ЖИЙДА (Elaeagnus L.) — жийдадошлар оиласига мансуб дарахт ёки бута. Жанубий Европа, Марказий ва Шарқий Осиё, Шимолий Америкада ўсадиган 40 га яқин тури бор.Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистонда жийданинг қарғажийда. (Е. angysti-fola; ёввойи ҳолда ўсади), шарқ жийдаси (Е. orientalis), тиканакли жийда (Е. pungens), кумушсимон жийда (Е. argentea), нон жийда(Е. cdulls) турлари ўсади. Ш а р қ жийдасининг барги оддий, энсиз, кумуш-ранг. Дарахти 8—10 м, шохлари сийрак, тиканли ёки тикансиз. Гули икки жинсли, сариқ, серасал, хушбўй, эфир мойли. Меваси сарғиш, мағизсиз данакли, эти 31,2—88,7%, унсимон, хушхўр. Таркибида 46—65% қанд, 10% оқсил, 1,3% кислота, 200 мг% С витамини мавжуд. Жийданинг меваси янгилигида ёки қуритиб истеъмол этилади. Табобатда ошқозон-ичак касалликларини даволашда ишлатилади. Ёғочидан турли хил буюмлар ясалади, парфюмерия саноатида, гулидан эфир мой олинади.
Жийда қурғоқчиликка чидамли, ер ости сувлари юза ва шўр тупроқларда ҳам ўсаверади. Данагидан, илдиз бачкисидан ва қаламчасидан кўпаяди. Кўчати ўтказилгач, 3—5- йили ҳосилга киради. Май—июнь ойида гуллайди, меваси сентябрь—октябрда пишади. Бир тупи 50 кг гача ҳосил беради. Жийда60—80 йил яшайди. Нон жийда мевали дарахт сифатида экилади, ўрта бўйли дарахт. Сернам ерларда яхши ўсади. Серҳосил. Меваси йирик, мазали, қизғиш-қўнғир рангли. Ўзбекистон ўрмончилик илмий-тадқиқот институтида унинг 20 га яқин нави таърифланган (Қизил Ж., Раъно, Урганч, Хурмой, Тошкент десерти, Чўли қандак, Кизил қандак ва бошқалар). Ҳозирги даврга келиб саноат аҳамиятини йўқотди. Ўзбекистон, Тожикистон ва к ў п г и н а мамлакатларда айримтоморқа боғларида экилади. Кўпроқ йўл ёқалари, канал бўйлари, дала-иҳота ўрмон минтақалари, ташландиқ ерларга экилади. Тупроқни азот билан бойитади. Озиқавий қуввати: 34 кКал ни ташкил этади.
Жийда мевасини узоқ муддат сақлаш мумкин. Пишиб етилганида териб олингач, бир неча ойдан сўнг ҳам ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмайди.
Фойдали хусусиятлари
Жийда таркибида жуда кўп фойдали моддалар мавжуд. Масалан, унинг мевасида калий моддаси мавжуд, бу инсон организмида юрак-қон томирлари тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, ўз навбатида инсульт, инфаркт ва бошқа муаммоли хасталиклари келиб чиқишининг олдини олади. Хушбўй моддалар мавжудлиги унинг бириктирувчи таъсирчанлигига асос бўлади.
Жийда меваси инсонни тинчлантирувчи таъсирга эга ва уйқу дорилар билан қўшиб истеъмол қилинса, уларнинг фаоллигини оширади. Бундан ташқари асаб тизими фаолиятини меъёрга келтиради, ва ғазабланиш, асабийлашувнинг олдини олади. Жийда тинчлантириш фаоллиги билан биргаликда саломатликни мустаҳкамлайди.
Унинг янги узилган мевасини турли пишириқ-десертларга қўшиш мумкин. Бундан ташқари ундан мураббо ва жемлар тайёрлаш мумкин.
Жийда меваси халқ табобатида кенг ишлатилади. Дармон дорилар таркибида унинг меваси билан бир қаторда гули, барглари ва новда пўстлоқлари ҳам ишлатилади. Масалан, мевасининг дамламасидан овқат ҳазм қилиш муаммоларини ҳал этишда, шунингдек, оғиз бўшлиғи касалликларидан фориғ бўлиш мақсадида ғарғара қилиб оғизни чайиш йўли билан фойдаланиш мумкин. Барглари ревматизм, подагра ва радикулитни даволаш жараёнида яхши ёрдам беради. Баргларини яна жароҳат ва яраларга боғлаб, шамоллашни олиш ва жароҳат битишини тезлаштиришда фойдаланилади.
Бундан ташқари жийда мевасидан бавосирни даволашда фойдаланилади. Новдаси пўстлоғидан тайёрланган дамлама қон кетишини тўхтатишда яхши шифобахш воситадир. Мевасининг шарбати безгак ва қон босимини даволаш жараёнида истеъмол қилинади.
Мевасининг қайнатмаси нафас йўллари, безгак ва шамоллаш касалликларини даволашдаёрдам беради. Бундан ташқари, бу қайнатмадан йўғон ичак, ошқозон ва ичак йўлларини даволашда яхши ёрдам беради, шунингдек у ичкетарда ҳам ёрдам беради.
Унинг гуллари ва баргларидан ҳам шифобахш дамлама тайёрлаш мумкин. Бу дамлама қон босимида ва юқори ҳароратни туширувчи табиий воситадир. Шунингдек, у юрак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, колитдан фориғ бўлишда ижобий натижа беради.
Жийданинг зарари ва ножўя таъсири
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар уни истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари тавсия этилади.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
25 январь 2017 йил
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун – Ёшлар куни.
Аввало, шуни айтмоқчиман: Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!
Сизлар илм олиш учун эшиклари очиқ бўлган юртда яшаяпсиз. Илм олишни истасангиз, касб-ҳунар ўрганишни истасангиз ҳам, олий таълим олишни истасангиз ҳам имкониятлар бор. Ота-онангиз тинч осмон остида сизнинг камолингизни орзу қилиб яшаяпти.
Бу неъматларнинг қадрига етинг.
Ҳар бир неъматнинг шукри бўлади. Ёшлигингизнинг шукри – уни Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфлашдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят).
Азиз ёшлар!
Бугун дунё сиз учун курашмоқда. Аммо бу кураш қурол билан эмас, қалбингиз учун курашдир.
Бир томонда муаллим устозларингиз чақиради.
Иккинчи томонда нафс чақиради.
Бир томонда ота-онанинг дуоси.
Иккинчи томонда интернетдаги номаълум одамларнинг чақириқлари.
Бир томонда юртимиз уламолари.
Иккинчи томонда ўзини “ҳақиқат тарафдори” деб кўрсатадиган, аммо аслида ёшларни фитна, ғазаб ва адоват сари етаклайдиган бузғунчи оқимлар.
Улар сизга: “Фақат биз ҳақмиз”, дейди.
Аммо уларнинг ортидан борган қанча ёшлар ота-онасидан, илмидан, юртидан айрилди, энг ачинарлиси эса, хотиржамлигини ҳам йўқотди. Улар бахт излаб чиқиб, бахтини йўқотди.
Ислом эса, инсонни ота-онасига меҳрибон, юртига фойдали, илмга ташна, одобли ва раҳмли бўлишга чақиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлик ҳам мана шу икки неъматнинг энг гўзал давридир.
Бугун телефонингизда биргина тугма билан дунёнинг ҳар хил фикрлари кириб келади.
Аммо унутманг...
Ҳар кўп кузатиладиган одам ҳақ бўлавермайди.
Ҳар чиройли гап жаннатга олиб бормайди.
Баъзан энг хавфли заҳар энг ширин идишда бўлади.
Шайтон ҳам ҳеч қачон инсонни: “Кел, гуноҳ қил”, деб бошламайди. Аввал: “Фақат битта видео кўр”, дейди. Кейин: “Фақат битта шубҳали саҳифани ўқиб кўр”, дейди. Сўнг эса қалб аста-секин нурини йўқота бошлайди.
Бугун сен кимни тинглаётганинг – эртага ким бўлишингни белгилайди.
Ким билан юрганинг – қаерга боришингни белгилайди.
Нимани кўраётганинг – қалбинг қандай бўлишини белгилайди.
Шунинг учун уламоларга маҳкам ёпишинг.
Диёрингиз уламоларига яқин бўлинг.
Жонажон ватанингизни дўст тутинг.
Илм-ҳунарни ҳаётингизнинг энг гўзал лаҳзасига айлантиринг.
Ота-онангизнинг розилигини йўқотманг.
Чунки ота-онанинг биргина дуоси баъзан инсонни дунё ва охират саодатига олиб боради.
Азиз ёшлар!
Ёшлик – ўтиб кетадиган фасл.
Бугун кучли оёқлар бир кун қарийди.
Бугун ўткир кўзлар бир кун хиралашади.
Бугун тез югураётган юрак ҳам бир кун тўхтайди.
Аммо ёшлигингизда ватанингизга қилган бир фидоийлик, бир садақа, бир илм, бир яхшилик Қиёмат кунигача сиз билан қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар: Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралади. Улардан бири “Ёшлигини нимага сарфладинг?”.
Шундай экан, бугун жавобини тайёрлайлик.
Эй ёшлар!
Сиз бу юртнинг умидисиз.
Ота-онангизнинг қувончисиз.
Устозларингизнинг мевасисиз.
Умматнинг эртанги кунисиз.
Шундай экан, ҳеч ким сизнинг пок қалбингизни ўғирламасин.
Ҳеч ким сизни илм йўлидан чалғитмасин.
Ҳеч ким сизни фитнага бошламасин.
Илм билан юксалинг.
Одоб билан безанинг.
Шундай ёш бўлингки, сизни кўрган ота-она: “Аллоҳим, Ўзинга шукур, фарзандимдан розиман Сен ҳам рози бўлгин”, деб дуо қилсин.
Аллоҳ таоло барча ёшларимизни иймони мустаҳкам, илми зиёда, одоби гўзал, ота-онасига садоқатли, Ватанига фойдали ва умматга хизмат қиладиган солиҳ инсонлардан айласин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби