгрегациясини таъсис этди. Миссионерлик 19-асрнинг учинчи чорагида, империалистик давлатлар дунёни бўлиб олиш учун кураш олиб борган даврда айниқса активлашди. Христиан миссионерлари Африкада ўз фаолиятларини кучайтирдилар. Миссионерлик муассасалари йирик капитал ва ерларни тасарруфларига олиб, ўз мамлакатлари сиёсатини ўтказишга катта ёрдам берадилар. Ҳозир хам миссионерлар империалистик доиралар манфаатини кўзлаб иш олиб бормокдалар.
Кенг маънода миссионерлик (лот. юбориш, топшириш) бирор динни ўз юртидаги ёки ўзга юртлардаги ғайридинлар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков ташкилотларининг фаолияти ҳисобланади. Миссионерлик босқинчилик урушлари даврида мустамлакачи империяларни барпо этиш ва мустаҳкамлашда идеологик экспансия турларидан бўлган. Миссионерлар ошкора ёки махфий равишда Америка, Осиё, Африка халкдарини забт этишда қатнашганлар. Иезуитлар, францискчилар, бенедиктчилар, доминикочилар ва бопщаларнинг Католик жамоалари миссионерлик билан шуғулланганлар. 1622 йили ташкил топган Диний тарғибот конгрегацияси католик миссионерларига раҳбарлик қилган. Миссионерлар амалда маърифат тарқатиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини монополлаштириб олганлар. Иккинчи жаҳон урушидан кейин миссионерлик янги мустамлакачиликни тарғиб қила бошлади. Рим папаси Пий XII нинг "Фидейи Донум" (1957), Иоанн ХХIIIнинг "Принцепс посторум"(1959), Павел VI нинг "Популорум прогрессио"(1967) энцикликлари миссионерликка бағишланган. II Ватикан соборида (1962-65) миссионерлик масалалари мухокама қилиниб, у ҳақида декрет тасдиқданган. Миссионерлар Осиё, Африка мамлакатларида католик черковининг нуфузини мустахкамлаш мақсадида маҳаллий руҳоний кадрлар тайёрлашга эътибор бера бошладилар. 1978 йилдаги конклавларда
Африкадан 12 кардинал, Осиёдан 9 кардинал иштирок этди. Қатор миссионерлик ташкилотларига эга бўлган протестант черковлари ҳам миссионерлик билан шуғулланади. Протестантларнинг (баптизм, адвентизм ва бошқалар) уюшмалари умумжахон руҳонийлиги принципига амал қилиб, ҳар бир диндордан миссионерлик қилишни талаб этади. Христиан динида миссионерлик ўта ижобий тушунча бўлиб, энг савобли ишлардан ҳисобланади. Католиклик ва Православликда миссионерлик ихтиёрий иш ҳисобланса, Протестантликда бу ҳар бир дин вақилининг бурчи ҳисобланади.
Христиан миссионерлиги ҳақида гапирар эканмиз, илк христиан миссионери Павлусдир. (Dianet. Isnanbul.2002) Чунки миссиянинг ривожланишида Павлуснинг ҳиссаси катта. У умумий Христиан ҳукмронлигида (тарихида) муҳим шахс ҳисобланади. Машҳур Христиан илоҳиётчиси X. Кунг: “Павлус христианликнинг асосчиси. Усиз христианликни тасаввур қилиб бўлмайди”. дейди. Уларнинг ҳаракатлари самараси ўлароқ, 300 йилларга келиб, бу дин бутун Рим империяси, ҳатто Шимолий Африкага тарқаган. Миссионерлар ҳатти-ҳаракатлари натижасида христиан дини Рим империяси давлат динига айланди ва ана шу диннинг янада кенг тарқалишида тарихий аҳамият касб этди. Христиан миссионерлари аста-секин Европанинг шимолий ҳудудларига кириб бора бошладилар, Рим империясининг бутун улкан ҳудудида ҳам христианлик эски динлар устидан ғалаба қозониб, биринчи ўринга чиқиб олди.
Машҳур миссионерлардан Авлиё Патрик 400 йилларда Ирландияда христианликни тарғиб қилиб, христианликнинг бу ерда тарқалишига катта ҳисса қўшди. Бундай миссионерлар кўпинча Рим қўшинлари билан бирга саёҳат қилиб, босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида миссионерлик ишларини олиб боришган. Европада христианликни тарқатишда кўп ҳисса қўшган энг машхур миссионерлардан қуйидагиларнинг номлари машҳур: Авлиё Патрик, Авлиё Бонифаце, Сан Хосе, Авлиё Жан де-Бребеф ва бошқалар.
Миссионерлик фаолияти натижасида христианлик 400-500 йилларда Африкада мустаҳкам ўрнашиб олиб, ўз даври учун анча қудратли бўлган масиҳий қиролликлар пайдо бўлди. Улардан энг машҳури Ҳабашистон империяси бўлиб, у катта ҳудудларни эгаллаб, Арабистон ярим оролининг жанубини эгаллаб олиб, ҳатто Макка шахрини хам босиб олмоқчи бўлишган. Абраҳа воқеаси Ислом тарихида жуда ҳам машҳур. Бундан ташқари Абраҳа воқеаси яна христиан прозелитизмига ҳам мисол бўлиши мумкин. Бу воқеа Христианлик айникса Европада ўз мавқеини мустаҳкамлаб олиб, Рим империяси қулаганидан сўнг ҳам ўз таъсирини йўқотмади. Христиан руҳонийлари императорлардан юқори мақомга эришдилар. Миссионерлик кўп давлатларда сиёсат даражасига кўтарилди. Бу мақсадлар йўлида чексиз уруш ҳаракатлари олиб борилди. Тарихда “Салиб урушлари” номини олган юришлар орқасида ҳам асосан миссионерлик мақсадларини кўзлаган руҳонийлар турганлар. Салиб юришлари 11-13 асрларда Ғарбий Европа феодалларининг Исонинг қабри ва “Муқаддас Ерни” озод қилиш шиори орқали христиан руҳонийлари бутун Европа христианларини оёққа турғиза олганлар ва хар бир христиан бу юришларда қатнашиш ва жуда бўлмаганда бир дона мусулмонни ўлдиришни ўзига шараф деб билганлар. Салиб юришлари 8 марта уюштирилди. (491-690 х, 1098-1291м) Аммо охир оқибат бу уруш христианлик тарихига қора доғ бўлиб тушиб, хозирда христианларнинг ўзлари томонидан бу шармандалик деб бахолансада, барибир унинг христианлик тарқалишида фойдаси бўлди. Миссионерлик бу динда катта бир фан сохасига айланди. Йирик-йирик миссионер мактаблари ва ўкув қўлланмалари яратилган. Миссионерлар учраши мумкин бўлган хар-хил саволларга бирма-бир жавобларни хам ишлаб чиқишган. Бундан ташқари, динга янги одамларни чақириш учун ҳар-хил психологик усуллар, яъни таъсир ўтказиш, тингловчининг хар бирининг индивидуал холатига қараб гапириш, унинг юрак торларини жунбушга келтира олиш усуллари хам мукаммал ишлаб чиқилган. Миссионерлар ўз мақсадлари йўлида ўз вақт ва кучларини хеч аямайдилар. Ҳар бир инсон билан улар соатлаб ўтиришга, унинг дардларини у хоҳлаганича эшитишга тайёрлар. Улар ҳеч қачон бирор янги киши билан сухбат бошлаганларида мен христианман, менинг динимга кир, сенинг амал қилаётган дининг нотўғри, сен залолатдасан, бунақада дўзахга тушасан дейишмайди. Улар доимо аввал салом билан мурожаат этишади, масалан қуйидаги савол билан: Нима деб уйлайсиз, нима учун хаёлимиз муаммолару, ташвишга тўла? “Нима учун дунёда хар-хил касаллигу, бало-офатлар инсоният бошига ёғилмоқда? Нима учун инсонлар ўзларидан сўнг қолиб кетадиган бир парча ер учун қон тўкмоқдалар? Нима учун ён қўшнингиз пиёниста бўлиб кўчаларда ухлаб юрибди? Ахир Исломда ҳам ароқ харом шекилик?” Шундай саволларни берар экан миссонер сиздан жавоб кутади, сиз истаганингизча кутади. Мана шу саволлар, уларга сиз қандай жавоб беришингиз мумкин каби барча масалалар улар томонидан аллақочон пухта ишлаб чиқилган. Турли асрларда миссонер жамоалар кўчиб юриб кўп тажриба орттирганлари оқибатида, улар жавоб топиб бера олмайдиган саволнинг ўзи қолмаган.
1054 йил Христианлик тарихида муҳим воқеа содир бўлди, яъни Католик черкови ичидан биринчи зил кетиш юзага келди. Натижада Рим папаси тасарруфидан ажралиб чиққан Православлик оқими юзага келди. Янги оқим сифатида энди ўз издошлари сонини кенгайтириш мақсадида Православ миссонерлари фаоллашдилар. Католик таъсири кучли бўлган ғарбий Европада улар ўз таълимотларини ўтказа олмасдилар, шунинг учун улар ўз фаолиятларини христианликни янги қабул қилган халқлар, хусусан византияликлар, славянлар, арманлар, грузинлар ва бошқаларга қаратдилар. Православлар олиб борган миссонерлик фаолияти натижаси ўлароқ; славянлар оммавий равишда чўқинтирила бошладилар.
Албатта миссионерлик тарихида католик ва православлик оқимлари катта йўлни босиб ўтишди, аммо бу иккала оқимда хам миссонерлик шахснинг Худо йўлидаги ихтиёрий бир иши эди. 16 асрда католикликнинг ичидан яна бир бор зил кетиши, шундай бир янги оқимнинг пайдо бўлишига олиб келди-ки, у оқим миссонерликни хар бир диндорнинг вазифаси, мажбурияти даражасига кўтарди. Бу оқим Протестантлик оқими эди.
Протестант миссонерлиги жуда хам мураккаб ва сертармоқ феномендир. 16 асрга келиб христианлар орасида янгича фикрлайдиганлар кўпая бошлади. Католик черкови инквизициялар, салб юришлари, индульгенциялар савдолари оқибатида халқ орасида обрусини йўқотиб борар эди. Шундай бир вазиятда, яъни 1517 йил 31 октябрда Виттенбергда Мартин Лютер номли маҳаллий бир руҳоний собор дарвозасига индульгенциялар савдосини танқид килган тезисларини мих билан қоқиб илиб қўяди. Айнан шу кун Протестантлик оқимининг юзага келишига илк қадам бўлганди. Реформация номини олган бундай харакатлар кейинчалик бутун Европани қамраб олди. Махаллий ахоли, майда зодагонлар ва хатто баъзи монархлар хам уларни қўллаб қувватлай бошлашди. Протестантлик хақидаги манбаларда келишича протестант оқимлари орасида миссонерлик билан шуғилланган илк жамоа бу Гернгутерлар жамоаси бўлган. Гернгутерлар жамоаси 1772 йилда Германиядаги Гернгут исмли бир жойда пайдо бўлиб, асосчиси граф Цинцендорф бўлган. Айнан Цинцендорф Голландия, Англия ва Шимолий Америкада ўзок; йиллар миссонерлик фаолиятини олиб бориб, катта жамоа тузишга эришган. Албатта протестантлар илк даврларда миссонерлик фаолиятини ўз юртларидаги, аниқроғи бопша оқимдаги христианларни ўз оқимларига чақириш учун олиб борганлар. 18-19 асрларда протестант миссонерлигининг юқори чўққисига чиқиши Англиянинг колониал сиёсати ва Европада пиетистик харакатларнинг кўпайиши билан боғлик. 1795 йил конгрегациончилар, пресвитерианлар ва англиканлар Лондон миссионерлик
жамиятига асос солдилар. 19 аср ўрталарига келиб протестант миссионерлик ташкилотлари Бельгия, Германия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финляндия, Франция, Швейцария, Швеция ва бошқа Европа давлатларида фаолият юритар эдилар. Шимолий Америкада хам қўплаб протестант миссионер жамоалари фаолият юритарди. Актив миссионерлик фаолияти билан уша даврда кенг тарқалган Библия жамиятилари ва христиан адабиётини тарқатиш билан шуғулланувчи ташкилотлар олиб борардилар. Миссионерлар Осиё, Африка ва Америкадаги Европа колониал экспансияларида пионерлик вазифасини бажариш билан бир пайтда, босиб олинган худудларнинг географик ва этнографик тадқиқот қилиш ишлари ва Европа колониал давлатлари тузумларини ўрнатишда ёрдам берардилар. Миссионерларнинг биринчи авлоди қаторида 19 асрда кўпгина гуманистлар бўлишган. Ушбу миссионерлар қарам қилинган давлатларни ўрганилишида сезиларли хисса кўшишган. Улар ўша халқлар ёзувларини, луғатларини ва дарсликларини яратишда жонбозлик кўрсатишган. Миссионерлар инсон қадами етиши қийин бўлган жойларгача ҳам бориб, у ерда ибтидоий турмуш тарзида яшайдиган халқларни христианликка дават этиш билан бир қаторда ўша халқларнинг тили, дини, урф-одатлари тўғрисида ноёб маълумотлар йиғишган. Илк диншунослар ҳам айнан христиан миссонерлари бўлгани фикримизни тасдиқлаши мумкин. Бундан ташқари улар санитар-профилактик ишларни хам олиб бориб, касаллик ва эпидемияларга қарши курашишар ва бошлангич мактаблар қуришарди. Бундай миссионерлардан бир қанчаларини келтирсак, улардан машҳурлари Р. Моррисон-Хитойда, Д. Вильямс-Тинч океани оролларида, А. Дафф-Х,индистонда, Р. Моффат-Жанубий Африкада, Д. Ливингстоун-Марказий Африкада. 20 асрга келиб халқаро протестант миссионер структуралари юзага кела бошлади. Биринчи бутунжахон протестант миссионерлари конференцияси 1910 йил Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида бўлиб ўтди. Кейинрок эса Халқаро миссиялар кенгаши тузилиб, у ўзининг нашрларига ҳам эга. Бу кенгаш Бутун жаҳон черковлари кенгашига аъзо бўлиб протестант миссионерлигининг йўналтирувчи асосий ташкилотидир.
Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби
А.Алимжонов
Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас
Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.
Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» ояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.
2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:
Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.
Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.
3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.
Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.
4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, “бу очиқ-ойдин сеҳрдир” дедилар» [Соф сураси, 6-оят].
Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.
5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.
6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].
Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].
Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.
Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.
Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.
Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.
7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.
1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].
Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].
Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.
Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].
Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.
2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].
Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].
Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!
Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.
3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.
Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.
Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.
Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага
.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган